• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Сув инқирози минтақа унга мослашаётганидан тезроқ ривожланмоқда — Термиз мулоқоти экспертлари сув хавфсизлиги ҳақида


Сув инқирозини енгиб ўтиш масалалари ўтган ҳафта Тошкентда бўлиб ўтган Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши доирасида ташкил этилган «Иқлим ўзгаришига биргаликда мослашиш ва экологик барқарорликни мустаҳкамлаш» сессиясида экспертлар ва халқаро мутахассислар томонидан муҳокама қилинди.

Gazeta маърузаларнинг асосий тезисларини келтиради: нима учун минтақада дарё ҳавзаси бўйича ягона бошқарувга ўтиш зарур, нима учун мослашув суръати иқлим ўзгаришлари суръатидан ортда қолмоқда ва экспертлар келажакда минтақа ҳамда Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликни қандай тасаввур қилмоқда?

Иқлим барқарорлиги алоҳида иншоотлар қурилишига эмас, тизимли бошқарувга боғлиқ

Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси ҳузуридаги Илмий-ахборот маркази экспертлари Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида Сирдарё ҳавзасидаги 32 та муҳим гидротехник иншоотни таҳлил қилди.

Марказ директори Динара Зиганшинанинг таъкидлашича, мазкур инфратузилманинг катта қисми совет даврида барпо этилган. Шу билан бирга, таҳлил минтақадаги давлатлар бу объектларни модернизация қилиш ва янгилаш учун салмоқли молиявий маблағ сарфлаётганини кўрсатган.

Бироқ эксперт фикрича, иқлим барқарорлигига эришиш учун ҳар бир гидротехник иншоотни алоҳида баҳолаш ва модернизация қилишнинг ўзи етарли эмас. Асосий аҳамият модернизация қилинган инфратузилманинг қандай бошқарилаётгани, унинг ишлаш қоидалари янгиланган-янгиланмагани ва барча давлатлар тезкор маълумотлардан биргаликда фойдалана олишига боғлиқ. Марказ директори таъкидлашича, ҳавзанинг бир қисмида қабул қилинган қарорлар бошқа ҳудудларга қандай таъсир кўрсатишини тушунмасдан туриб самарали мослашувни таъминлаш мумкин эмас.

Динара Зиганшина

Динара Зиганшина қўшма инвестицияларни режалаштиришда бутун ҳавза миқёсида ёндашувни қўллаш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, иқлим ўзгариши комплекс хатарларни келтириб чиқаради: ҳароратнинг ошиши ва ёғингарчилик миқдорининг камайиши инфратузилмани қишки тошқинларни ўтказиш ҳамда қурғоқчиликка қарши курашишда экстремал режимларда ишлашга мажбур қилади. Энг катта босим аҳоли зич жойлашган Фарғона водийси ҳамда Қозоғистон ҳудудидаги Сирдарёнинг қуйи оқимида кузатилиши кутилмоқда.

Марказий Осиёдаги Халқаро сув ресурсларини бошқариш институтининг (IWMI) минтақавий вакили ва ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Барбара Януш-Павлетта ҳам минтақа иқлим барқарорлиги алоҳида тўғонлар, сув омборлари ёки каналларни модернизация қилишга эмас, балки бутун тизимнинг барқарор ишлашига боғлиқлиги ҳақидаги фикрни қўллаб-қувватлади.

Эксперт фикрича, халқаро ҳамжамият ва минтақа давлатлари иқлим масаласини муҳокама қилиш ёндашувини ўзгартириши керак.

«Келинг, фақат қанча сувимиз қолгани ёки иқлим ўзгариши туфайли келажакда вазият қандай бўлиши ҳақида гаплашмайлик. Ресурслар ҳажми маълум вақтгача кўпайиши, кейин эса қисқариши мумкин. Келинг, бошқарув ҳақида ўйлайлик: бугун бу сув билан нима қилаяпмиз, сув хўжалиги тизимини қандай қўллаб-қувватлашимиз мумкин ва у Марказий Осиёда ҳозир қандай ишламоқда?» — деди Барбара Януш-Павлетта.

афғонистон, марказий осиё, орол денгизи, сув ресурслари, термиз мулоқоти

Эксперт таъкидлашича, давлат ва трансчегаравий бошқарув сифати Марказий Осиё мамлакатлари узоқ муддатли истиқболда сув ва иқлим хавфсизлигини таъминлай оладими-йўқми, шуни белгилаб беради.

Унинг фикрича, минтақада шаклланган трансчегаравий ҳамкорлик тизими — жумладан, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ), шунингдек кўплаб икки томонлама келишувлар ва комиссиялар энди ўз-ўзидан ишлайдиган механизм сифатида қабул қилинмаслиги керак. Замонавий чақириқлар аввалги ўн йилликларга қараганда анча чуқур мувофиқлашувни талаб қилаётгани учун бу тизимни жиддий мустаҳкамлаш зарур.

Агар илгари мазкур институтларнинг асосий вазифаси минтақада сув истеъмолининг қарийб 90 фоизи тўғри келадиган қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув оқимини тақсимлаш бўлган бўлса, бугунги кунда кун тартиби анча мураккаблашган. Энди мамлакатлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва энергетика соҳасининг ортиб бораётган эҳтиёжлари ўртасида мувозанат топиши, шунингдек ресурслар тақчиллиги кучайиб бораётган шароитда чўлланиш жараёнларига қарши курашиши ва экотизимларни сақлаб қолиши талаб этилмоқда.

Минтақада сув истеъмоли мослашув суръатидан тезроқ ўсмоқда

БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (МОПДММ) сув ресурсларини бошқариш бўйича мутахассиси Хайнц Хабеггернинг таъкидлашича, минтақада ва унинг айрим давлатларида сувнинг ўртача истеъмоли жаҳон ўртача кўрсаткичларидан анча юқори, айни пайтда қайта тикланувчи сув захиралари даражаси эса жаҳон ўртача кўрсаткичидан пастлигича қолмоқда.

Вазият ресурсларнинг ўта нотенг тақсимлангани билан янада мураккаблашмоқда: айрим давлатларда маҳаллий сув манбалари ички эҳтиёжнинг атиги 5−20 фоизини қоплайди, қолган қисми эса қўшни мамлакатлардан келади. Шу боис трансчегаравий ҳамкорликни йўлга қўйиш минтақа учун «муқобили йўқ яшаб қолиш омили» ҳисобланади.

«Агар Марказий Осиё ҳақида гапирадиган бўлсак, сув ҳақидаги ҳар қандай суҳбат унинг миқдори ҳақидаги суҳбатдир. Минтақадаги сув миқдори ҳақида гапирганимизда эса унинг танқислигини назарда тутамиз. Глобал нуқтаи назардан ҳам бугунги вазият жуда жиддий ва ўта оғир кўринади, аммо иқлим ўзгариши туфайли у янада кескинлашмоқда», — деди мутахассис.

Хайнц ХабеггерХайнц Хабеггер

Марказий Осиёда сув ресурсларига тушаётган босимнинг ўсиш суръати мослашув чораларини жорий этиш тезлигидан юқори бўлиб, бу келажакда зиддиятлар юзага келиши хавфини оширмоқда. Хабеггернинг сўзларига кўра, минтақа икки томонлама босимга дуч келмоқда. Бир томондан, бу ерда маҳаллий исиш суръати жаҳон ўртача кўрсаткичларидан 1,5−2 даража юқори. Иккинчи томондан, аҳоли сонининг ўсиши (йилига тахминан 2 фоиз), қишлоқ хўжалигининг кенгайиши ва тоғ-кон саноати, тўқимачилик ҳамда IT соҳасидаги совутиш тизимлари каби сув талаб қилувчи тармоқларнинг ривожланиши сув истеъмолининг йил сайин ортишига олиб келмоқда.

Хабеггер вақт омиллари ўртасидаги номутаносибликдан хавотир билдирди: экологик тизимларга босим ҳар йили ортиб бормоқда, аммо тизимли инфратузилмавий ва қонунчилик чораларини амалга ошириш учун ўнлаб йиллар талаб этилади.

«Швейцария тажрибасидан мисол келтиришим мумкин. Сувларни ифлосланишдан муҳофаза қилиш тўғрисидаги биринчи қонун қабул қилинганидан яхши натижаларга эришилгунча икки авлод алмашди — 50 йил вақт ўтди. Бу Швейцарияда мустаҳкам қонунчилик базаси, сиёсий ирода ва молиявий ресурслар мавжуд бўлган шароитда юз берган. Мени ташвишлантираётган жиҳат шундаки, Марказий Осиёда кейинги 10−20 йил ичида ташқи босимнинг кучайиш суръати минтақанинг унга мослашиш имкониятларидан анча юқори бўлиши мумкин», — деди Хабеггер.

Экспертнинг қайд этишича, миллий даражада давлатлар сув стратегияларини ишлаб чиқмоқда ва пилот лойиҳаларни амалга оширмоқда, икки ва уч томонлама даражада эса самарали ишчи мулоқот мавжуд. Бироқ умумминтақавий даражада юқори раҳбариятнинг жалб этилганлик даражаси ҳали ҳам чекланганлигича қолмоқда. МОПДММ вакили фикрича, минтақадаги кенг кўламли чақириқларни Марказий Осиёнинг барча беш давлати ва Афғонистон биргаликда ҳал қилиши зарур.

Афғонистон билан ҳамкорлик

Женева сув ҳаби Афғонистон бўйича янги дастурни ишга туширмоқда. Бу ҳақда ташкилотнинг сиёсат ва ҳуқуқ бўйича дастури раҳбари Базилио Гизлетта маълум қилди. Унинг айтишича, дастурнинг асосий мақсади Афғонистон ва унинг қўшнилари ўртасида адолатли сув келишувларини шакллантириш учун шароит яратишдан иборат. Биринчи босқичда ташаббус учта асосий йўналишга қаратилган бўлади.

Биринчи йўналиш — Афғонистоннинг ўзида сув ресурсларини бошқариш ва сув дипломатиясини мустаҳкамлаш. Халқаро даражага чиқишдан олдин ташкилот маҳаллий мутахассисларни интеграциялашган сув ресурслари бошқаруви, ГИС моделлаштириш ва халқаро сув ҳуқуқи бўйича ўқитиш орқали ички ишончни мустаҳкамлашни режалаштирмоқда.

Иккинчи йўналиш ягона билимлар базасини шакллантиришга қаратилган. Экспертлар иқлим ўзгаришининг трансчегаравий дарёларга таъсири бўйича кўп тармоқли баҳолашлар тайёрлаб, мамлакатлар ўртасидаги мулоқотни умумий ва текширилган фактлар асосида қуришни мақсад қилган.

Дастурнинг учинчи устуни барча манфаатдор томонлар ўртасида кўп босқичли ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат бўлади. Бу босқичнинг асосий вазифаси Термиз мулоқотига ўхшаш мунтазам учрашувлар орқали иштирокчилар позицияларини яқинлаштириш ва минтақадаги вазият бўйича умумий тушунчани шакллантиришдир.

«Янги дастур доирасидаги мақсадимиз — Афғонистон ва унинг қўшнилари ўртасида адолатли ва барқарор трансчегаравий сув келишувлари учун зарур шарт-шароитларни яратишга ҳисса қўшиш», — деди Базилио Гизлетта.

Базилио ГизлеттаБазилио Гизлетта

Женева сув ҳаби вакилининг таъкидлашича, агар иқлим ўзгариши билан боғлиқ мавжуд чақириқлар ва Афғонистоннинг сув соҳасидаги муаммолари эътиборсиз қолдирилса, бу муқаррар равишда мамлакат ичидаги ҳамда халқаро миқёсдаги тарангликнинг кучайишига олиб келади. Бундан эса, аввало, маҳаллий аҳоли жабр кўради. Аксинча, ўз вақтида амалга оширилган қўшма ҳаракатлар геосиёсий хатарларни иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш ва минтақавий иқтисодий интеграцияни кучайтириш имкониятларига айлантириши мумкин.

Базилио Гизлеттанинг қайд этишича, ҳозир минтақада ижобий динамика кузатилмоқда ва томонлар мулоқотга очиқлик намоён этмоқда. Узоқ муддатли мақсадлар ҳақида гапирар экан, эксперт ташкилотнинг 2035 йилгача бўлган стратегик қараши Афғонистоннинг қўшни давлатлар билан тинч ва ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган муносабатларини шакллантириш орқали минтақада ҳар қандай сув можароларининг олдини олишдан иборат эканини таъкидлади.

«Тажрибамиз шуни кўрсатадики, пухта илмий ёндашув трансчегаравий сув оқимлари бўйича ҳамкорликни рағбатлантириши мумкин. Бироқ шу билан бирга ишончни мустаҳкамлаш ва музокаралар столи атрофига ўтиришга тайёрлик нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини ҳам англашимиз керак. Сув тинчликка эришишнинг кучли воситасига айланиши мумкин ва айланиши лозим», — дея хулоса қилди эксперт.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *