• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қозоғистонда ЙТҲга учраган 17 ёшли ўзбекистонлик қиз ватанга қайтарилди


Миграция агентлиги Қозоғистон, Латвия ва Россияда қийин аҳволга тушиб қолган уч нафар Ўзбекистон фуқаросини ватанга қайтарди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

17 ёшли қиз Россияга Қозоғистон орқали автотранспортда йўл олган вақтда Атирау вилоятида бахтсиз ҳодисага учраган. Оқибатда у оғир жароҳатлар олиб, бир нечта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассиси маълум қилишича, беморда бешинчи бўйин умуртқаси синган ва орқа мия фаолияти бузилиши кузатилган.

«17 ёшли беморимиз Атирау шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаси туфайли жароҳат олиб, бешинчи бўйин умуртқаси синган. У икки марта операция қилинган. Ўзбекистонга мурожаат қилингач, беморни тўлиқ интенсив терапия назорати остида ватанга олиб келдик», — деди шифокор.

Унинг сўзларига кўра, бемор ҳозирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган бўлиб, аҳволи қониқарли.

Миграция агентлиги маълумотларига кўра, Латвияга мустақил равишда ишлаш учун кетган яна бир Ўзбекистон фуқароси ҳам ватанга қайтарилган. Қайд этилишича, у мамлакатга етиб боргач кафолатланган иш ўрни билан таъминланмаган ва кучли руҳий босим оқибатида инсультни бошдан кечирган. Даволанишдан сўнг унга шифокорлар назорати остида Ўзбекистонга қайтишга рухсат берилган.

Агентлик шу каби ҳолат Россияда ҳам кузатилганини маълум қилди. Идорага кўра, қийин аҳволга тушиб қолган яна бир фуқаро ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ажратилган шифокорлар кузатувида Ўзбекистонга олиб келинган. Унинг ҳолати ва мамлакатга қайтарилишига сабаб бўлган вазият юзасидан қўшимча маълумот берилмаган.

Миграция агентлиги фуқароларни хорижга ишлаш учун фақат хавфсиз, қонуний ва кафолатланган йўллар орқали боришга чақирди. Идора қайд этишича, хорижда оғир аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларига зарур ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *