АҚШ Федерал суди президент Дональд Трамп томонидан юқори малакали хорижликларга H-1B тоифасидаги визаларни бериш учун жорий этилган 100 минг доллар миқдоридаги йиғимни бекор қилди, деб хабар бермоқда CNN.
Судья Лео Сорокин ушбу йиғим солиқ экани, уни жорий этишга эса Трампнинг ваколати бўлмагани ҳақида қарор чиқарди, чунки бундай ўзгартиришлар Конгресс томонидан маъқулланишини талаб этади.
«Президент H-1B визасига ариза бериш учун солиқ жорий этишга ваколатли эмас ёки унга бундай ваколат берилмаган», — деб ёзди Сорокин ўз қарорида.
Сорокин томонидан кўриб чиқилган виза йиғимини ноқонуний деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси Демократ губернаторлар бошқараётган бир гуруҳ штатлар бош прокурорлари томонидан киритилганди.
Оқ уй матбуот хизмати судьянинг қарорига муносабат билдирар экан, ушбу қарор апелляция инстанцияси томонидан бекор қилинишига ишонч билдирди.
«Президент Трамп, агар унинг фикрича, Бу АҚШ манфаатларига тўғри келмаса, хорижликларнинг исталган тоифаси киришини чеклаш бўйича аниқ ҳуқуқий ваколатларга эга ва у айнан шундай йўл тутди», — дейилади матбуот хизмати баёнотида.
2025 йилнинг кузида Трамп «суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш ва америкалик ишчиларни ҳимоя қилиш мақсадида» H-1B визаси учун 100 минг доллар миқдорида йиғим белгилаганди. Ўша йилнинг декабрь ойида АҚШ Давлат департаменти H-1B визасига ариза берувчилар ва уларнинг оила аъзоларини Қўшма Штатларда «фикр билдиришнинг ҳимояланган шакллари» цензурасига алоқадорлиги бор-йўқлигини текширишни кучайтиришни топширган.
H-1B дастури ҳар йили уч йилдан олти йилгача бўлган муддатга 65 мингта виза, шунингдек, олий маълумотли ишчилар учун яна 20 мингта виза тақдим этади. Трампнинг фармонига қадар хорижлик ишчи учун виза олмоқчи бўлган иш берувчилар турли омилларга қараб одатда 2000 доллардан 5000 долларгача тўлар эди.
