• Вс. Июл 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Марказий Осиёда пестицидлар ва хавфли кимёвий моддаларни бошқариш бўйича ягона минтақавий платформа яратиш таклиф қилинди


«Eco Expo Central Asia 2026» халқаро кўргазмаси доирасида “Ўзбекистонда пестицидлар ва хавфли кимёвий моддаларни бошқариш тизимини мустаҳкамлаш: миллий тараққиёт, ҳамкорлик ва келгуси қадамлар” мавзусидаги сайд-ивент бўлиб ўтди. Тадбир хавфли кимёвий моддалар ва пестицидларни уларнинг бутун ҳаётий цикли давомида бошқариш бўйича миллий тизимни такомиллаштириш масалаларига бағишланди.

Мазкур тадбир Ўзбекистонда хавфли кимёвий моддалар билан экологик жиҳатдан хавфсиз муомала қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни, мамлакатнинг Базел, Роттердам ва Стокголм конвенциялари доирасидаги халқаро мажбуриятларига мувофиқ равишда муҳокама қилиш учун юқори даражадаги платформага айланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Базел, Роттердам ва Стокголм конвенциялари ижрочи котиби Ролф Пает, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии, шунингдек, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

“Бугунги кунда Марказий Осиё ўзаро ишонч, илмий ҳамкорлик, умумий масъулият ва минтақанинг экологик хавфсизлиги барчамизнинг умумий вазифамиз эканини англашга асосланган экологик ҳамкорликнинг янги маданиятини шакллантирмоқда. Биз Марказий Осиёда пестицидлар, хавфли кимёвий моддалар ва чиқиндиларни бошқариш бўйича ягона минтақавий платформа яратишни таклиф қиламиз. Бу мувофиқлаштиришни кучайтириш, билим алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради”, — деди Азиз Абдуҳакимов.

Тадбир давомида иштирокчилар хавфли кимёвий моддалар ва пестицидларни бошқаришга комплекс ёндашувни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Жумладан, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш, мониторинг ва лаборатория назорати тизимларини ривожлантириш, шунингдек, барқарор қишлоқ хўжалиги амалиётларини жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, муддати ўтган пестицидларни инвентаризация қилиш, хавфли чиқиндилар билан муомала қилиш, атроф-муҳитнинг барқарор органик ифлослантирувчи моддалар (POPs ва PFAS) билан ифлосланишининг олдини олиш ҳамда ўта хавфли пестицидлардан фойдаланиш билан боғлиқ хавфларни камайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Техник сессия доирасида FAO вакиллари Ўзбекистонда пестицидларнинг ҳаётий циклини бошқаришнинг яхлит тизимини шакллантириш бўйича ёндашувларни тақдим этдилар. Улар хавфли кимёвий моддалар тўпланиб қолишининг олдини олиш, чиқиндиларни утилизация қилиш инфратузилмасини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалигини юритишнинг хавфсиз усулларини тарғиб этишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот бердилар.

Бундан ташқари, UNDP вакиллари Стокголм конвенцияси доирасида амалга ошириладиган янги лойиҳа бўйича режаларни тақдим этдилар. Мазкур лойиҳа ифлосланган ҳудудлар муаммоларини ҳал этиш ва тўпланган экологик зарарни бартараф этишга қаратилган.

Муҳокамалар якунида келгусидаги ишларнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Улар қаторига хавфли чиқиндиларни утилизация қилиш инфратузилмасини ривожлантириш, мониторинг ва лаборатория назорати тизимларини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигининг хавфли пестицидларга қарамлигини камайтириш ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилишнинг барқарор усулларини кенг жорий этиш киради.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *