Франкфурт Майн шаҳрида Ўзбекистон фуқароларини Германия меҳнат бозорига тартибли ва хавфсиз жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда ўзбекистонлик мутахассислар учун Германия визасини расмийлаштириш жараёнининг узоқ давом этаётгани асосий мавзулардан бири бўлди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.
Учрашув Франкфурт Майн шаҳри Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтди. Унда палатанинг халқаро муносабатлар бўйича директори Юрген Ратцингер, ташкилот масъуллари ҳамда Германиянинг хизмат кўрсатиш соҳасидаги йирик компанияларидан бири — WISAG раҳбарияти иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан тадбирда Миграция агентлигининг Германия бўйича фахрий вакили Гулнора Салимова ҳамда вице-консул Бекзод Абдуллаев қатнашди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистонда кадрларни Германия меҳнат бозори талабларига мос тайёрлаш, немис тилига ўқитиш ва уларни ташкилий тарзда ишга жойлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, учрашув иштирокчилари мутахассислар учун Германия визасини расмийлаштириш жараёни кўп вақт олаётганини қайд этди. Томонлар фикрича, бу ҳолат ишга жойлаштириш жараёни суръатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан палата вакиллари мазкур муаммони бартараф этиш бўйича чоралар кўришни таклиф қилди. Германия томони ўзбекистонлик фуқаролар учун виза расмийлаштиришда кузатилаётган тизимли муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал қилиш имкониятларини кўриб чиқишини маълум қилди.
Учрашувда WISAG компанияси вакили Небойша Бискуп ҳозирда Германияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ишчиларнинг малакаси, меҳнат интизоми ва касбий тайёргарлигини юқори баҳолаб, ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирди.
Музокаралар якунида немис тилини ўзлаштирган ўзбекистонлик мутахассислар ҳақидаги маълумотларни Германиядаги ҳамкорларга тақдим этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди. Бу меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Миграция агентлиги яқинда фуқароларни чет элга ишлаш учун фақат қонуний йўллардан фойдаланишга чақирган эди. Агентлик Германияда ўзбекистонликлар учун сохта виза ва ҳужжатлар тайёрлаган жиноий тармоқ фош этилгани ҳақида хабар берган. Германия прокуратураси маълумотларига кўра, гумонланувчилар камида 76 нафар Ўзбекистон фуқароси учун қисқа муддатли Шенген визаларини олишда иштирок этган бўлиши мумкин. Тергов версиясига кўра, Германияга киргандан кейин айрим шахсларга сохта Европа Иттифоқи ҳужжатлари тақдим этилган.