2026 йил 5 июнь куни Хитойнинг Шенчжен шаҳрида Huawei ICT Competition 2025-2026 глобал финали ғолибларини тақдирлаш ва тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Бу маросим АКТ соҳасидаги иқтидорлар ўртасидаги рекорд миқёсдаги мусобақага якун ясади. Қизғин кечган мусобақалар сўнгида Ўзбекистон талабалари Huawei ICT Competition амалий танловида (Practical Competition) қуйидаги фахрли ўринларни эгаллади:
— Тармоқ йўналишида (Network Track) 1-ўрин – Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) талабалар жамоаси;
— Булутли ҳисоблаш йўналишида (Cloud Track) 3-ўрин – ТАТУ, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети талабаларидан иборат жамоа.
Жорий йилда бўлиб ўтган 10-мавсум Huawei ICT Competition танловида 100 мамлакат ва минтақанинг 2000 дан ортиқ олий таълим муассасаларидан 220 000 дан зиёд талаба ва ўқитувчилар иштирок этди, жумладан Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари вакиллари ҳам қатнашди. Бу эса мусобақани тарихдаги энг кенг кўламли танловга айлантирди. Миллий ва минтақавий саралаш босқичларидан сўнг 49 мамлакат ва минтақадан 177 жамоа глобал финалга йўлланма олиб, совринларни қўлга киритди. Марказий Осиё ва Кавказдан Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркманистон талабалари ҳам мусобақада иштирок этиб, қуйидаги совринларга сазовор бўлди: Қозоғистон жамоалари – Тармоқ йўналишида 2-ўрин ва СИ Инновацияси (AI Innovation Track) йўналишида 3-ўрин; Туркманистон жамоаси – Тармоқ йўналишида 3-ўрин. Фақат қизлардан ташкил топган Озарбайжон жамоаси эса технологик йўналишдан ташқари ажойиб ютуқлари учун “Women in Tech Award” махсус мукофотига лойиқ топилди.
Тақдирлаш маросимида 11 мамлакат дипломатик ваколатхоналари вакиллари – элчилар, бош консуллар ва маслаҳатчилар иштирок этди. Ўзбекистон Республикасининг Гуанчжоудаги Бош консуллиги делегацияси ҳам маросимда қатнашди.

Ёпилиш ва тақдирлаш маросимида Huawei компаниясининг АКТ йўналиши стратегияси ва бизнесни ривожлантириш департаменти президенти Ричи Пен (Ritchie Peng) шундай деди: “Ушбу танлов компаниямизнинг технологияларни эзгу мақсадларда қўллаш ҳамда ижтимоий ва экологик барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш борасидаги азалий мажбуриятини акс эттиради”. Унинг қўшимча қилишича, инновацион танлов ҳақиқий муаммоларни ҳал этиш воситаси сифатида «мусобақа орқали ўрганиш» тамойилининг қадр-қимматини намойиш этди. Амалий танлов ва дастурлаш танлови иштирокчилари ўзларининг садоқати, билимга чанқоқлиги ва чуқур техник билимлари билан ажралиб турди.

ЮНEСКОнинг таълим соҳасида технологиялар ва сунъий интеллект бўлими раҳбари доктор Шафика Айзекс ЮНEСКО ва Huawei ўртасидаги ҳамкорликни юқори баҳолаб, иштирокчиларни мусобақадаги улкан муваффақиятлари билан табриклади. У сунъий интеллект келажаги ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, академик доиралар ва саноат ўртасида ҳамкорликни талаб қилишини таъкидлади. Шунингдек, ЮНEСКО ва Huawei араб мамлакатларида сунъий интеллект бўйича салоҳиятни ривожлантириш дастурлари ҳамда Марказий Осиё ва Кавказда АКТ таълими бўйича ҳамкорлик лойиҳалари каби ташаббуслар устида биргаликда ишлаётганини қайд этди. Бу саъй-ҳаракатлар олий таълим ва касб-ҳунар тайёрлаш тизимларини мустаҳкамлаш ҳамда келажак чақирувларига тайёр мутахассисларни тарбиялашга қаратилган.
Доктор Шафика Айзекс Huawei ICT Competition танлови ҳақида гапирар экан, бу йилги талабалар турли маданиятлар нигоҳи орқали янги технологияларни қўллаган ҳолда реал вазифаларни ечиш қобилиятини намойиш этганини қўшимча қилди. У нафақат ижодий ёндашув, балки технологияларга масъулиятли муносабат ҳам намойиш этилганини, мана шу нарса технологик таълимнинг мақсадини ўзида мужассам этишини таъкидлади.

Жорий йилги глобал финал доирасида Huawei компанияси “AI Accelerating Education Transformation Summit” (Сунъий интеллект ёрдамида таълим трансформациясини тезлаштириш саммити) ҳам ўтказди. Унда профессор-ўқитувчилар ва соҳа экспертлари сунъий интеллектнинг таълим соҳасидаги ўзгаришлар ва инновациялардаги роли ҳамда саноат ва академик доиралар ўртасидаги илғор ҳамкорлик тажрибаларини муҳокама қилиш учун бирлашдилар.
Саммитда Huawei компанияси “ICT Academy AI Course Solution” (АКТ Академияси СИ курси ечими) – университетларни сунъий интеллект соҳасида комплекс таълим траекторияси билан таъминлаш ва ушбу соҳа бўйича мутахассисларни оммавий тайёрлашни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган ечимни тақдим этди. Шунингдек, “ICT Skills Development Insight Report with Recommendations for Nine Countries of Central Asia & the Caucasus” (Марказий Осиё ва Кавказнинг тўққиз мамлакати учун тавсиялар билан АКТ кўникмаларини ривожлантириш бўйича таҳлилий ҳисобот) эълон қилинди. Унда кадрлар ва соҳани ривожлантириш стратегияларини шакллантириш учун амалий тавсиялар берилган.

Рақамли трансформациянинг жадаллашиши билан сунъий интеллект, ҳисоблаш тизимлари, катта маълумотлар ва киберхавфсизлик соҳасидаги малакали мутахассисларга талаб ортиб бормоқда. Бироқ бу йўналишларда иқтидорли кадрлар етишмаслиги глобал муаммо бўлиб қолмоқда. Мазкур бўшлиқни бартараф этишга ёрдам бериш мақсадида Huawei ICT Competition танлови бир нечта йўналишларни ўз ичига олади: Амалий (Practice), Инновацион (Innovation), Дастурлаш (Programming), Челленж (Challenge), Тадбиркорлик (Entrepreneur) ва Ўқитиш (Teaching). Танлов иштирокчиларга реал масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган техник ва амалий кўникмаларни такомиллаштириш бўйича халқаро платформани тақдим этади. Университетлар билан ҳамкорлик ва ўқув курслари алмашинуви туфайли ушбу тадбир амалий малакаларни мустаҳкамлаш ва талабаларни рақамли иқтисодиётнинг доимий ўзгариб борувчи талабларига тайёрлашга қаратилган. Танлов шунингдек, Huawei компаниясининг технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва уларни эзгу мақсадларда қўллаш тамойилларига содиқлигини акс эттиради.
Huawei ICT Competition 10-мавсуми ҳақида батафсил маълумотни қуйидаги ҳаволада топишингиз мумкин:
