• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Биз Термизнинг боғловчи кўприк сифатидаги ролини тиклаяпмиз». Тошкентда Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди


Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши 4 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтди. Тадбирда Gazeta мухбири қатнашди.

Бу йилги учрашувнинг асосий мавзуси — «Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш». Форум иштирокчилари иқтисодий ва транспорт йўлаклари, қўшма экологик лойиҳалар ҳамда маданий алоқаларнинг аҳамиятини муҳокама қилди.

Gazeta асосий жиҳатларга тўхталади: Ўзбекистон Жанубий Осиё билан алоқалардан қандай фойдаланмоқчи, нега Афғонистонни минтақавий лойиҳаларга жалб қилиш муҳим ва нима учун янги йўллар ўзаро ишончсиз ишламайди?

Термиз мулоқотининг вазифалари

Термиз мулоқотининг асосий миссияси Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантиришдан иборат, деди Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов Gazeta билан суҳбатда.

Элдор Арипов

Тарихан Термиз Буюк Ипак йўли пайдо бўлишидан анча аввал ҳам халқаро савдода муҳим ўрин тутган. Хусусан, машҳур академик Эдвард Ртвеладзенинг кўплаб илмий ишлари Буюк Ҳинд йўлининг мавжудлигига бағишланган.

«Ўтмишда Термиз минтақанинг энг йирик савдо марказларидан бири бўлган, аммо совет даврида унинг транзит функцияси жиддий чекланган. Бугун биз Термизни Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги табиий кўприк сифатидаги тарихий ролини изчил равишда тиклаяпмиз. Харитага қарасак, Марказий Осиё мамлакатларининг денгиз коммуникацияларига чиқиши учун энг қисқа йўл Афғонистон ҳудуди орқали ўтади. Термизни транспорт-логистика ҳаби сифатида ривожлантириш Покистон портларига чиқиш ва жадал ўсиб бораётган кўп миллионли Жанубий Осиё бозорига кириш имкониятини очади», — деди Арипов.

Ўз навбатида, Жанубий Осиё давлатлари ҳам Марказий Осиё бозорига тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга бўлади. СМТИ раҳбарининг баҳолашича, бугунги кунда жисмоний инфратузилманинг етишмаслиги улкан салоҳиятга қарамай, икки минтақа ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар ривожини секинлаштираётган асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда.

Шу билан бирга, Ариповнинг фикрича, Термиз мулоқоти фақат транспорт йўлаклари ва савдо йўналишлари ҳақида эмас, балки бутун минтақанинг барқарорлиги ва изчил ривожланишига инвестиция киритиш ҳақида ҳамдир.

«Афғонистонда инфратузилма, энергетика, таълим ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш орқали биз тинч ҳаёт учун шароит яратамиз, янги иш ўринлари ва иқтисодий ўсиш учун қўшимча имкониятлар пайдо қиламиз. Мамлакат минтақавий иқтисодий жараёнларга қанчалик чуқур жалб этилса, барқарорлик ва тараққиётни қўллаб-қувватлаш учун шунчалик кўпроқ рағбат пайдо бўлади», — деди Элдор Арипов.

Шу билан бирга, Ариповнинг таъкидлашича, яратилаётган йўлакларнинг аҳамияти икки минтақа ўртасидаги ҳамкорлик доирасидан анча кенг. Лойиҳа Яқин Шарқ давлатларида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда — форумда Қатар ва Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши вакиллари иштирок этди. Унинг қайд этишича, бу давлатлар учун мазкур йўлаклар Марказий Осиё ва МДҲ бозорларига қуруқлик орқали чиқиш имкониятини беради.

Арипов қўшимча қилишича, ҳозирги беқарорлик ва анъанавий денгиз йўллари учун хавфлар ортиб бораётган бир шароитда қуруқлик йўналишларига бўлган қизиқиш сезиларли даражада ошмоқда.

Макроминтақанинг рўёбга чиқмаган салоҳияти

Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий ўзаро боғлиқликни тинчлик ва барқарорликка қаратилган кенгроқ кун тартибининг бир қисми сифатида кўриш лозим. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг махсус вакили ва БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (МОПДМ) раҳбари Каха Имнадзе Gazeta билан суҳбатда маълум қилди.

Каха Имнадзе.Каха Имнадзе.

Ҳар икки минтақа ҳам улкан, аммо ҳали тўлиқ рўёбга чиқмаган салоҳиятга эга. Бу жадал ривожланаётган иқтисодиётлар, ёш аҳоли, кенгайиб бораётган бозорлар ҳамда транспорт ва энергетика соҳаларидаги аниқ эҳтиёжларда намоён бўлади. Бироқ, унинг фикрича, фақат инфратузилманинг ўзи етарли эмас.

«Автомобиль ва темир йўллар йўналишларни очиши мумкин. Аммо айнан ишонч, аниқ ва барқарор қоидалар ҳамда изчил сиёсий ҳамкорлик ушбу йўналишларни хавфсиз ва узоқ муддатли қилади», — дея таъкидлади Каха Имнадзе.

Божхона тартиб-таомилларини уйғунлаштириш, транспорт йўлакларини ривожлантириш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва хусусий секторни жалб қилиш бўйича қадамлар нафақат савдо учун, балки МОПДМ раҳбари «энг муҳим таркибий қисм» деб атаган ишончни шакллантириш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

БМТ Бош котибининг махсус вакили одамлар ўртасидаги маданий ва гуманитар алоқаларга алоҳида эътибор қаратишга чақирди. Унинг фикрича, ушбу йўналишни кўпинча нотўғри равишда кун тартибининг «юмшоқ» қисми деб ҳисоблашади.

«Жамиятлар ўртасидаги ишонч — бу стратегик ресурсдир. Усиз иқтисодий йўлаклар мўрт бўлиб қолади, сиёсий келишувлар эса осон заифлашади», — деди у.

Махсус вакилнинг таъкидлашича, Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турган чуқур тарихий, маданий ва интеллектуал алоқалар бугун янгиланишга муҳтож. Бунинг учун академик алмашинувлар, профессионал тармоқлар, ёшлар мобиллиги, маданий мулоқот ва қўшма тадқиқотлар каби замонавий воситалар зарур.

Ҳар икки минтақа катта устунликка — кўп сонли ёш аҳолига эга. Бироқ МОПДМ раҳбарининг сўзларига кўра, бу салоҳият автоматик тарзда ишламайди. Ёшлар, аёллар, тадбиркорлар, олимлар ва маҳаллий жамоалар интеграциянинг шунчаки манфаатдор томонлари эмас, балки унинг бевосита ҳаммуаллифлари бўлиши керак.

Афғонистоннинг макроминтақадаги ўрни

Каха Имнадзенинг фикрича, Афғонистон ўзаро боғлиқлик ҳақидаги муҳокамаларнинг ажралмас қисми бўлиб қолиши керак. Унинг географик жойлашуви — «эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган воқелик». Марказий ва Жанубий Осиё туташган нуқтада жойлашган Афғонистон транспорт, савдо, энергетика ва инсонлар ўртасидаги алмашинувлар учун кўприк вазифасини бажариши мумкин.

Шу билан бирга, ҳамкорлик реалистик, тамойилли ва мавжуд хавфларни ҳисобга олган ҳолда олиб борилиши лозим. Минтақавий интеграциянинг ўзи Афғонистоннинг ички муаммоларини ҳал қилмайди, аммо пухта йўлга қўйилган мулоқот унинг яккаланиб қолишини камайтириши, асосий иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаши ва минтақада барқарор муҳит шаклланишига ёрдам бериши мумкин.

Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш, унинг транспорт боғлиқлигини кенгайтириш ва минтақавий лойиҳаларда иштирокини таъминлаш Марказий ва Жанубий Осиёдаги барча давлатлар манфаатларига жавоб беради, деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев.

«Афғонистон Евросиёдаги минтақалараро ўзаро боғлиқликнинг энг муҳим элементларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу қўшни мамлакатни минтақавий иқтисодий ва инфратузилмавий жараёнларга жалб қилиш тарафдори бўлиб келмоқда. Биз буни кенг минтақамизда узоқ муддатли барқарорликни таъминлашнинг асосий шартларидан бири деб ҳисоблаймиз», — деди Аълоев.

Унинг сўзларига кўра, барқарор ва тинч Афғонистон хавфсизликни мустаҳкамлаш омилига айланади ҳамда қитъа учун янги стратегик имкониятларни очиб беради.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *