Навоий вилоятининг Нурота туманида Tico ва Sinotruk русумли юк машинаси иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ хабар бермоқда.

Ҳодиса 3 июнь куни соат 08:30 лар атрофида Нурота тумани Тинчлик маҳалласи ҳудудидан ўтувчи D-191 Қизилқум ҳалқа йўлининг 86-километрида содир бўлган.

Маълумотларга кўра, Tico ҳайдовчиси иккинчи даражали йўлдан ҳаракатланиб келиб, асосий йўлда ҳаракатланаётган Sinotruk юк машинасига йўл бермасдан чиққан. Оқибатда енгил автомобиль юк машинаси билан тўқнашган.

ЙТҲ оқибатида Tico ҳайдовчиси тан жароҳатлари олган. У туман шифохонасининг жонлантириш бўлимига олиб борилган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган.

Ҳодисадан сўнг маҳаллий аҳоли билан учрашув ўтказилиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, сайёр қабулда фуқаролар томонидан йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича билдирилган таклифларни амалга ошириш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти Узун туманида Damas ва Nexia иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида икки киши ҳалок бўлган эди. Автомобилларни ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган 17 ва 20 ёшли шахслар бошқарган. Қолган иштирокчилар турли даражада жароҳат олган.