• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда Ҳарбий-ҳаво кучларининг Жанговар қўмондонлиги ташкил этилмоқда


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда мудофаа соҳасидаги айрим масалалар бўйича тақдимот билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Сўнгги йилларда ҳаво сарҳадларини мустаҳкамлаш ва чегаралар дахлсизлигини ҳимоя қилиш мақсадида Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий-ҳаво кучлари изчил ислоҳ қилинмоқда, дейилади хабарда.

Ислоҳотлар натижасида қўшинлар замонавий авиация техникаси, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва учувчисиз учиш аппаратлари билан жиҳозланмоқда. Бундан ташқари, амалий парвоз машғулотлари кўлами бир неча бор оширилиб, авиация бўлинмаларининг жанговар шайлиги мустаҳкамланмоқда.

Тақдимотда замонавий билим ва кўникмаларга эга миллий кадрларни тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Президент ташаббуси билан Қарши шаҳрида жойлашган Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети Ҳарбий авиация институтининг ўқув-моддий базаси халқаро таълим стандартлари асосида жиҳозланди.

Институт замонавий ўқув тренажёрлари, моделлаштириш ва симулятсия воситалари билан таъминланди. Назария ва амалиёт уйғунлигига асосланган машғулотлар курсантларга авиация соҳасини чуқурроқ ўзлаштириш имконини бермоқда. Курсантлар амалий кўникмаларини «Хонобод» аэродромида тажрибали мутахассислар кўмагида мустаҳкамламоқда.

Тақдимотда, шунингдек, ҳаво сарҳадларини ҳимоя қилишнинг янги тизимини жорий этиш ҳамда авиация бўлинмаларини замон талаблари асосида қайта ташкил этиш бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирлар ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, ушбу чора-тадбирлар Ҳарбий-ҳаво кучларининг жанговар қобилияти ва амалий имкониятларини янада ошириш, қўшинларнинг тезкорлиги, ҳаракатчанлиги ва замонавий таҳдидларга муносабат билдириш салоҳиятини кучайтиришга қаратилган.

Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида президент ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, юқори аниқликдаги қуроллар ва ҳарбий авиацияга оид «тарихий фармон»ни имзолаганини маълум қилди.

Мудофаа вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, ҳужжатга мувофиқ, мавжуд қўмондонлик негизида замонавий рақамлаштирилган бошқарув тизимига эга Қуролли Кучлар Ҳарбий-ҳаво кучларининг Жанговар қўмондонлиги ташкил этилади.

«Шу билан бирга, юқори аниқликдаги қуролларга эга авиация техникалари, учувчисиз авиация комплекслари билан қуролланган янги бўлинмаларни ташкил этиш орқали Ҳарбий ҳаво кучларининг жанговар қобилияти ва имкониятларини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда», — деди Шуҳрат Холмуҳамедов.

У фармон ҳарбий авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаларининг салоҳиятини кучайтириши лозимлигини таъкидлади.

«Шубҳасиз, ушбу фармон Ҳарбий авиация ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаларининг жанговар имкониятларини икки баробарга ошишига, шунингдек, муҳим ва стратегик объектларни ҳаво зарбаларидан ҳимоялаш қобилиятини янада кучайтиришга хизмат қилади», — деди мудофаа вазири.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *