Шавкат Мирзиёев танишган тақдимотда тоғ-кон саноати ва геология соҳасини рақамлаштириш, шунингдек, сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш бўйича муҳим лойиҳалар ҳақида сўз борди.
Қайд этилишича, тоғ-кон саноати мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, 2025 йилда республикада ишлаб чиқарилган жами саноат маҳсулотининг 20 фоизи ушбу соҳа ҳиссасига тўғри келган. Тармоқ корхоналари томонидан бюджетга 118,5 трлн сўм тушум таъминланган.
Мутасаддилар соҳани технологик трансформация қилиш, ишлаб чиқариш ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий рақамли ечимларни татбиқ этиш иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, инвестицияларни жалб қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Маълум қилинишича, 2025 йилда йирик тоғ-кон саноати корхоналарида рақамли ечимларни жорий этиш ҳисобига 7,3 трлн сўм операцион харажатлар тежалган. Натижада маҳсулот таннархи ўртача 9,1 фоизга пасайган.
Шунингдек, «Геомониторинг» ахборот тизими ишга туширилиб, 2 мингдан ортиқ фойдали қазилма участкаларига оид маълумотлар рақамли шаклга ўтказилган.
Тақдимотда келгуси беш йилликда минерал-хомашё базасини кенгайтириш бўйича режалар ҳам маълум қилинди. Хусусан, олтин захираларини қўшимча 879 тоннага, кумушни 510 тоннага ва мисни 676 минг тоннага ошириш бўйича ишлар бошлангани қайд этилди.
Президент соҳада рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан янада самарали фойдаланиш, геология-қидирув ишларининг натижадорлигини ошириш ҳамда тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини кучайтириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.
