3 июнь куни Қонунчилик палатасида 2025 йилги давлат бюджети ижроси муҳокамаси чоғида депутатлар талабалар турар жойлари қурилиши масаласини кўтарди.
«Миллий тикланиш» партияси фракцияси депутати Сайёра Жумаева етарли молиялаштиришга қарамай, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг айрим мақсадли кўрсаткичлари тўлиқ бажарилмаганини таъкидлади.
Хусусан, унинг сўзларига кўра, давлат-хусусий шериклик асосида қурилиши режалаштирилган талабалар турар жойларининг сиғими 12 215 ўрин этиб белгиланган бўлса-да, амалда кўрсаткич 90,7 фоизга бажарилган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов 2025 йилда қарийб 11 084 ўринли 20 та талабалар турар жойи фойдаланишга топширилганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, муаммо бюджет маблағлари етишмаслиги билан боғлиқ эмас.
«Пул билан ҳеч қандай масала йўқ. Бу талабалар турар жойлари давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлар томонидан ва уларнинг маблағлари ҳисобидан қурилмоқда», — деди вазирлик вакили.
Унинг айтишича, 5900 ўринга мўлжалланган олтита ётоқхона 2026 йилга кўчирилгани сабабли мақсадли кўрсаткич тўлиқ бажарилмаган. Вазирлик мазкур лойиҳалар бўйича ишлар давом этаётганини, ётоқхоналарни янги ўқув йили бошлангунга қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилганини билдирди.
Жамшид Қўчқоров. Фото: Қонунчилик палатаси
Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров мазкур масалага изоҳ берар экан, вазирликлар учун мақсадли индикаторларнинг жорий этилиши бюджет маблағларининг ўзлаштирилишинигина эмас, балки эришилган натижаларни ҳам баҳолаш имконини беришини таъкидлади.
«Биз яқин-яқингача, фараз қилайлик, битта вазирлик, Олий таълим вазирлиги бўлсин, шунга пул бердик — ойлик берилди, стипендия, ремонт бўлди, жиҳоз олинди. Бироқ „нималарга эришилди?“ деган саволга жавоб йўқ эди. Мана, ўзларингиз, бир-икки йил бўлди, шуни тасдиқлаяпсизларки, индикаторлар [пайдо бўлди]. Вазирлик ёки идорага маблағ берилса, „нима натижага эришди ўзи?“ деган савол бор», — деди у.
Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, бундай кўрсаткичлар вазирликларни «бир мақсадга интилишга» ундайди ва улар фақат «пулни олдим ва ишлатдим» деган эмас, балки «ушбу маблағлар ҳисобига қандай натижага эришдим» деган саволга ҳам жавоб беришига хизмат қилади.
Қўчқоров талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш тўғри ёндашув эканини таъкидлади.
«Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари асосида қурилган ётоқхоналар ўзини-ўзи оқлаяпти. Мен ўзим бир-иккита ё учтасига кирганман… Эксплуацияси жуда ҳам яхши, тоза ва ҳоказо. Талабалар хурсанд, яъни уларда қониқиш бор», — деди у.
Қўчқоровнинг айтишича, айрим лойиҳалардаги кечикиш Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалардан бирини қайта кўриб чиқиш зарурати билан боғлиқ.
«Лойиҳа ҳозир йўлга тушиб кетди. Насиб бўлса, 2026 йилда сиз айтган натижаларга етиб оламиз», — деди бош вазир ўринбосари.
Жамшид Қўчқоров бюджет ижроси бўйича маърузасида 2025 йилда талабалар турар жойлари қурилиши лойиҳалари учун 276 млрд сўм ажратилганини маълум қилди.
Президентнинг 30 августда қабул қилинган 2024−2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, ЕТТБ ва бошқа молия институтлари кўмагида Тошкент шаҳрида 17 минг ўринли талабалар турар жойлари қурилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 176 млн долларга баҳоланган.
Эслатиб ўтамиз, Олий таълим вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда талабаларнинг тахминан 41 фоизи ётоқхона ўринлари билан таъминланган. 2020 йилда бу кўрсаткич 28 фоизни ташкил этган. Ўринлар сони икки қаватли каравотлардан фойдаланиш, жойлаштиришни оптималлаштириш ва янги ётоқхоналарни ишга тушириш ҳисобига оширилган. Шунга қарамай, 2022/2023 ўқув йили бошида кўплаб талабалар ётоқхона ўринлари етишмаслиги муаммосига дуч келган. Ўшанда Tashkent Index савдо-ишлаб чиқариш мажмуасида вақтинчалик ётоқхона очилган эди.
2023 йилдан бошлаб Ўзбекистон талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш учун хорижий инвесторларни жалб қилишни бошлади. Аввалроқ лойиҳаларда фақат маҳаллий тадбиркорлар иштирок этган, аммо уларда узоқ муддатли кредитларга талаб юқори экани қайд этилган.
