• Вс. Июл 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда интеграциялашган АЭС қурилиши қиймати 9,5 млрд доллардан ошмайди — «Ўзатом»


Ўзбекистонда интеграциялашган атом электр станцияси қурилишининг қиймати 9,5 миллиард долларгачани ташкил этади. Бу ҳақда 4 июнь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги («Ўзатом») директори Азим Ахмедходжаев ОАВга берган интервьюсида маълум қилди, деб хабар бермоқда Spot.

Унинг сўзларига кўра, аввалроқ оммавий ахборот воситаларида лойиҳа қиймати ва кичик атом электр станцияларининг қимматлиги ҳақида масалалар кўтарилган. «Ўзатом» раҳбари президент ташаббуси билан ягона инфратузилмадан фойдаланган ҳолда, битта майдончада иккита кичик ва иккита катта реакторни жойлаштириш формати танланганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, бундай ёндашув харажатларни оптималлаштириш имконини беради.

«Биз [2026 йил 24 мартда] имзолаган шартномага мувофиқ, базавий нархимиз 9,5 миллиард долларни ташкил этади. Бу умумий, максимал суммадир», — деди Азим Ахмедходжаев.

Унинг аниқлик киритишича, ушбу суммада маҳаллийлаштириш даражаси ҳисобга олинмаган бўлиб, уни 30 фоизгача етказиш режалаштирилмоқда. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни жалб қилишни назарда тутади ва лойиҳа қийматини янада пасайтириши керак.

Қурилишни молиялаштириш учун Ўзбекистон яқин вақт ичида лойиҳада иштирок этишга қизиқиш билдирган БРИКС Янги тараққиёт банки билан музокаралар ўтказади. Шунингдек, бошқа давлатлар билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

Азим Ахмедходжаев лойиҳани амалга оширишга «маълум бир қисмда» давлат бюджети маблағлари захира қилинишини, бироқ у асосан кредит маблағларини жалб қилиш ҳисобига ҳаётга татбиқ этилишини таъкидлади.

«Биз [лойиҳа қийматининг] 85−90 фоизини [кредит маблағлари шаклида] жалб қилмоқчимиз. „Катта тўртлик“ (Big Four) таркибидаги халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда олиб борган ҳисоб-китобларимизга кўра, агар лойиҳага шунча миқдорда маблағ киритилса, унинг бюджетга келтирадиган самараси 165 миллиард доллардан ошиб кетади. Турдош хизматлар пайдо бўлади, шунингдек, солиқ ажратмалари туша бошлайди. Шу боис ушбу лойиҳа ўта самарали ҳисобланмоқда», — деди «Ўзатом» раҳбари.

Ўзбекистондаги интеграциялашган АЭС макети. Фото: Шахриёр Исмаилходжаев / Spot

Кичик атом электр станциясининг қиймати ва молиялаштирилиши

2025 йилнинг март ойида «Ўзатом» раҳбари Азим Ахмедходжаев Ўзбекистондаги кичик АЭС қиймати 2 миллиард доллардан паст бўлишини маълум қилганди. Ўша вақтда умумий қуввати 330 МВт бўлган олтита реакторли (ҳар бири 55 МВтдан) станция қурилиши кўзда тутилганди.

Ўшанда у лойиҳани Россия маблағларини жалб қилмаган ҳолда, ташқи инвестициялар ва Хитойнинг имтиёзли кредитлари ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилаётганини билдирганди. Давлат бюджети маблағларидан эса минимал даражада фойдаланиш кўзда тутилганди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойи охирида Ўзбекистон ва Россия Жиззах вилоятининг Фориш туманида бўлажак атом станциясининг конфигурациясини ўзгартирувчи ҳужжатларни имзолади. Лойиҳа битта майдончада жойлашадиган тўртта энергия блокни ўз ичига олади: иккитаси ВВЭР-1000 реакторли (ҳар бири 1 ГВтдан) ва иккитаси РИТМ-200Н реакторли (ҳар бири 55 МВтдан) блоклардир. Бундай тарзда жойлаштиришнинг дунёда муқобили йўқ.

Кичик ва йирик АЭСнинг бир вақтда жойлаштирилиши ҳисобига «МВт/с нуқтаи назаридан максимал даражада тежамкор вариант» бўлиши кутилмоқда.

Октябрь ойида АЭС қурилиши дирекцияси директори Абдужамил Калмуратов кичик АЭС лойиҳасининг қиймати 1 миллиард доллардан ошмаслигини, якуний сумма эса шартномада белгилаб қўйилишини маълум қилганди. У, шунингдек, қурилиш давлат бюджетидан молиялаштирилишини таъкидлаган.

«Ҳа, бу — давлат бюджети. Буни давлат қуряпти, бу — тўлиқ Ўзбекистон лойиҳаси. Молиялаштириш манбаси — ўз бюджетимиз. Атом лойиҳаси миллий бўлиши керак», — деганди у.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *