Кунлар исиши билан инсон танасидан тер ажралиши кучаяди, оқибатда организмда сув етишмай қолиши мумкин. Шифокор-неврологларнинг таъкидлашича, ёзда кузатиладиган бош оғриқларининг энг асосий сабабларидан бири — суюқлик танқислиги.
Организмга сув етишмаслиги, ўз навбатида, миянинг қон билан таъминланишига таъсир қилади. Қон реологияси, яъни оқувчанлиги сусайиб, барча аъзолар, жумладан, энг кўп энергия сарфловчи орган — бош миянинг қон билан таъминланиши ёмонлашади. Бош оғриши шундан.
Ёз фаслида суткасига 2-2,5 литргача сув ичиш керак. Шунда мавсумий бош оғриқларидан қутулиш мумкин. Қишки суткалик сув меъёри эса 1,5-2 литр.
Бироқ бу тавсиялар соғлом одамлар учун! Агарда юрак ёки буйрак хасталикларига чалинганлар бўлса, кўп миқдордаги сув уларга акс таъсир қилиши ҳам мумкин. Албатта шифокор билан маслаҳатлашинг.