Наманган вилояти Поп туманидаги Чодаксой сойида чўкиб кетган 24 ёшли йигит жасади орадан саккиз кун ўтиб топилди, дея хабар бермоқда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси.
ФВБнинг 31 май куни эълон қилган хабарга кўра, Фарғона вилоятида туғилган 24 ёшли фуқаро 28 май куни туманнинг «Шайхон» МФЙ ҳудудидаги дам олиш маскани яқинидан оқиб ўтувчи Чодаксой сойнинг чўмилиш тақиқланган ҳудудига тушган ва сувга чўкиб, оқиб кетган.
Шундан сўнг вилоят ФВБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Акмалжон Ўринбоев бошчилигида қидирув-қутқарув ишлари бошланган.
Жараёнда туман ФВБ ёнғин-қутқарувчилари томонидан сув устида, бошқарма қутқарув отряди қутқарувчилари томонидан эса сув остида қидирув ишлари узлуксиз олиб борилган.
1 июнь куни Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат юзасидан Поп тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
4 июнь куни йигитнинг жасади сойдан топилган ва тегишли тартибда мутасадди ташкилотларга топширилган.
ФВБ фуқароларни чўмилиш тақиқланган ҳамда хавфли деб белгиланган ҳудудларда сувга тушмаслик бўйича огоҳлантирди.
«Сув ҳавзалари ва сой-каналларда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш инсон ҳаёти ва саломатлигини сақлашнинг энг муҳим омилларидан биридир. Ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини асранг, сувда хавфсизлик қоидаларига амал қилинг», — дейилади хабарда.
