2026 йил 4 май куни Урганчдаги D-219 йўлининг 13-километри, Жайхун кўчасидаги пиёдалар ўтиш жойидан бувиси ҳамроҳлигида ўтаётган 10 ёшли Учқун Аминбоев юқори тезликда келаётган 90 S 566 SА рақамли, бошқарувида эркак киши бўлган BYD русумидаги автомобиль уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлган.
ЙТҲ содир бўлган пиёдалар ўтиш жойи. Фото: Анварбек Машарипов.
Боланинг отаси Анварбек Машарипов Gazeta’га мурожаат қилиб, ўғли аварияга учраган ўша нуқтада икки йилнинг ичида уч инсон ЙТҲ қурбони бўлгани, қолаверса, қўл-оёғи синган, бели жароҳат олганлар ҳам борлигини айтиб, бошқа қурбонлар бўлмаслиги учун масъуллардан светофор ўрнатиб беришни сўраган эди.
Отанинг маълум қилишича, мақола чиққанининг эртаси куни — 13 май санасидан светофор ўрнатилиши бошланган. 22 май куни светофорни ишлатиб, ўчириб кетишган. 1 июндан эса тўлиқ ишга тушган.
Светофор Урганч йўллардан мунтазам фойдаланиш давлат муассасаси ва Хоразм ЙҲХБ ҳамкорлигида ўрнатилган.
ЙТҲ содир бўлган пиёдалар ўтиш жойида ўрнатилган светофор. Фото: Анварбек Машарипов.

Анварбек Машарипов, шунингдек, боласини уриб кетган ҳайдовчининг тергов масаласидан хавотирда эканини билдирмоқда. «Қандайдир одамлар аралашиб, иш ёпилишидан қўрқяпман», — дейди у.
Хоразм ИИБ матбуот котиби Зокир Исмоиловнинг маълум қилишича, мазкур ЙТҲни содир этган ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Бугунги кунда ҳайдовчи қамоқда. Экспертиза хулосаларини кутишяпти, келаси ҳафтада тергов тугатилиб, судга юборилиши режалаштирилган. Марҳумнинг отаси тергов жараёнидан тўлиқ хабардор, терговчи билан ҳар куни мулоқотда», — деди у.
Gazeta нашри йўл транспорт ҳодисаси сабаб вафот этган болаларни хотирлаш ва йўллардаги хавфсизликни оширишга ҳисса қўшиш мақсадида ЙТҲлардаги қурбон ҳамда жабрланувчи болаларнинг ҳикояларини ҳужжатлаштиришни мақсад қилган. Агар сиз ҳам вояга етмаган фарзандингиз ёки яқинингиз билан содир бўлган ЙТҲ ҳикоясини улашмоқчи бўлсангиз, махсус Telegram бот’имизга ёзинг.


