Бир неча кундан сўнг, аниқроғи, 11 июндан 12 июнга ўтар кечаси Мексика ва Жанубий Африка Республикаси ўртасидаги учрашув 2026 йилги Жаҳон чемпионати мусобақасини бошлаб беради. Бу мусобақа, шубҳасиз, 4 йилликнинг энг катта спорт воқеаси саналади. Шу сабабли нафақат майдондаги, балки майдон атрофидаги кўплаб деталлар бир неча ойлар мухлислар эътиборида бўлиб туради.
Миллионлаб мухлислар кутаётган мусобақа атрофида катта саноат юзага келган. Бу йирик саноатдаги муҳим тармоқлардан бири — футбол либосларини ишлаб чиқариш. Бу мақолада биз мундиалга йўл олган 48 та жамоани қайси компаниялар ўз бренди остидаги маҳсулотлар билан таъминлаётганини кўриб чиқамиз.
2026 йилги Жаҳон чемпионати аввалгилари каби бир нечта йирик ишлаб чиқарувчининг мутлақ устунлиги остида ўтади. Мусобақа иштирокчиларининг 75 фоизини Adidas, Nike ва Puma кийинтирмоқда. Рўйхатда Adidas 14 та шартнома билан мутлақ етакчидир.
Шунингдек, ҳар доим бўлгани каби, йирик ишлаб чиқарувчилар ёнида бир-икки жамоани кийинтираётган кичикроқ бозор иштирокчилари ҳам мавжуд. Бундай кичик ишлаб чиқарувчилар сони 10 та бўлиб, улар орасида фақат Kelme икки жамоани либослар билан таъминлайди. Қолган 9 та компания биттадан мамлакат билан шартнома тузган.
Қуйида брендлар кесимида ҳар бир жамоанинг уй-сафар либосларини келтириб ўтамиз. Материалда ишлатилган суратлар ишлаб чиқарувчиларнинг расмий саҳифаларидан олинди. Либосларнинг таҳлиллари футбол оламидаги янги либосларга ихтисослашган машҳур мустақил веб сайт — Footy Headlines’га асосланган.
Эслатма: ишлаб чиқарувчилар одатда либосларнинг икки турини тақдим этади: мухлислар учун (stadium) ва футболчилар учун (match). Материалдаги баъзи суратларда stadium, баъзиларида эса match туридаги либосларни кўришингиз мумкин. Дизайн жиҳатдан улар бир-биридан фарқ қилмаса-да, майдонда кийиладиган футболкалар танага ёпишиб туради ва ўта енгил матодан тайёрланади. Шунингдек, мухлислар либосида жамоалар герби ип билан тикилган бўлади ва футболка узоқ муддат хизмат қилишига эътибор қаратилади.
Adidas (14 мамлакат)
Мексика уй либоси
Мексиканинг 2026 йил учун Adidas томонидан тайёрланган уй либоси мамлакат футболчилари 1998 йилги Жаҳон чемпионатида кийган формалари дизайнидан илҳомланиб яратилган.
1998 йилда ABA Sport томонидан тайёрланган либосларда каби, янги Adidas формалари ҳам Ацтеклар услубидаги нақшларни ўзида акс эттиради, лекин замонавийроқ ва мураккаброқ тарзда чизилган. Асосий ранг яшил бўлиб қолган, тўқроқ рангдаги геометрик нақшлар эса катта эмблемани ҳосил қилади.
Либос ёқа қисмининг ортида ўзига хос услубда ёзилган «SOMOS MEXICO» (Биз — Мексикамиз) ёзувини кўриш мумкин. Либос тўплами оқ шортик ва қизил футбол пайпоқларини ўзи ичига олади.
Мексика сафар либоси
Япония уй либоси
Япония миллий футбол терма жамоасининг 2026 йилги уй либосида кўк устувор ранг сифатида ишлатилган. Футболканинг кўкрак қисмида тўлқинсимон график нақш мавжуд бўлиб, бу либосга ҳаракатчанлик ва динамика ҳиссини бағишлайди.
Япония сафар либоси
Япония сафар либоси оқ рангда бўлиб, қора ва бошқа рангдаги деталлар билан уйғунлаштирилган. Футболкага турли рангдаги, хиралашиб борувчи ингичка чизиқлар туширилган. Бу чизиқлар сони 12 та бўлиб, уларнинг 11 таси майдондаги футболчиларни, марказдаги қизил чизиқ эса бутун Япония футбол мухлисларини англатади. У майдондаги 11 та турли «ранг»ни бирлаштириб турувчи асосий куч сифатида рамзий маънога эга.
Аргентина уй либоси
Аргентинанинг 2026 йилги уй либоси жамоа ғолиб бўлган учта мундиал — 1978, 1986 ва 2022 йиллардаги мусобақаларда ишлатилган формаларга ишора қилувчи дизайн билан ишлаб чиқилган. Янги футболка анъанавий оқ-ҳаворанг вертикал чизиқларни тусланувчи шаклда тақдим этади.
Либосда Adidas компаниясининг 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун мослаштирилган шрифтидан фойдаланилади. Футболчиларнинг исм ва рақамларини оқ ҳошияли тўқ кўк рангда.
Аргентина сафар либоси
Аргентина сафар либоси қора рангда бўлиб, оқ рангли логотиплар ва мовий осмон рангидаги деталлар билан уйғунлаштирилган. Бу либос учун ҳам Adidas ўзининг 2026 йилда бошқа барча терма жамоалар сафар либослари учун ишлатаётган «Trefoil» (учбаргли классик) логотипидан фойдаланган.
Бу футболканинг ўзига хос жиҳати унинг ёрқин нақшларидир. Спиралсимон нақшлар Буэнос-Айреснинг рамзий Филетеадо Портеньо санъат намуналаридан илҳомланган.
Бу услуб XIX аср охирларида аравалар ва юк машиналарини безаш учун пайдо бўлган бўлиб, у ўзига хос спиралсимон чизиқлар, ёрқин ранглар, ҳашамдор ҳарфлар ва симметрик дизайнлар билан ажралиб туради. Бу услуб шу қадар муҳим аҳамиятга эгаки, 2015 йилда ЮНЕСКО томонидан Буэнос-Айрес шаҳрининг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилган.
Колумбия уй либоси
Колумбиянинг уй либоси мамлакат байроғини акс эттирувчи кўк ва қизил рангли ҳошияларга эга ёрқин сариқ асосдан иборат. Либоснинг ноёб жиҳати шундаки, унда колумбиялик ёзувчи Габриэль Гарсиа Маркес ижодига ишора қилувчи капалаклар нақшлари ишлатилган. Умид, ўзгариш ва муҳаббат рамзи бўлган сариқ капалаклар ёзувчи асарларида кўп тилга олинган.
Колумбия сафар либоси
Колумбия сафар либосида асосий ранг сифатида тўқ кўк ишлатилган бўлиб, у «Myspet» деб номланувчи ялпиз-кўк тусдаги нақш билан уйғунлаштирилган. Логотиплар учун эса Adidas Колумбияга хос ёрқин сариқ рангдан фойдаланган.
Жазоир уй либоси
Жазоир уй либоси олд қисмида тик чизиқларни ҳосил қилувчи, сезилар-сезилмас олтинранг анъанавий нақшинкор тасвирларга эга қаймоқранг асосдан иборат. Ёқаси юмалоқ, қизил ҳошияли бўлган форманинг елка қисмида яшил чизиқлар мавжуд.
Жазоир сафар либоси
Жазоир сафар либоси яшил рангнинг одатий тусини тўқ яшил енглар, оқ рангли логотиплар ва ёрқин қизил деталлар билан уйғунлаштиради. Тўпламга тўқ яшил шортиклар ва шу рангдаги футбол пайпоқлари киритилган.
Жанубий Африка Республикаси уй либоси
Жанубий Африка Республикаси уй либоси миллий терма жамоанинг анъанавий сариқ ранги ва яшил деталлар билан ишлаб чиқилган. Форма ёқаси ва енгида яшил ҳалқани кўриш мумкин. Шунингдек, футболкалар елкаси бўйлаб яшил рангдаги учта чизиқ ўтганини кўриш мумкин. Либос яратувчилари мамлакатнинг 2010 йилги мундиал учун формасидан илҳомланган.
Тўплам ичига Adidas’нинг сариқ чизиқларига эга шортик ва сариқ футбол пайпоқлари киритилган.
Жанубий Африка Республикаси сафар либоси
ЖАРнинг сафар либоси мамлакатнинг анъанавий яшил рангида бўлиб, унда бу рангнинг икки туси уйғунлашган. Форма тўқ яшил асосга эга бўлиб, очроқ яшил тусдаги деталлар ва, катта эҳтимол билан, логотиплар учун сариқ ранг билан тўлдирилган.
Қатар уй либоси
Қатар уй либосида классик тўқ қизил асосий ранг сифатида ишлатилган бўлиб, унинг ажралиб турувчи хусусияти марказдан пастга қараб тушган зигзагсимон дизайни ҳисобланади. Бу Қатар байроғига ишора ҳисобланади. Футболкада оқ думалоқ ёқа, учта оқ чизиқ ва енгдаги оқ ҳалқаларни кўриш мумкин.
Қатар сафар либоси
Саудия Арабистони уй либоси
Саудия Арабистони либоси яшил рангни асос сифатида сақлаб қолган, аммо дизайнерлар унга ўткир ва замонавий руҳ бағишлаш учун тўқ бинафша ва олтин рангли қўшимча деталлар комбинациясидан фойдаланган.
Либосда сезилар-сезилмас геометрик нақш бор. Янгиланган ранглар палитраси ва нафис деталлар ушбу либосни Саудия Арабистонининг тарихдаги энг ўзига хос уй футболкаларидан бирига айлантиради. Ёқа қисми учун эса компания яшил, олтин ва тўқ бинафша ранглардаги конструкцияни яратган.
Саудия Арабистони сафар либоси
Саудия Арабистонининг сафар либоси оқ асосга эга бўлиб, унда ўзига хос нафис контрастни таъминловчи олтин ва яшил рангли деталлар мавжуд. Сезилар-сезилмас нақш эса либосга эксклюзивлик тусини беради.
Германия уй либоси
Германия уй либоси одатдагидек оқ рангли асосга эга. Adidas мамлакат байроғи рангларидаги қора, қизил ва сариқ чизиқларни футболка елкаларидан олд томонининг юқори қисмига қараб V симон шаклда туширган.
Форма 1990 ва 2014 йилги либослар дизайнини ёдга солади. Бу икки либос 1990 ва 2014 йилги мундиаллар финалларида — Аргентинага қарши ўйинларда кийилган. Германия иккала ўйинда ҳам 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақа ғолиби бўлган.
Германия сафар либоси
Германия cафар либоси мутлақо янги, илгари ҳеч қачон ишлатилмаган ранглар жамланмасини ўз ичига олган. Либос тўқ кўк асосга эга бўлиб, оқ рангли логотиплар ва ялпиз тусидаги деталлардан иборат. Футболка учун зигзагсимон нақшдан фойдаланилган бўлиб, унинг юқори қисмида ялпиз рангли элементлар мавжуд. Ёқаси ҳам, енг қисмидаги ҳалқалар ҳам оқ/тўқ кўк/ялпиз рангли учранг (триколор) комбинациясида.
Бельгия уй либоси
Бельгия уй либоси тўқ қизил асосга эга бўлиб, кўзга ташланиб турувчи олтин ва қора рангли деталларга эга. Футболкадаги энг кўзга ташланадиган элемент унинг бутун юзаси бўйлаб туширилган қизғалдоқ шаклидаги олов алангаси нақшидир. Бу Бельгиянинг «Қизил шайтонлар» (Red Devils) лақабига мос келади.
Тўплам қора шортик ва шу рангдаги футбол пайпоқларини ўз ичига олади.
Бельгия сафар либоси
Бельгия сафар либоси ёқимли ранглар гаммасига эга. Асосий ранг сифатида очиқ осмон ранги танланган бўлса, тўқ кулранг, оқ ва оч пушти рангли деталлар у билан уйғунлаштирилган.
Формани ўзига хос қиладиган жиҳат — шарсимон блоклардан иборат нақш. Тўплам ўз ичига оқ шортик ва шу рангдаги футбол пайпоқларини ҳам олади.
Испания уй либоси
Испания уй либоси тўқ қизил асосдан ва тўқ кўк енглардан иборат. Либос елкаларидаги уч чизиқ Испания байроғи рангларида — қизил-сариқ-қизил. Футболкада пастга қараб ингичка сариқ вертикал чизиқлар ўтганини кўриш мумкин. Бу чизиқлар маълум қисмларда штрихга айланган.
Форма ёқасининг орқа томонига «España» (Испания) ёзуви туширилган. Тўплам тўқ кўк шортикларни ва шу рангдаги пайпоқларни ўз ичига олади.
Испания сафар либоси
Испания сафар либоси оқ рангда бўлиб, нафис кўриниш ҳосил қилиш учун тўқ қизил ва олтин рангли деталлар билан уйғунлаштирилган. Футболка ёқаси ҳам, енг ҳалқалари ҳам олтин ва тўқ қизил рангда. Либосдаги спиралсимон нақшлар Испаниянинг узоқ йиллик маданий меросини акс эттиради. Улар Испания адабий қўлёзмаларининг нозик деталларидан илҳомланган.
Шотландия уй либоси
Шотландия уй либоси асоси тўқ кўк рангли, кўкрак қисмида сезилар-сезилмас бир хил тондаги нақшга эга бўлган футболкани ўз ичига олади. Футболканинг елка қисмида учта оқ чизиқ, енг ва ёқа қисмида эса оқ ҳошияларни кўриш мумкин. Кўкрак қисмидан Шотландия футбол ассоциацияси герби ва Adidas логотипи жой олган.
Шотландия сафар либоси
Шотландиянинг сафар либоси носталгик эстетикани яратиш мақсадида тўқ кўк рангли деталлар билан уйғунлаштирилган «Trace Scarlet» (қизил ва апельсин рангининг тусларидан бири) рангидаги асос билан чиқарилган. Футболканинг олд қисмига вертикал ингичка тўқ кўк чизиқлар туширилган.
Кюрасао уй либоси
Кюрасао уй либоси мамлакат ҳаётининг муҳим элементи бўлган денгизга ишора қилади. Либоснинг енгларида оч кўк рангли, тўлқинсимон айлана чизиқлардан иборат ўзига хос график нақш мавжуд.
Либосдаги элементлар учун сариқ рангдан фойдаланилган. Бу ранг кўкрак қисмидаги Adidas логотипи, елкаларида классик уч чизиқ ва V симон ёқадаги сезилар-сезилмас ҳошия учун ишлатилган. Ёқанинг ортки қисмида мамлакат номини кўриш мумкин.
Кюрасао сафар либоси
Кюрасао сафар либоси оқимтир-сариқ (almost yellow) рангда бўлиб, у тўқ кўк рангли деталлар ҳамда уч рангдаги 3 та чизиқ билан безатилган.
Швеция уй либоси
Швеция сафар либоси
Nike (12 мамлакат)
АҚШ уй либоси
АҚШ уй либоси классик Америка чизиқларининг дадил талқинини ўз ичига олади. Nike анъанавий тўғри горизонтал чизиқлар ўрнига, либосга ҳаракатчанлик туйғусини бағишлаш, балки ҳилпираётган байроқни акс эттириш учун тўлқинсимон дизайн ишлаб чиққан.
Дизайнерлар АҚШ байроғидан илҳомланган. Шу билан бирга, форма АҚШнинг 1994 йилги мундиал либоси ва 2012 йилги уй либосини ҳам ёдга солади. Қуёш нурлари остида сезилмаса-да, футболканинг асосий ранги тиниқ оқ эмас, балки қаймоқрангдир.
АҚШ сафар либоси
АҚШ сафар либоси тўқ кулранг бўлиб, у анъанавий қизил, оқ ва кўк ранглардан иборат уй либосига кучли контраст ҳосил қилади ва замонавий кўринишни тақдим этади. Футболканинг олд қисмида сезилар-сезилмас юлдузли нақшларни кўриш мумкин.
Форманинг ранглар жамланмаси ҳам, юлдузли дизайни ҳам мамлакат терма жамоасининг 1994 йилги сафар либосидан илҳомланган. «Swoosh» (ярим ойсимон логотипи) металсимон кумуш рангда ишланган бўлиб, тўқ кулранг фонга нисбатан сезиларли, аммо дидли контрастни юзага келтиради.
Бундай ишлов бериш орқали Nike формага премиум кўриниш бағишлаган ҳамда дизайннинг умумий минималистик йўналишига халақит бермаган ҳолда, бренд элементларининг ажралиб туришини таъминлаган. Футболка елкалари ва ён чокларидаги кўзга ташланиб турувчи кичик қизил деталлар умумий кўринишни бузмаган ҳолда, АҚШ миллий рангларига енгил ишора қилади.
Канада уй либоси
Канада уй либосининг олд қисмига барг шаклидаги нақш туширилган. Либосда оқ рангли Nike логотипи жойлаштирилган. Футболканинг енг қисмида ва ён томонларида кичик қора деталларни кўриш мумкин. Конструкция нуқтаи назаридан энг қизиқарли элемент — тўртбурчаксимон, ўзига хос тарзда дизайн қилинган ёқа.
Либос мезбонлар учун оддий ва тушунарли ёндашув асосида ишлаб чиқилган ва унда жасур дизайнерлик таваккалчиликларидан кўра, Канаданинг анъанавий қизил ранги ҳамда сезилар-сезилмас график элементларга кўпроқ урғу берилган.
Канада сафар либоси
Сафар либоси дизайни ниҳоятда дадиллик билан яратилган бўлиб, бутунлай эксклюзив кўринишни тақдим этади. Унда қора асосий ранг сифатида ишлатилган бўлиб, бу ранг футболканинг бутун олд қисми ва енгларини қоплаб олган тартибсиз, кучли эскириш эффекти берилган оқ график нақш остида бутунлай қолиб кетган.
Яқинроқдан қараган одам парчаланган муз бўлакларини эслатувчи бу дизайнда мезбон мамлакатнинг миллий рамзи бўлган баргларнинг юқори даражадаги абстракт талқинини кўради.
Жанубий Корея уй либоси
Жанубий Корея уй либосининг қизил асосдаги дизайни мамлакатнинг тоғли манзараларига ишора қилиши билан бир қаторда, йўлбарс терисидан илҳомланган текстураларни ҳам ёдга солади. Йўлбарс бу давлатнинг энг муҳим миллий рамзларидан бири бўлиб, куч ва шижоатни ифодалайди.
Либос енгидаги қора ҳалқа қизил ранг устида контраст ҳосил қилади. Nike логотипи эса либосга оқ рангда, нафис олтин рангли ҳошия билан туширилган.
Жанубий Корея сафар либоси
Жанубий Корея сафар либосида асосий ранг сифатида «Space Purple» (космик бинафшаранг) қўлланган. Футболканинг ажралиб турувчи хусусияти бутун олд қисми бўйлаб тарқалган катта ҳажмли гулли графика бўлиб, у жуда бадиий ва ноанъанавий кўриниш тақдим этади.
Бу графикадаги гул айнан қайси эканини айтиб бўлмаса-да, у Мугунгхва, яъни Шарон атиргули бўлиши мумкин. Ушбу гул Жанубий Кореяда миллий ўсимлик ҳисобланади ҳамда мамлакат ўзлиги билан чуқур боғланган қадриятлар — бардошлилик, матонат ва абадий гўзалликни ифодалайди.
Австралия уй либоси
Австралия уй ва сафар либослари мутлақо турлича ёндашувлар асосида яратилган. Уй либоси классик ва оддий бўлса, сафар либоси дизайни рангларнинг ғайриоддий сояланиб боришига асосланади.
Австралия сафар либоси
Бразилия уй либоси
Бразилия уй либоси бу гал ҳам ўн йилликлар давомида селесаони ифодалаб келган сариқ рангда ишлаб чиқилган. Nike деталлар учун кўк рангнинг икки хил тусидан фойдаланган. Форманинг ажралиб турувчи элементларидан бири Nike ишлаб чиққан янги ёқа конструкцияси ҳисобланиб, у олд томонда пастга қараган сезилар-сезилмас ўйиғи мавжуд юмалоқ шаклда.
Футболкани яратган дизайнерлар терма жамоанинг 1970 йилги афсонавий мундиалда кийган уй либосидан илҳомланган. Тўплам ўз ичига кўк шортик ва оқ футбол пайпоқларини ҳам олади.
Бразилия сафар либоси
Бразилия сафар либоси кўзга ташланувчи ёрқин кўк рангни қора ранг билан бирлаштиради. Футболка ранглари Марказий ва Жанубий Америка ўрмонларида учрайдиган кичик, ёрқин рангли ва ўта заҳарли қурбақа рангларидан илҳомланиб яратилган.
Футболканинг олд қисми бўйлаб кўк рангнинг бир неча тусларидаги графикани кўриш мумкин. Jordan логотипи ва бошқа деталлар эса ёрқин сариқ рангда ишланган. Либос ёқасининг ички қисми кўк рангда бўлиб, унда «Vai Brasa» («Олға, Бразилия») деб ёзилган кичик график элемент жойлашган.
Уругвай уй либоси
Уругвай уй либоси ҳар доимгидек мовий осмон рангида. Унинг ажралиб турувчи хусусияти орқа томони тўқ кўк рангли, ўзи оқ бўлган поло ёқа ҳисобланади. Футболканинг елка ва ён томонларида тўқ кўк деталларни кўриш мумкин. Бу Nike компаниясининг 2026 йил учун тайёрлаган шаблони учун умумий хусусият саналади.
Уругвай сафар либоси
Уругвай сафар либоси дадил дизайнерлик ечимига эга, футуристик услубдаги либосдир. У тўқ кўк рангда бўлиб, кўкрак, елка ва енг қисмлари бўйлаб ёрқин электрик мовий рангли нақшларга эга. Қайсидир маънода, Marvel комикслари ва фильмларидаги Қора Пантера костюмида кўринган товланувчи вибраниум эффектини эслатади.
Англия уй либоси
Англия терма жамоаси учун Nike томонидан тайёрланган янги уй либоси ҳам жамоанинг классик услубига содиқ қолган. Шу билан бирга, уни аввалги йиллардан ажратиб туриш учун нафис замонавий деталлардан ҳам фойдаланилган.
Футболка оқ асосга эга бўлиб, мато устида чиройли, махсус буюртма асосида тайёрланган нақшларни кўриш мумкин.
Елкадаги чоклар бўйлаб ўтган ингичка тўқ кўк деталлар оқ ранг билан нафис контраст яратган, ён томондаги чизиқлар эса қизил рангда. Либос ёқасининг ички қисмида «Happy and glorious» (бахтли ва зафарли) шиори туширилган.
Англия сафар либоси
Англия сафар либоси қизил рангда бўлиб, тўқ кўк ва оқ рангли деталларга эга. Бу классик уч рангли комбинация мухлисларга аввалги сафар футболкаларини эслатади.
Франция уй либоси
Франция уй либосида асосий ранг сифатида ёрқин кўкдан фойдаланилган, қўшимчалар учун эса мис ранги ишлатилган.
Мис ранги 1886 йилда Франция томонидан АҚШга совға қилинган рамзий монумент — Озодлик ҳайкалига ишора қилади. 2026 йилги мундиал мезбонларидан бири АҚШ бўлгани сабабли дизайнерлар либос ушбу икки халқ ўртасидаги тарихий алоқаларга нисбатан ҳурмат белгиси бўлишига интилган.
Франция бу ҳайкални АҚШга жўнатган вақтда, яъни вақт ўтиши билан мис ҳаво ва намлик таъсирида оксидланиб, ранги ўзгармасидан аввал у айнан мис рангида бўлган.
Nike либосда ўзи оқ, орқа томони тўқ кўк рангда бўлган замонавий поло ёқадан фойдаланган. Бу эса Франциянинг 2026 йилги мундиалда фойдаланадиган уй либосига классик штрих қўшган.
Франция сафар либоси
Франция сафар либоси ялпизранг (mint green) ва мисранг уйғунлигида яратилган бўлиб, янгича кўринишга эга. Бу футболканинг ҳам энг қизиқ жиҳати — унинг дизайни Озодлик ҳайкалидан илҳомланиб яратилганидир. Шундан келиб чиқиб «Swoosh» (Nike логотипи) ва Франция футбол федерацияси герби ҳам кийимга мис эффекти билан жойлаштирилган.
Хорватия уй либоси
Хорватиянинг уй либоси футболканинг марказидан вертикал бўйича пастга қараб кетган ёрқин қизил-оқ катакли нақшлардан иборат ва ўзининг классик услубига содиқ.
Хорватия сафар либоси
Хорватия сафар либоси уй либоси билан бир хил дизайнга эга, бироқ у тўқ кўк рангда бўлиб, футболканинг олд қисмида икки тусли катаклар жойлаштирилган. Миллийлик бағишлаш учун либосга қизил рангдаги деталлар ҳам киритилган.
Норвегия уй либоси
Норвегия уй либоси учун, анъанага мувофиқ, бу сафар ҳам қизил ранг асос бўлган. Либоснинг ажралиб туришини таъминлайдиган қисм ундаги Норвегия байроғини акс эттирувчи чизиқлар ҳисобланади.
Тўқ кўк рангли, тиниқ оқ ҳошияларга эга горизонтал ва вертикал чизиқлар мамлакат байроғини биттада ёдга солади. Бу дизайн мамлакат терма жамоаси учун Umbro томонидан ишлаб чиқилган 1997 йилги уй либосига ишора қилади. Футболкага янада ўзига хослик бағишлаш учун бу чизиқлар Скандинавияга хос тугунли нақшлар билан тўлдирилган.
Бу ўзаро чирмашиб кетган графика дизайнга маданий элемент киритиб, анъанавий Скандинавия санъати ва ҳунармандчилигига ишора қилади.
Норвегия сафар либоси
Норвегия сафар либоси бутунлай қора ранглар жамланмаси билан тақдим этилган бўлиб, у силлиқ ва сирли кўриниш ҳосил қилади. Бу эса формани Норвегиянинг анъанавий сафар либослари дизайнидан ажратиб туради. Бутунлай қора рангдаги дизайн футболканинг барча қисмига, жумладан, енглари ва ёнларига ҳам татбиқ этилган. «Swoosh» логотипи ҳам либосга қора рангда туширилган.
Нидерландия уй либоси
Нидерландия уй либосида асосий ранг узоқ вақтдан бери мамлакат футболининг рамзи бўлиб келган ёрқин апельсин ранг ҳисобланади. Умумий дизайн минималистик ва замонавий бўлиб, эътиборни оғир графикалар ёки нақшлардан кўра кўпроқ кўзга ташланадиган ўша апельсин рангга қаратади.
Иккинчи ранг сифатида қора ишлатилган бўлиб, у енг ҳалқасида ва футболка ён қисмида ишлатилган. Бундай кескин контраст майдонда кучли таассуротни таъминлаб, либосга силлиқ ва атлетик кўриниш бағишлайди.
Нидерландия сафар либоси
Нидерландия сафар либоси оқ рангда тақдим этилган бўлиб, бу унга янгича ва замонавий кўриниш бағишлаган. Бироқ дизайннинг асл моҳиятини белгилаб берувчи жиҳат — кўкрак қисми бўйлаб ўтган апельсин рангидаги горизонтал чизиқдир. Футболка марказидаги бу графика мамлакат миллий рангида бўлиб, у замонавий ва диққатни тортувчи тарзда қайта ишланган.
Нидерландия Қироллик футбол иттифоқи герби бу чизиқнинг марказига жойлаштирилган, Nike «Swoosh» логотипи эса кўкракнинг юқори қисмида акс этиб, визуал мувозанат ва симметрияни таъминлаган.
Ёқа ва енг ҳалқаларига футболканинг минималистик оқ дизайнини бузиб қўймаган тарзда миллий рангдаги деталлар қўшилган. Футболканинг ён томонида ҳам қўшимча дизайн деталларини кўриш мумкин бўлиб, эгри чизиқлар ва нафис текстура умумий силуэтни янада жозибали қилган.
Туркия уй либоси
Туркия сафар либоси
Puma (11 мамлакат)
Янги Зеландия уй либоси
Янги Зеландия сафар либоси
Парагвай уй либоси
Парагвай сафар либоси
Марокаш уй либоси
Марокаш сафар либоси
Миср уй либоси
Миср сафар либоси
Гана уй либоси
Гана сафар либоси
Кот-д’Ивуар уй либоси
Кот-д’Ивуар сафар либоси
Сенегал уй либоси
Сенегал уй либоси бир пайтлар Дакар кўчаларида ҳукмронлик қилган Сенегалнинг рамзий ва ранг-баранг траспорти — «Car Rapide»га ишора қилади. Кийими оқ рангда бўлиб, унинг олди тарафига «Car Rapide»нинг жозибасини акс эттирувчи мураккаб, ранг-баранг графикалар чизилган.
Сенегал сафар либоси
Сенегал сафар либоси тўқ яшил рангда бўлиб, у мамлакат байроғи рангларига содиқ қолган ҳолда, кўзга ташланувчи сариқ ёқа ва қўлтиқ остидаги қизил деталлар билан уйғунлаштирилган.
Дизайннинг ажралиб турувчи элементи — футболка марказига вертикал равишда туширилган, маҳаллий ҳунармандчилик ишларидан илҳомланган мураккаб нақшдир.
Португалия уй либоси
Португалия уй либоси қизил рангда бўлиб, ёқа ва енг қисмида яшил деталлар билан уйғунлашади. Унинг энг ажралиб турувчи хусусияти либос бўйлаб акс этган, денгизни ва Португалиянинг узоқ денгизчилик тарихини ифодаловчи нафис, тўлқинсимон нақшдир.
Футболка ёқасининг ички қисмида жойлашган, компас шаклидаги детал ҳам денгизни урғулайди.
Португалия сафар либоси
Португалия сафар либоси аквамарин — оч яшил рангда бўлиб, унинг юқори қисмида графикли нақш акс этган. Кўкрак ва қорин соҳаcидаги V симон кесимлар аквамариннинг турли тусларини оқ ранг билан уйғунлаштиради. Либос ёқаси оқ рангда, V шаклида ишланган. Футболчилар исмлари ва рақамлари учун тўқ қизил рангдан фойдаланилган бўлиб, бу асосий ранг билан чиройли контраст ҳосил қилади.
Австрия уй либоси
Австрия уй либоси қизил рангда бўлиб, логотиплар учун оқ ранг, деталлар ва енглар учун қора ранг ишлатилган. Футболка енгидаги ҳалқалар мамлакат байроғини эслатади.
Австрия сафар либоси
Швейцария уй либоси
Швейцария уй либоси анъанавий қизил рангда бўлиб, оқ рангли деталлар билан уйғунлаштирилган. Бу формани ажратиб турувчи жиҳат — бутун юзаси бўйлаб туширилган график принт ҳисобланади. Эгри-бугри чизиқларни дизайнерлар Швейцария паспортининг маълумотлар саҳифасидан илҳомланган ҳолда футболкага туширган.
Бу нақшлар хариталар, чегаралар, рельеф ва Швейцариянинг билан боғлиқ бошқа географик элементларни ифодалайди.
Швейцария сафар либоси
Швейцария сафар либоси ҳам ушбу мамлакат паспортида мавжуд бўлган визалар саҳифасидан илҳомланиб яратилган. Паспортнинг бу саҳифасида Алп тоғларининг 3D топографик харитаси акс этган.
Чехия уй либоси
Чехия сафар либоси
Kelme (2 мамлакат)
Иордания уй либоси
Иордания сафар либоси

Босния ва Герцеговина уй либоси
Босния ва Герцеговина сафар либоси
Jako
Ироқ уй либоси
Ироқ сафар либоси
Reebok
Панама уй либоси
Панама сафар либоси
Kappa
Тунис уй либоси
Тунис сафар либоси
Umbro
Конго уй либоси
Конго сафар либоси
Marathon
Эквадор уй либоси

Эквадор сафар либоси

Capelli
Кабо-Верде уй либоси
Кабо-Верде сафар либоси
7Saber
Ўзбекистон уй либоси
Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун либослар етказиб берувчи 7Saber компанияси формани таништиришга бағишланган видеода маҳсулот миллий эканини урғулайди. Шунингдек, унинг сифати жаҳон даражасида бўлиб, одамларни ҳайратга солиши таъкидланган.
Ўзбекистон сафар либоси
Majid
Эрон уй либоси


Эрон сафар либоси


Saeta
Гаити уй либоси
Гаити сафар либоси






