Давлат активларини бошқариш агентлигининг маъмурий биноси электрон аукционга қўйилди.
E-auksion платформасидаги маълумотларга кўра, Миробод туманида (Амир Темур шоҳ кўчаси, 6-уй) жойлашган объектнинг бошланғич нархи 165,5 млрд сўмни ташкил этади.
Тўққиз қаватли бино ва унга туташ қурилмалардаги хоналарнинг умумий майдони 11 008 квадрат метрни ташкил қилади. Объект билан бирга 0,67 гектарлик ер участкаси ҳам берилади, бироқ у доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан эмас, ижара асосида ажратилади.
Бинода сув таъминоти, канализация ва электр таъминоти мавжуд. Газ таъминоти эса йўқ.
Савдоларда иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш 4 июнь куни соат 09:00 да якунланган. Аукцион ўша куни соат 10:00 га белгиланган бўлган, бироқ кейинчалик у ўтмаган деб топилган.
Лот шартларига кўра, бино сотилганидан кейин ҳам дарҳол харидорга топширилмайди. Объект уч йил ичида бўшатилиши керак (эҳтимол, бу барча давлат идораларини кўчириш режалаштирилаётган Янги Тошкентга кўчиш жараёни билан боғлиқ). Янги мулкдор бинодан фақат у амалда топширилганидан кейин фойдаланиши мумкин бўлади.
Ҳужжатларда харидор объектнинг вазифасини ўзгартирмаслиги шартлиги ҳам қайд этилган. Шаҳарсозлик меъёрларига мувофиқ, бинодан офис ва сервис фаолияти учун фойдаланилиши лозим.
