Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли болалар учун яна тўртта Imkon реабилитация маркази қурилади. Уларнинг бири жорий йил кузидаёқ Самарқандда очилади. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева тармоқни кенгайтириш режаларига бағишланган тадбирда маълум қилди, деб хабар бермоқда Gazeta мухбири.
Ҳозирда Imkon марказлари Тошкент вилоятининг Қибрай туманида, Нукус, Қарши ва Навоий шаҳарларида фаолият юритмоқда. Шунингдек, Навоийда Umid маркази ҳам ишлайди. Уларда алоҳида эҳтиёжли болаларга реабилитация ва таълим хизматлари кўрсатилади.
«Мен ҳар доим Янги Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида Imkon реабилитация марказлари пайдо бўлишини орзу қилардим. Марказ қуриш бир масала, аммо болалар ва уларнинг оилалари билан ишлайдиган кучли мутахассислар жамоасини шакллантириш анча қийин. Бугун эса бу орзу амалга оша бошлаяпти. Imkon марказлари тармоғини кенгайтириш — кўп йиллик орзумизнинг рўёби ва сифатли реабилитация хизматларини мамлакат бўйлаб болалар учун янада яқинлаштириш йўлидаги муҳим қадамдир», — деди Шаҳноза Мирзиёева.
Фото: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Агентлик маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 173,3 минг нафар ногиронлиги бўлган бола яшайди. Imkon марказлари тармоғи фаолият юритган 2019−2025 йиллар давомида 11,6 минг нафар болага ёрдам кўрсатилган, ўтказилган машғулот ва муолажаларнинг умумий сони эса қарийб 1,5 миллионга етган.
Агар 2019 йилда Нукусдаги марказ иш бошлаган биринчи йили мутахассислар томонидан 59 309 та машғулот ва муолажа ўтказилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич бутун тармоқ бўйича 546 802 тага етган. Шу тариқа кўрсатилаётган хизматлар ҳажми қарийб тўққиз баравар ошган.
Қибрайдаги Imkon марказига ташкил этилган матбуот тури доирасида меҳмонларга муассаса фаолияти яқиндан таништирилди. Улар реабилитация хоналари, мактабгача таълим гуруҳлари, ижодий майдонлар ва махсус машғулот хоналарини кўздан кечирди.
Imkon маркази қандай ишлайди?
Imkon марказлари бир ҳудуднинг ўзида бир нечта йўналишни бирлаштиради: ихтисослаштирилган мактабгача таълим, тиббий ва ижтимоий реабилитация, коррекцион машғулотлар, ота-оналарни қўллаб-қувватлаш ва оилага комплекс ёрдам кўрсатиш.
Болалар учун барча муолажалар, реабилитация дастурлари ва машғулотлар мутлақо бепул.

Марказлардаги мактабгача таълим бўлимлари 150 нафар болага мўлжалланган. Болалар боғчалари 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган тарбияланувчиларни қабул қилади. Улар узлуксиз коррекцион таълим ва кунига беш маҳал овқат билан таъминланади.
Амбулатор йўналиш бўйича ҳар бир марказ ҳар ойда 80−100 нафар болани қабул қилади. Реабилитация хизматлари 2 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга кўрсатилади. Боланинг ҳолатига қараб бир реабилитация курси ўртача бир ой давом этади. Курс бошланишидан олдин бола дефектологлар, педагоглар ва шифокорлардан иборат махсус комиссия томонидан кўрикдан ўтказилади. Шундан кейин ҳар бир бола учун алоҳида йўналиш харитаси ва реабилитация дастури ишлаб чиқилади.
Дастур доирасида психолог ва дефектолог билан индивидуал машғулотлар, массаж, даволаш жисмоний тарбияси ҳамда бошқа муолажалар ўтказилади. Боланинг ташхисига қараб дастур индивидуал тарзда шакллантирилади.

Imkon марказларида неврологлар, психоневрологлар, травматолог-ортопедлар, офтальмологлар, оториноларингологлар, педиатрлар, реабилитологлар, дефектологлар, психологлар, логопедлар ва даволаш жисмоний тарбияси инструкторларидан иборат кўп тармоқли мутахассислар жамоаси фаолият юритади. Бу ёндашув ҳар бир бола учун алоҳида кузатув ва реабилитация дастурини ишлаб чиқиш имконини беради.
Марказ мутахассислари малакасини мунтазам ошириб боради ва Россия ҳамда Хитойдаги ҳамкасблари билан тажриба алмашади. Фақат Қибрайдаги Imkon марказининг ўзида 133 нафар мутахассис меҳнат қилади.
Марказлар Германия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Россия ва АҚШда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Улар орасида юқори технологияли тренажёрлар, сенсорли интеграция заллари, коррекцион машғулотлар, акватерапия, эртак терапияси ва реабилитациянинг бошқа йўналишлари учун мўлжалланган хоналар бор.
«35 нафар бола умумтаълим мактабларига чиқди»
Қибрай туманидаги Imkon маркази директори Озода Улуғованинг айтишича, марказларга энг кўп мурожаат қиладиганлар болалар церебрал фалажи ва ирсий генетик касалликларга чалинган болалардир. Реабилитация дастурлари, аввало, таянч-ҳаракат тизимидаги бузилишлар билан ишлашга қаратилган.
«Марказда даволаш жисмоний тарбияси кабинети алоҳида ўрин тутади. Натижалар яхши: Қибрай маркази очилганидан бери 50 нафар бола мустақил юришни бошлади, яна 70 нафари эса ўз эҳтиёжларини мустақил бажариш кўникмаларини ўзлаштирди», — дея натижалар билан бўлишди Озода Улуғова.

Марказларнинг асосий вазифаларидан бири нафақат реабилитация қилиш, балки болаларни жамиятда тўлақонли ҳаётга тайёрлаш, жумладан, инклюзив ва умумтаълим мактабларида ўқишга тайёрлашдан иборат.
«Марказ очилганидан буён менинг 97 нафар битирувчим бўлди. Уларнинг 35 нафари умумтаълим мактабларига, 37 нафари ихтисослаштирилган мактабларга борди, 25 нафари эса уй шароитида таълим олишни давом эттирмоқда», — деди директор.
«Ота-оналар билан бирга анча яхши натижаларга эришамиз»
Амбулатор реабилитациядан ўтаётган болалар куннинг иккинчи ярмида ота-оналари билан бирга келади ва улар иштирокида индивидуал машғулотларда қатнашади.
Озода Улуғованинг таъкидлашича, марказларда болаларнинг оилалари билан ишлашга катта эътибор қаратилади. Ота-оналарга курс давомида ва у тугагач уйда бажарилиши лозим бўлган машқлар кўрсатилади. Бу эришилган натижаларни сақлаб қолиш учун муҳим ҳисобланади.
«Агар реабилитациядан кейин бола уйда машғулотларни давом эттирмаса, эришилган натижанинг бир қисми йўқолиши ва ишни яна бошидан бошлашга тўғри келиши мумкин. Шунинг учун биз ота-оналарга албатта тавсиялар ва уй вазифаларини берамиз. Бундан ташқари, улар билан психолог ҳам алоҳида ишлайди», — деди Қибрай маркази раҳбари.

Қибрай марказида очилган кундан буён ишлаб келаётган дефектолог Алла Кимнинг сўзларига кўра, ҳар бир бола ўз суръатида ривожланади. Айрим болалар бир неча ой ичида сезиларли натижа кўрсатса, бошқаларига йиллаб тизимли иш олиб бориш талаб этилади.
Мутахассис аутизм спектри бузилиши ташхиси қўйилган 6 ёшли тарбияланувчи мисолида муваффақиятли натижа ҳақида сўзлаб берди. Боланинг марказга қатнай бошлаганига икки йил бўлган ва у 2027 йилда мактабга чиқиши кутилмоқда.
«Бола икки йил аввал марказга келганида мурожаат қилинган нутқни тушунмасди, ўз эҳтиёжларини ўзи бажариш кўникмаларига эга эмасди ва деярли гапирмасди — ҳатто алоҳида товушлар ҳам чиқармасди. Бугун вазият бутунлай бошқача. У мустақил овқатланади, ҳожатхонага боради, эҳтиёжларини ифода эта олади. Энг муҳими — нутқи пайдо бўлди. Ҳозир у керакли буюмни сўрай олади, кўрсатмаларни ва мурожаат қилинган нутқни яхши тушунади. Кийиниш, ечиниш ёки бошқа ҳаракатни бажариш сўралса, ишоралар ва қўшимча тушунтиришларсиз мустақил бажаради. Аутизм ташхиси қўйилган бола учун бу жуда катта ютуқдир», — деди мутахассис.

Унинг айтишича, сўнгги вақтларда аутизм спектри бузилиши ва бошқа руҳий ривожланиш бузилишлари бўлган болалар сони ортиб бормоқда.
«Тобора кўпроқ ота-оналар уч ёшли, деярли гапирмайдиган, баъзан ҳатто алоҳида товушлар орқали ҳам мулоқот қилмайдиган болалар билан мурожаат қилмоқда. Биз, аввало, ана шундай болаларга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз», — деди мутахассис.
Дефектологнинг таъкидлашича, энг катта муаммолардан бири ота-оналар билан ишлаш бўлиб қолмоқда. Кўпчилик дастлаб боласининг ташхисини қабул қилишга тайёр бўлмайди ва унинг ривожланиши шунчаки тенгдошларига нисбатан бироз секин кечяпти, деб ҳисоблайди. Шу сабабли улар мутахассислар тавсиялари ва мунтазам машғулотларнинг аҳамиятини ҳар доим ҳам тушунаверамайди.
«Бироқ вақт ўтиши билан ота-оналар ҳақиқий натижаларни кўра бошлагач, улар бизнинг ҳамкоримизга айланади. Шунда биз боланинг ривожланиши устида биргаликда ишлаймиз ва анча яхши натижаларга эришамиз», — деди шифокор.

Инклюзив таълим ҳақида гапирар экан, Алла Кимнинг фикрича, бугунги кундаги асосий тўсиқ жамиятнинг муносабати ҳисобланади.
«Баъзан соғлом болаларнинг ота-оналари фарзанди ривожланишида ўзига хос хусусиятлари бўлган болалар билан бирга ўқиши мумкинлигини қабул қилишга тайёр эмас. Бироқ менимча, вазият аста-секин ўзгармоқда. Бугун оммавий ахборот воситаларида ҳам ногиронлиги бўлган болаларнинг тенгдошлари билан мулоқот қилиши ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиши зарурлиги ҳақида тобора кўпроқ гапирилмоқда. Одамларнинг муносабати ҳам ўзгармоқда, педагоглар эса инклюзив муҳитда ишлаш учун зарур билим ва тажрибага эга бўлиб бормоқда. Ўйлайманки, вақт ўтиши билан бу тўсиқ ҳам енгиб ўтилади», — деди дефектолог.
Янги марказлар очилгач қанча бола хизматлардан фойдаланиши мумкин?
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Gazeta`га маълум қилишича, ихтисослаштирилган болалар боғчаси ва реабилитация марказининг бир ҳудудда жойлашиши болаларга нафақат зарур тиббий ва коррекцион ёрдам олиш, балки инклюзив ва умумтаълим мактабларида ўқиб, жамиятга босқичма-босқич мослашиш имконини ҳам беради.

Марказ хизматларига бўлган талабнинг ортиб бораётгани ушбу модель оилалар орасида талаб юқори эканини ва уни мамлакат ҳудудларида янада кенгайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Ҳар бир янги марказнинг очилиши алоҳида эҳтиёжли 150 нафаргача болани мактабгача таълим билан қамраб олиш имконини беради. Ташкилотчилар ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йили тахминан 1000−1200 нафар бола реабилитация хизматларидан фойдаланиши мумкин бўлади.
