Миграция агентлиги Япониянинг Proud Partners компанияси билан ҳамкорликда BC тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга фуқароларни Японияга ишга таклиф қилмоқда. Дастур доирасида юк ташувчи ҳайдовчи лавозимига 250 нафар номзод танлаб олинади.
Маълум қилинишича, иш ўринлари Япониянинг турли ҳудудларида жойлашган бўлиб, саралаш онлайн суҳбат орқали ўтказилади. Номзодлар «Хорижда иш» платформаси орқали резюме (CV) тўлдирганлар орасидан танлаб олинади.
Дастурда иштирок этиш учун номзодлар 21−35 ёш оралиғида бўлиши, BC тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши ҳамда C тоифасида камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлиши керак. Япон тилини билиш устунлик сифатида баҳоланади.
Танлаб олинган фуқаролар учун Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида (локация) саккиз ойлик бепул тайёрлов курси ташкил этилади. Курслар 2026 йил 15 июндан кейин бошланиши режалаштирилган. Иштирокчилар бепул ётоқхона билан таъминланади.
Миграция агентлиги маълумотига кўра, Японияда ҳайдовчиларнинг ойлик иш ҳақи 1200 доллардан 2000 долларгача бўлиб, келгусида ошиши мумкин. Шунингдек, ходимларга йилига икки марта бонус тўланади ва сменали иш жадвали таклиф қилинади.
Иш берувчи томонидан ишчи визаси, авиачипта, тиббий ҳамда ижтимоий суғурта харажатлари қопланади. Турар жой билан таъминланади, аммо унинг учун ҳар ой тахминан 200 доллар ушлаб қолинади. Овқатланиш харажатлари эса ходимнинг ўзи томонидан қопланади.
Розилик хати билан танишиш
Резюме (CV) тўлдириш
Қўшимча маълумот учун Миграция агентлигининг 1282 ёки (71) 202−33−55 (545) рақамларига мурожаат қилиш мумкин.
