• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорликда Бобур ҳақида фильм суратга олади – Gazeta


Ўзбекистон ва Покистон Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётига бағишланган қўшма фильм лойиҳасини амалга ошириш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаевнинг Покистон ахборот ва радиоэшиттириш федерал вазири Атаулла Тарар билан учрашуви якунлари бўйича маълум қилинди.

«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, мулоқот чоғида шу йил февраль ойида Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар ахборот алмашиш, телевидение, оммавий коммуникациялар ва медиа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, қўшма фильмлар суратга олиш истиқболларини муҳокама қилди.

Фото: «Дунё» ахборот агентлиги

Учрашувда икки мамлакат киноижодкорлари ҳамкорлигида Бобур ҳаётига бағишланган қўшма фильм лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томони мазкур ташаббусни кўп қисмли тарихий бадиий фильм сифатида тилга олган.

Шу билан бирга, Покистон ахборот ва радиоэшиттириш федерал вазири Атаулла Тарар Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган қисқа метражли фильм яратиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

«Бош вазир Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга амалга оширган ташрифларига бағишланган махсус ҳужжатли фильм яратиш устида ишлаяпмиз. Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган қисқа метражли фильм яратишда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Фильм Бобурнинг болалик даври, ушбу минтақага келиши ва ўз империясига асос солиши ҳақида бўлади», — деди вазир.

Томонлар Бобур фаолиятига бағишланган фильм лойиҳаси бўйича ишларни бошлаш мақсадида Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги ҳамда Покистон Ахборот ва радиоэшиттириш федерал вазирлиги мутасаддилари ўртасида онлайн учрашув ташкил этишга келишиб олди.

Учрашувда қўшма телелойиҳалар, видеороликлар ва махсус репортажлар тайёрлаш, икки давлат ОАВ вакиллари иштирокида малака ошириш курслари, тренинглар ва медиа-форумлар ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳияти ҳақида материаллар тайёрлаш мақсадида аввал покистонлик машҳур блогерларни, кейинчалик эса Покистоннинг телеканаллари, босма ва электрон нашрлари вакилларидан иборат ижодий делегацияни Ўзбекистонга юбориш таклифи қўллаб-қувватланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 5−6 февраль кунлари Покистонга давлат ташрифи чоғида Исломобод шаҳрида Бобур боғини барпо этиш ташаббуси илгари сурилган эди. Мазкур боғ Ўзбекистон халқидан Покистон халқига дўстлик рамзи сифатида тақдим этилиши кутилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида Saba Productions медиа компанияси билан Абу Али ибн Сино ҳақида ҳужжатли фильм муҳокама қилинган эди. Суратга олиш жараёни Истанбул ва Бухорода 3−12 апрель кунлари бўлиб ўтиши белгиланган эди. Лойиҳа тарихий меросни тарғиб қилиш ва Иккинчи ренессанс ғояларини ёритишга қаратилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *