• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон ва Туркия ҳарбий тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради



Ўзбекистон ва Туркия ҳарбий шифокорларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш, мутахассислар алмашинуви, беморларни биргаликда даволаш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш соҳаларида ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда душанба куни президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда сўз борди.

Шавкат Мирзиёевнинг январь ойида Туркияга қилган ташрифи чоғида икки давлат ҳукуматлари ўртасида ушбу соҳада таълим ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган эди. Тақдимотда мазкур ҳужжат доирасида амалга оширилиши таклиф этилаётган чора-тадбирлар намойиш этилди.

Битим даволаш иши, стоматология, фармацевтика, профилактика, тиббий-профессионал ва олий ҳамширалик иши йўналишлари, шунингдек, магистратура ва аспирантура бўйича мутахассислар тайёрлашни назарда тутади. Бундан ташқари, ҳарбий шифокорларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш режалаштирилган.

Томонлар тиббиётнинг илмий йўналишлари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, семинарлар, конгресслар ва симпозиумлар ўтказиш, ўқитувчилар, маслаҳатчилар, илмий ходимлар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш ниятида. Шунингдек, қўшма ўқув машғулотлари, беморларни биргаликда даволаш ва тиббиёт муассасаларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.

Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида давлат раҳбари ушбу битимни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни имзолаганини маълум қилди.

«Битимга мувофиқ, тиббиётнинг қарийб 10 та йўналиши, жумладан, стоматология, фармацевтика ва даволаш иши бўйича мутахассисларни ўқитиш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, тажриба алмашиш ҳамда беморларни даволаш соҳаларида ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган», — деди у.

Вазирнинг таъкидлашича, халқаро ҳамкорликнинг ривожланиши ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш, юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш ҳамда тиббиётнинг долзарб йўналишлари бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш имкониятларини кенгайтиради.

Апрель ойида президент мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедовнинг Туркия билан ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар тўғрисидаги маърузасини тинглаган эди. Учрашувда Туркия Қуролли кучларининг юқори мартабали вакили ҳам иштирок этган. Томонлар икки давлат мудофаа идоралари ўртасидаги келгусидаги ҳамкорлик масалаларини, жумладан, ҳарбий-техник ҳамкорлик, идоралараро алоқаларни кенгайтириш, қўшма тадбирлар ўтказиш ва ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш масалаларини кўриб чиққан.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *