• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Геология соҳасидаги йирик корхоналарда СИ ва рақамли технологиялар жорий этилади


Шавкат Мирзиёев тоғ-кон саноати ва геология соҳасида рақамли ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.

Тақдимотда 2026−2030 йилларда геология соҳасида ҳамда 6 та йирик корхона — «Навоий кон-металлургия комбинати», «Олмалиқ кон-металлургия комбинати», «Навоийуран», «Ўзметкомбинат», «Ўзбеккўмир» ҳамда «Ўзбекистон технологик металлар комбинати»да сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий этиш бўйича жами 44 та лойиҳани амалга ошириш режалари ҳақида ахборот берилди.

Ушбу лойиҳалар беш асосий йўналишни қамраб олади: ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, корпоратив бошқарувни рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, меҳнат ва саноат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда кон-геология ишларини рақамли трансформация қилиш.

Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида операцион самарадорлик 7 фоизга, техника ва ускуналар ишончлилиги 20 фоизга, энергия самарадорлиги эса 8 фоизга ошиши кутилмоқда. Шунингдек, инсон омили билан боғлиқ хато ва хавфлар 15 фоизга камайиши мумкин.

Кейинчалик ушбу ечимларни патентлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Тоғ-кон саноати ва геологияда хариталар, қидирув натижалари, бурғилаш маълумотлари, лаборатория таҳлиллари ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари каби жуда катта ҳажмдаги маълумотлар шаклланади. Таъкидланишича, уларни ягона электрон базага жамлаш, тезкор қидириш ва 3D моделлар орқали таҳлил қилиш янги конларни аниқлаш имкониятини оширади.

Бунинг натижасида таннархни 10 фоизга камайтириш, янги конларни очиш муддатини 2 карра қисқартириш, инвесторларга тақдим этиладиган таклифлар сонини 4 баробар ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Тақдимотда 2030 йилгача геология ва тоғ-кон саноатига 30 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб қилиш мақсад қилингани таъкидланди. Бунинг учун, аввало, инвесторлар талаб қилаётган сифатли ва ишончли рақамли маълумотлар базасини шакллантириш зарур, дейилади хабарда.

Шу муносабат билан Геологик маълумотлар миллий базасини яратиш таклиф қилинди. Мазкур жараёнда «Технологик трансформация маркази» ташкил этилиб, мавжуд 36 мингдан ортиқ ҳисоботлар ва бирламчи маълумотлар рақамли кўринишга ўтказилади. Натижада геологик маълумотларни шакллантириш, конларни моделлаш ва захираларни ҳисоблаш жараёни 2 карра тезлашади.

Мутасаддиларга тоғ-кон саноати корхоналари бизнес-режаларини тузишда ишлаб чиқариш ва меҳнат ресурслари самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирларни киритиш, технологик ва сунъий интеллект лойиҳалари бўйича алоҳида дастурларни тасдиқлаб бориш топширилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *