3 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Қонунчилик палатаси депутатлари 2025 йилги Давлат бюджетининг ижросини муҳокама қилиш чоғида камбағалликни қисқартириш ва бандликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлардан фойдаланиш масаласини кўтардилар.
Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Сайёра Имомова камбағалликни қисқартириш дастурларига бюджетдан салмоқли маблағлар сарфланаётганига қарамай, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда унинг идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятида «жиддий камчиликлар»га йўл қўйилганига эътибор қаратди.
Унинг сўзларига кўра, Камбағалликни қисқартириш бўйича давлат мақсадли жамғармаси харажатларига ажратилган 485,6 млрд сўмнинг 63,9 фоизигина ўзлаштирилган.
Бундан ташқари, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси томонидан ишсизлик нафақалари ва моддий ёрдам учун кўзда тутилган маблағларнинг 75 фоизи (48,6 млрд сўм) ўзлаштирилмаган. Субсидияларга бюджетдан ажратилган маблағнинг атиги 27 фоизи сарфланган.
Шунингдек, депутат аёлларга субсидиялар ажратиш билан боғлиқ вазиятни «энг оғриқли масала» деб атади. Унинг таъкидлашича, ҳоким ёрдамчилари тавсиялари асосида 40 минг нафар аёлга субсидия ажратиш режалаштирилган бўлса-да, амалда бу имкониятдан атиги 7 минг нафари фойдаланган.
«Минглаб ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ва аёллар кўмак кутиб турган бир шароитда, нега бу маблағлар ўз ўрнида ишлатилмади? Бундай сусткашлик ва камчиликларга чек қўйиш вақти келмадими?» — дея савол берди депутат.
Сайёра Имомова
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Алишер Муротовнинг маълум қилишича, президентнинг 2024 йил 24 сентябрдаги «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш тўғрисидаги ПҚ-330-сонли қарорига мувофиқ, учта жамғарма негизида ягона Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилган.
Унинг сўзларига кўра, жамғарма фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори 2025 йил 11 мартда қабул қилинган. Шундан сўнг уч ойдан ортиқ вақт мобайнида online-mahalla.uz платформаси орқали 11 турдаги молиявий ёрдам бўйича аризаларни шакллантириш ва subsidiya.imv.uz платформаси орқали тўловларни амалга ошириш жараёнлари босқичма-босқич рақамлаштирилган.
Муродов 11 турдаги молиявий ёрдам доирасида 7 та субсидия, 3 та ссуда ва 1 та грант воситаси жорий этилганини таъкидлади. Субсидияларга 110 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган бўлиб, унинг 91 фоизи ўзлаштирилган.
Шу билан бирга, илгари субсидия сифатида кўзда тутилган ссудалар бўйича маблағлар 42 фоизга (251 млрд сўмдан) ўзлаштирилди. Вазир ўринбосари буни қўллаб-қувватлаш воситалари ссуда форматига ўтказилгани, уларни рақамлаштириш ва скоринг талабларини жорий этиш эса вақт талаб қилгани билан изоҳлади. «Бу инсон омилини чеклаш учун қилинди», — деди у.
Муродов Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларига алоҳида тўхталиб ўтди. Унга кўра, давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан ишсизлик нафақалари ва стипендияларга қарийб 65 млрд сўм йўналтирилиши режалаштирилган эди. Йил давомида тўловлар оптималлаштирилгани сабабли режа 24 млрд сўмгача камайтирилди, йил якунида эса ижро 68 фоизни ташкил этди.
Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратиладиган молиявий ёрдам турларини тайинлаш ва тўлаш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Масалан, ишсизлик нафақаси охирги беш йил ичида камида 1,5 йил ишлаган шахсларга, агар улар меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин олти ой ичида мурожаат қилса, тайинланади. Олдинги нафақа олиш даври тугаганидан кейин ишсизлик нафақасини қайта тайинлаш учун камида 12 ойлик қўшимча меҳнат стажига эга бўлиш талаб этилади.
Шунингдек, стипендиялар бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун стипендиялар ҳамда «Ижтимоий реестр»га киритилган оилаларнинг ишсиз аъзоларига тўловлар жорий этилди.
Вазир ўринбосари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 февралдаги 64-сонли қарорини ҳисобга олган ҳолда, «аҳолида қизиқиш уйғотмаган», узоқ вақт фойдаланилмаган, самарадорлиги паст бўлган ёки бир-бирини такрорлаган 14 турдаги субсидия бекор қилинганини маълум қилди.
Бандлик вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, уларнинг ўрнига кам таъминланган оилаларнинг тадбиркорлик ва даромадли меҳнат фаолиятини йўлга қўйиши учун фоизсиз ссудалар ва бошқа молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилган.
У ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари бўйича субсидия ажратилиши керак бўлган хотин-қизлар борасидаги кўрсаткич тўлиқ бажарилмаганини тан олди. Бироқ, Муродовнинг айтишича, бу қўллаб-қувватлаш ҳажмининг қисқариши билан эмас, балки уни тақдим этиш механизмлари ўзгаргани билан боғлиқ.
«Субсидиялар ўрнига аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришга қаратилган янги молиявий воситалар — ссудалар жорий этилди», — деди у.
Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров жавобни изоҳлар экан, 2026 йилда бу масалалар бўйича «жиддий чоралар» кўрилаётганини айтди.
«Бу йил сиз айтган камчиликларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламиз. Ҳоким ёрдамчилари тавсияси билан хотин-қизларга бериладиган субсидиялардан фойдаланишга бу йил алоҳида эътибор қаратилмоқда. Умид қиламанки, ярим йиллик ҳисоботда сизга яхшироқ рақамлар ва натижаларни тақдим этамиз», — деди у.
Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов объектив сабабларга қарамай, муаммонинг ўзи сақланиб қолаётганини алоҳида таъкидлади.
«Ҳоким ёрдамчилари 40 минг нафар хотин-қизга субсидия ажратиш бўйича тавсия бераяпти-ю, уни 7000 нафари олаяпти. Бу нима дегани? Барибир бунга танқидий ёндашиш керак, вазирлик буни таҳлил қилиб, бу йил бундай ҳолат такрорланмаслиги учун чора кўриши лозим», — деб таъкидлади у.
2025 йилда нафақалар ва моддий ёрдамни (шу жумладан, Ижтимоий ҳимоя ягона реестри орқали) молиялаштиришга 17,5 трлн сўм йўналтирилди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда ижтимоий нафақалар учун харажатлар 8,9 фоизга ёки 2,3 трлн сўмга — 25,9 трлн сўмдан 23,6 трлн сўмга камайган эди. Давлат бюджетидан нафақалар, моддий ёрдам ва бошқа компенсациялар учун 15,4 трлн сўм ажратилди, бу 2023 йилга (19,2 трлн сўм) нисбатан 3,8 трлн сўмга ёки 19,8 фоизга камдир.
