Май ойи охирларида Тошкентдаги 275-мактабда ўқитувчи ўқувчини калтаклагани тармоқларда катта резонанс уйғотди. Айримлар ўқитувчи ҳақли эканини айтса (тергов хулосасида «муаллим дарс жараёнини ва ўз касбий шаънини қонуний доирада ҳимоя қилган» деб ҳам топилди), айни замонда бошқалар ўқувчининг ҳуқуқлари бузилганини билдирди.
Gazeta суҳбатлашган мутахассислар воқеа билан боғлиқ янги тафсилотлар билан бўлишаркан, муаммонинг илдизини кўпроқ таълим тизимида ҳал қилинмаётган масалалар билан боғлади. Хўш, улар нималар?
Бу ҳақда қуйидаги видеода батафсил билиб олишингиз мумкин.
Қайд этиш керакки, ҳодиса ортидан тан жароҳати олган 9-синф боласи шифохонага ётқизилган. Ўқитувчига нисбатан аввалига жиноят иши қўзғатилиб, кейинроқ у иш тугатилган.
Бундай воқеа мамлакатда илк марта бўлаётгани йўқ: ўқитувчи ўқувчини уриши ёки тескариси — ўқувчилар ҳам ўқитувчига қўл кўтариши ҳолатлари учраб туради. Муаммонинг сабаблари нимада? Ўзи педагог ва бола ўртасидаги муносабат қандай бўлиши керак?
Gazeta шу каби саволларга жавоб топиш учун болалар шифокори Муаззам Иброҳимова, таълим масалалари бўйича эксперт Комил Жалилов ҳамда оила психологи Манижа Маликий билан суҳбатлашди.

Бир эмас, икки ўқувчи калтакланган — тафсилотлар
Болалар шифокори Муаззам Иброҳимова ҳолатни суриштириб, жараёнда 2 нафар бола калтакланганини аниқлаган. У кўрсатув аввалида тафсилотларни Юнусобод тумани 1-сонли шаҳар болалар клиник шифохонасига бориб билганини айтди.
— Онаси ичкарида экан. Тўғриси, ўша кўриш жараёнида, агар кадрда қараган бўлсангиз, ўрнидан турғизиб, юрғизганман. Тиббиёт, неврологияда атакциясимон (ҳаракат координациясининг бузилиши — таҳр.) ҳаракатлар дейди бизда, масалан. Атакциясимон ҳаракатларда одам юра олади, лекин ўша ҳаракат давомида оёқ титраб кетиши мумкин. Шунга эътибор бердим. Бола ростдан ҳам қўрққан ва қўрқиш жараёнида вақтинча гапиролмай қолади, шунақа болалар бор. Бу ҳеч қанақа ёлғонмас эди, бу ўйин эмас, боланинг клоунлиги эмас. Мана, ҳозир ижтимоий тармоқда катта-катта ўқитувчилар ёзяптики, «ўйин қиляпти, мана, кўрмаяпсизларми, орқага қанақа қадам ташлаяпти» деб. Атакциясимон ҳаракатларда бола олдинга қадам ташлаганда оёқ титраб кетади, шундан билса бўлади.
Шифокор ситуацион стресс деб диагноз қўйди. Мана, болалар психологи билса керак, ситуацион стресс қанақа бўлади? Маълум бир воқеликда бола стрессга тушиб қолади. Бирор жойи ёрилиб, кўкариб, қийшайиб кетмаслиги, гематома, оғир мия жароҳати бўлмаслиги мумкин, лекин бола ростдан ҳам стрессга тушиб қолади. Бу — 15 ёшли бола, тўққизинчи синфни битираётган бола.

Иброҳимова вазиятда икки томоннинг ҳам айби борлигини билдирди.
— Бир томонда ҳақиқатан ҳам шўх болалар бўлса, иккинчисида дарсини вақтида бошламаган педагог ҳам бор. Ўқитувчи дарсга кечикиб кирмасдан олдин сув сепиш бошланган. Бир-бирининг устидан сув қуйиб ўтиришган. Ўқитувчи дарсга кеч кирган, ўтирган ва шу жараёнда дарсни ҳали бошлагани йўқ. Агар дарс бошланган бўлганда, қолган болалар жим ўтиришган бўларди, ё қолган болаларда тартиб бўларди. Кўрсангиз, столнинг устида ичимликлар турибди, бошқа турибди, қолган болалар ҳам ҳиринглаб ўтиришибди. Ва шу жараёнда ўқитувчи чақиряпти, Ҳасан (калтакланган болаларнинг иккинчиси, ҳозирда шифохонада — таҳр.) чиқиб, кечирим сўраган.
Ризқиддин (видеода калтакланган қора кийимдаги бола — таҳр.) сал қилиқ қилиб, яна бошидан сув қуйган. Айтяпман-ку, ҳеч қайси бирини оқламайман. Буниси тартибни бузган, бошқаси ошириб юборган.
Қайд этилишича, айни иш судда кўриб чиқилаётганда воқеликка гувоҳ ўқувчилар билан гаплашилмаган, ота-оналар эшитилмаган, уларнинг муносабати инобатга олинмаган.
«Бу — мактаб таълим тизимининг хатоси»
Таълим бўйича мутахассис Комил Жалилов айни кейс фонида тизимли муаммолар ҳамма даражада кўриниб қолганини айтмоқда. Жалилов бу муаммоларни учга: мактаб таълими, ўқитувчиларни касбга тайёрлаш ҳамда жамият даражасида бўлади.
— Мактаб даражасида қанақа муаммо? Кўп давлатларда шунақа тизим борки, агар дейлик, ўқувчи қанақадир қилиқлар қилиб дарсга халақит берадиган бўлса, бу билан ўқитувчи шуғулланмайди. Бу билан махсус одамлар шуғулланади. Яъни ўқитувчи ўша махсус одамларни чақиради. Улар, масалан, баъзи мактаб, баъзи таълим тизимларида detention room (интизомий жазо хонаси — таҳр.) дейилади. Дейлик, ўша махсус хонага олиб боришади, ўша ерда у билан суҳбатлашишади ёки ўша ерда ушлаб ўтиришади. Айрим давлатларда қанчадир муддатга ўша дарсдан ёки умуман мактабдан четлатишади, ота-оналар билан суҳбат олиб боришади. Бу муаммони misbehaviour (ножўя ҳаракат — таҳр.) дейишади, яъни ўзини нотўғри тутган болалар билан ўқитувчи шуғулланмайди.
Иккинчидан, бу ҳолатда ўқитувчи [бола билан] якка қоляпти. Бу — тизимнинг, мактаб таълим тизимининг хатоси. Яъни ўқитувчини бунақа шўх, ўзини нотўғри тутадиган болалар билан ёлғиз қолдирмаслик керак. Ва бизда яна битта муаммо борки, ўқитувчиларнинг қўлида болага нисбатан ҳеч қанақа таъсир чораси йўқ. Икки қўя олмайди, барибир ўша мактаб раҳбарияти босим қилиб, бошқа қилиб, учни қўйдириб олади. Болани синфдан синфга қолдира олмайди, бу механизм ишламайди. Бола, масалан, эртага институтга кираман деса, мактаб унга ҳеч қанақа таъсир кўрсата олмайди. Яъни мактаб баҳолари ҳам унчалик катта роль ўйнамайди. Бориб, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигида миллий сертификат топширса, ўша билан кириб кетади. Мактабнинг ўзи ҳам ҳеч қанақа роль ўйнамайди. Ва бола буни жуда яхши билади.

Боланинг дарсда ўзини бундай тутиши бошқа муаммога сигнал бўлади, ҳозирги ўқувчиларни информация билан алдаб олиб ўтириб бўлмайди. Мактаб таълими ўз вазифасини қайта кўриб чиқиши лозим.
Ўқитувчиларни тайёрлаш ва уларни баҳолаш системаси билан боғлиқ муаммо нимада? Мана, бизда ўқитувчиларни тайёрлаётганда ўқитувчига дарсдаги мана шунақа конфликт вазиятларда ўзини қанақа тутиши керак, мана шунақа болалар билан қанақа усул қилиш керак, қанақа ишлаш керак — ўргатилмайди. Конфликтология деган фан йўқ. Ёки, умуман, педагогни тайёрлаётганда болалар психологияси ёки педагогик психология деган фанлар ҳам ё ўтилмайди, ё номига ўтилади. Яъни ўқитувчи билмай чиқади ва, биласиз, ўша аттестация тизими ҳам, бошқаси ҳам ўқитувчининг фақат фан бўйича билимини текширади. Синф билан қанақа ишлайди, бола билан қанақа ишлай олади, боланинг кўнглига қанақа йўл топа олади, буларни ҳеч ким текширмайди.
Комил Жалилов жамият даражасидаги муаммони тушунтиришга уринаркан, одамлар нега мактабга бориши ва таълим олишини яхшироқ англаб олиши зарурлигига тўхталди.
Яъни мактаб таълими ҳам болаларни нимага мактабга олиб келаётганини билмайди. Бундан ташқари, бола ҳам билмайди: ўзи мактабга нимага боряпти? Яъни бу — жамиятдаги катта муаммонинг кичик бир кўриниши. Бизда жамиятга қарасангиз, кўпчилик куним ўтса бўлди қабилида яшайди. Куним ўтса бўлди ёки хаёли Россияга бориш, ҳозир кўплар яна Европага чиқяпти, трак ҳайдаяпти, бошқа қиляпти. Яъни шу билан кунини ўтказиш. Жамиятда бир аниқ мақсаднинг йўқлиги, бу хоҳлайсизми йўқми, болаларга ҳам, мактабга ҳам таъсир қилади.
«Бола ўзини қандай тутишидан қатъи назар, жисмоний зўравонлик қўллаб бўлмайди»
Маълумотларни қайта эсласак, жанжал 2010 йилда туғилган ўқувчи ҳамда 2002 йилда туғилган ўқитувчи ўртасида юзага келган. Оила психологи Манижа Маликий бунда эътиборни икки субъектнинг ёшидаги фарқига қаратди.
Унинг тушунтиришича, катта одамнинг ҳали вояга етмаган шахсни калтаклашини қабул қилиб бўлмайди: бу ердаги баҳс айнан шу ердаёқ тугаши керак эди.
— Ўқитувчи — вояга етган инсон. Яъни у тўрт йил, беш йил тайёргарлик кўради ва олдида қанақа инсон турганини билиши керак. Яъни у ўсмир турганини, ким билан ишлашни билиб, ўшанга қараб ҳаракатланиши керак. Агар ёшига келсак, айнан 16 ёш — ўсмирлик даврининг энг чўққисига чиққан пайт, бу пайтда, айниқса, тестостерон, кортизол гормонлари жуда ҳам ошган бўлади. Яъни мен ўзимни ўсмир билан тенг қила олмайман. Улар жуда ҳам сезгир, яъни ҳиссиётларга берилган бўлади. Уларда организм шунақа ишлайди. Физиологияни бошқариш, ҳа, [улар] бошқара оладими? Йўқ. Ўзини назорат қила олмайди, у хоҳласа ҳам қила олмайди.

Нимага десангиз, префронтал қобиқ мияда жойлашган, у ҳали унча ривожланмаган. Бизда 21−22 ёшга келиб, у тўлақонли ривожланиб бўлган бўлади. Хўп, у тўғри, ўзини кўрсатган бўлиши мумкин, ўзига эътибор тортган бўлиши мумкин. Ё уйда, дейлик, муҳит шунақа бўлиши мумкинки, уйда кўрсата олмайди, келиб мактабда кўрсатган бўлиши мумкин қилиғини. Лекин бу ўқитувчининг қилган хатти-ҳаракатларини оқламайди. Нега десангиз, ўқитувчи бу барибир ўқитувчи, кўчадаги инсон эмас.
Иккинчи тарафи — ўқитувчининг ҳолати. Мен шуни сездимки, эмоционал чарчоқ. Йилнинг охирига келиб, ўқитувчиларни кузатяпман, уларда чарчоқ бор. Табиийки, болаларда ҳам бор, ўқитувчида ҳам бор. Ҳақиқатдан бола кўп, босим кўп. Лекин барибир ҳам [бун ҳолатда] жисмоний зўравонликни қўллаб бўлмайди. Чунки бириси бола, бошқаси эса катта одам.
Мутахассиснинг таъкидлашича, мактабларда психологлар штати жуда кам: 700 ёки 1,5 минг нафар болага атиги 1 нафар психолог ишлашига тўғри келади. Манижа Маликий тизим билан боғлиқ бундай муаммолар ҳам кўриб чиқилиши лозимлигини қайд этди.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.