Қирғизистон Европа Иттифоқига парвозларни амалга ошириши тақиқланган авиаташувчилар рўйхатидан чиқарилди. Мамлакат ушбу рўйхатда 2006 йилдан бери қолаётган эди. Бу ҳақда президент Садир Жапаровнинг матбуот хизмати Европа комиссиясининг Мобиллик ва транспорт бўйича бош директорати (DG MOVE) билдиришномасига таяниб хабар берди.

Қирғизистонда сертификатланган барча авиаташувчилар ЕИ ҳудудига учиш тақиқи остига тушган авиакомпаниялар рўйхатидан чиқарилди, дейилади хабарда.

Қарор ЕИ Парвозлар хавфсизлиги қўмитасининг (ASC) 19−21 май кунлари бўлиб ўтган йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинди. Матбуот хизматининг қайд этишича, ушбу қарор Европа комиссияси регламенти билан мустаҳкамлаб қўйилади.

Европа комиссияси эришилган ютуқларни, жумладан, техник маслаҳатлашувлар натижаларини, 2026 йил март ойидаги баҳолаш ташрифини ҳамда Брюсселдаги муваффақиятли эшитувларни юқори баҳолади, дейилади хабарда.

2026 йилнинг март ойида Қирғизистон расмийлари мамлакатга Airbus А321 самолётларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолаганди.