Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондан туриб Хитойнинг AliExpress маркетплейсида буюртмалар учун тўлов қилишнинг имкони бўлмаётгани ҳақида шикоятлар пайдо бўлди.
Gazeta ўқувчиларидан бирининг маълум қилишича, харидлар учун Visa ва MasterCard хорижий валюта карталари орқали тўлов қилиб бўлмаяпти. Таҳририят мухбири ҳам Visa картаси орқали буюртма учун тўлов қилишга уриниб кўрди, бироқ сайтда хатолик юзага келди.
Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, ушбу маркетплейсдан ички бозорда топиш қийин бўлган товарларни, масалан, маиший техника ёки автомобиллар учун эҳтиёт қисмларни буюртма қилиш мумкин эди.
Унинг фикрича, агар давлат бундай харидлардан ҚҚС ундиришни мақсад қилган бўлса, буни посилкаларни қабул қилиб олиш вақтида амалга оширса бўларди.
«Камёб моделдаги чангюткич фильтри учун ўша 12 фоизли ҚҚСни посилкани олаётган вақтимда жон деб тўлаган бўлардим. Чунки ҚҚСнинг мазмуни шундаки, барибир биз платформага тўлаймиз, платформа эса давлатга тўлайди», — деб қайд этди муштарий.
Электрон тижорат бозори регулятори ҳисобланган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Gazeta сўровига жавобан AliExpress платформаси бўйича ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
«Агентлик томонидан Солиқ қўмитаси ва бошқа ваколатли органлар билан биргаликда AliExpress платформасининг солиққа тортиш ҳамда электрон тижорат соҳасидаги Ўзбекистон қонунчилиги талабларига риоя этиши юзасидан ўрганиш ўтказилмоқда. Ўрганиш натижалари ва кўрилган чоралар тўғрисида қўшимча равишда хабар қилинади», — дея маълум қилди ИЛМА.
Шу билан бирга, агентлик Visa ва MasterCard орқали тўловларни чеклаш масаласи унинг ваколатларига кирмаслигини қайд этди.
Маркетплейслар учун янги талаблар
Gazeta ёзганидек, президент фармонига биноан 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда ҳақиқатда фаолият юритаётган, аммо солиқ ҳисобида турмаган хорижий онлайн-компаниялар ишини чеклаш режалаштирилганди. Уларга рўйхатдан ўтиш учун 30 кунлик муддат берилиши кўзда тутилганди.
Ўшанда Солиқ қўмитаси ўзбекистонликларнинг хорижий компанияларга амалга оширган тўловлари тўғрисидаги «эгасизлантирилган» маълумотларни олиш ниятида эканини маълум қилган. Бу ерда гап, хусусан, хорижий онлайн-платформалар хизматлари — фриланс, таълим, кўнгилочар соҳалар, обуналар ва рақамли сервислар учун тўловлар, шунингдек, хорижий маркетплейслардан товарлар сотиб олиш ҳақида бормоқда.
Идоранинг тушунтиришича, ушбу сўров жисмоний шахсларнинг 2023−2025 йилларда электрон хизматлар кўрсатган 83 та хорижий компания фойдасига амалга оширган пул ўтказмалари тўғрисидаги «эгасизлантирилган» маълумотларга тегишли бўлган. Маълумотлар, идора қайд этишича, ҚҚСнинг тўғри ҳисобланиши ва тўланишини текшириш учун зарур.
Май ойида Олий Мажлис Сенати электрон тижоратни такомиллаштириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади ва уни кўриб чиқиш учун президентга юборди. Ҳужжатга кўра, маркетплейслар орқали Ўзбекистонга товар сотувчи хорижий компаниялар ҚҚС тўловчиси деб эътироф этилади. Бундан ташқари, савдо платформалари операторлари учун янги талабларни жорий этиш режалаштирилган.
Парламент юқори палатаси маълумотларига кўра, сўнгги саккиз йил ичида Ўзбекистонда электрон тижорат ҳажми 20 бараварга ўсиб, 1,3 млрд долларга етган. Электрон савдо платформалари сони 90 тадан ошди. Мамлакатда йирик халқаро платформалар, жумладан, юридик шахс ёки ваколатхонасини очган Yandex, Ozon, Wildberries фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, 70 дан ортиқ миллий савдо платформалари ишлаб турибди, улар сирасига Uzum, Sello ва Zood Mall киради.
Сенат йиғилишида келтирилган маълумотларга кўра, 2024 йилда халқаро курьерлик жўнатмалари орқали Ўзбекистонга 167,5 млн долларлик товарлар импорт қилинган. 400 минг жисмоний шахс умумий ҳисобда 3,23 миллионта буюртмани расмийлаштирган. Улардан 1994 киши деярли 2 млн долларлик 100 дан ортиқ буюртмага эга бўлган.
Мисол тариқасида Wildberries фаолияти келтирилди. Компания Ўзбекистонда WB INT EXPORT компаниясини ташкил этган ва 2022−2024 йилларда 51,2 млрд сўм солиқ тўлаган бўлиб, шундан 42,8 млрд сўми ҚҚС ҳиссасига тўғри келган.
