• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда терроризмни молиялаштиришда айбланган 8 киши қамалди


Ички ишлар идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Суриядаги террористик ташкилотга пул ўтказиб келган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро, Андижон ва Фарғона вилоятларида яшовчи 28−39 ёш оралағидаги 8 нафар фуқаро Сурия давлатидаги «Ғуроба катибаси» террорчилик ташкилоти медиа блогери, қирғизистонлик Абдулмуҳсин Усмоновнинг ғоявий-психологик таъсирлари оқибатида унга тегишли ҳисоб рақамларга пул ўтказиб берган.

У терроризмга оид жиноятларни содир этганликда айбланиб, Қирғизистон томонидан халқаро қидирувга берилган. Саад Мухтор тахаллуси билан танилган мазкур шахс Telegram орқали Фаластинда жабр кўрган мусулмонларга эҳсон қилиш ниқоби остида пул йиғиш билан шуғулланган.

Тўпланган маблағлар эса Ғазо секторида оғир шароитда қолган мазлумларга эмас, Суриядаги жангариларнинг озиқ-овқати, кийим-кечаги ва қурол-яроғи учун сарфланган.

«YouTube`да видео кўрганимизда унинг тагида ҳисоб рақам қолдирган. Шу ҳисоб рақамга пул туширсанглар, болаларга ёрдам берамиз. Шунга пул ўтказганман», — дейди айбланувчилардан бири.

«Ота-онам ўзлари емай институтда ўқитган, карьера қилдим, яхши ишга жойлаб қўйишди, уйли-жойли қилишди-да, энди боламни роҳатини кўраман деганда, бир эҳтиросга берилишим, бир нарсани текширмасдан дарров ишониб кетишим оқибатида мен ота-онамни жудаям қаттиқ хафа қилиб қўйдим», — дейди алданганлардан яна бири.

дхх, терроризмни молиялаштириш

Суд ҳукмига кўра, мазкур жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган шахсларнинг:

  • 7 нафарига 3 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси;
  • 1 нафарига 4 йил 4 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жиноят кодексининг 155−3-моддасига мувофиқ, терроризмни молиялаштириш жинояти учун 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

ДХХ фуқароларни ижтимоий тармоқлардаги турли шубҳали хайрия даъватларига ишонмасликка ва огоҳ бўлишга чақирди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *