Қозоғистонда жинсий зўравонликка оид ишлар аёл терговчиларга топширилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазири ўринбосари Санжар Адилов маълум қилди, деб хабар бермоқда «Казинформ».
Адиловнинг сўзларига кўра, ушбу қарор жабрланувчиларнинг қўшимча руҳий травма олишларини камайтириш ва тергов органларига бўлган ишончни оширишга қаратилган.
Парламентдаги «давра суҳбати»да иштирок этган Адилов, шунингдек, ИИВ сталкинг учун жавобгарликни кучайтиришни ва унга «такрорийлик» белгисини қўшишни таклиф қилганини айтди. Унинг тушунтиришича, айрим маҳкумлар ҳатто ҳукм чиқарилиб, жазони ўтаб бўлганларидан кейин ҳам ўз қурбонларини таъқиб қилишда давом этган.
Жиноят кодексига сталкинг ҳақидаги модда 2025 йилнинг июль ойида киритилганди. Адиловнинг сўзларига кўра, салкам бир йил ичида ушбу модда бўйича 83 та иш судга содир этилган.
Қозоғистонда Салтанат Нукенованинг ўлдирилиши жуда катта резонансга сабаб бўлган. У 2023 йилнинг ноябрь ойида содир бўлган жанжал вақтида эри — мамлакат собиқ иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев томонидан калтакланиши оқибатида вафот этганди.
2024 йилнинг апрель ойида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев оиладаги зўравонликни криминаллаштириш тўғрисидаги қонунни имзолаган. Одамлар тилида у «Салтанат қонуни» деб аталади. Ўша йилнинг май ойида Бишимбаев 24 йилга озодликдан маҳрум этилганди.
