• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда тиббий суғуртага ўтиш вақт талаб қилади — ССВ


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 3 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда 2025 йилги давлат бюджети ижросини муҳокама қилиш чоғида давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш масаласини кўтарди.

«Адолат» социал-демократик партияси фракцияси депутати Зуҳриддин Мавлонов мазкур тизим аҳолини сифатли ва кафолатланган тиббий хизматлар билан таъминлаш мақсадида жорий этилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, депутатларнинг ҳудудларда сайловчилар билан учрашувлари вақтида энг кўп шикоятлар дори воситалари билан таъминлаш масаласи юзасидан билдирилмоқда.

«Депутатлар томонидан ҳудудларга бориб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказилганда энг кўп эътирозлар дори-дармон харид қилиш масаласи бўйича бўляпти», — деди у.

Депутат президент раислигида май ойида ўтказилган селектор йиғилишида ҳам мазкур соҳа танқид қилинганини эслатди. Ўшанда маблағлардан мақсадли фойдаланиш, тизимни рақамлаштириш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада ривожлантириш бўйича вазифалар белгиланганди.

Ҳисобот маълумотларига кўра, 2025 йилда соғлиқни сақлаш соҳаси учун давлат бюджетидан ажратилган 43 трлн сўмнинг 22 трлн сўми тиббий суғуртага йўналтирилган, деди депутат.

Шу муносабат билан, Мавлонов икки савол билан мурожаат қилди:

  1. Ҳисоб палатасининг Давлат тиббий суғурта жамғармасини республика бюджети орқали тўғридан тўғри бошқариш ҳақидаги таклифига Соғлиқни сақлаш вазирлиги қандай қарайди?
  2. Давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматларни аҳоли амалда ҳис қилиши учун тиббий суғурта тизими қачон тўлиқ ишлай бошлайди?

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Шерзод Муҳамедов мамлакатда тиббий суғурта тизимини жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилаётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, ислоҳот муддатларини баҳолашда ривожланган давлатлар тажрибасини ҳисобга олиш зарур.

«Бу борада хорижий, яъни ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганилганда, шу ривожланган давлатларга ҳам тиббий суғурта тизимига тўлиқ ўтиш учун 10−20 йил кетганининг гувоҳи бўлишимиз мумкин», — деди у.

Муҳамедов мисол сифатида Туркияни келтирди. У ерда тиббий суғурта жамғармаси 2003 йилдан жорий этила бошланган. Унинг айтишича, Японияда бундай жараёнлар қарийб 40 йил давом этмоқда, Жанубий Кореяда эса соғлиқни сақлаш тизимини тиббий суғурта билан тўлиқ қамраб олиш учун 12 йил талаб қилинган.

«Шуларни инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда ҳам тиббий суғурта тизимига ўтиш бўйича босқичма-босқич ишлар белгилаб олинган ва бугунги кунда биз тўлиқ тиббий суғурта билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича ишламоқдамиз», — деди вазир ўринбосари.

Муҳамедовнинг сўзларига кўра, ислоҳотнинг якуний мақсади маблағлар тиббиёт муассасаларига эмас, балки фуқароларга боғланган тизимни яратишдан иборат.

«Соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш орқали маблағлар тиббиёт муассасалари эмас, балки фуқаролар орқасидан юрадиган бир тизимни яратиш пировард натижа сифатида белгилаб олинган», — деди у.

Вазир ўринбосари Ўзбекистон бундай тизимга «яқин йилларда» ўта олиши мумкинлигини билдирди.

Ҳисоб палатасининг Давлат тиббий суғурта жамғармаси молиялаштирилишини бошқариш схемасини ўзгартириш бўйича таклифига муносабат билдирган Муҳамедов мазкур масала Ҳисоб палатаси ва халқаро молия институтлари билан биргаликда ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

«Ҳисоб палатасининг тавсияларига келадиган бўлсак, тўғри, ушбу тизимни ривожлантириш учун Ҳисоб палатаси халқаро молия институтлари билан биргаликда ишлар амалга оширилмоқда. Ва бу таклифларни биз ҳукуматда келгуси йил учун бюджет лойиҳасини кўриб чиқишда муҳокама қиламиз ва сизлар билан ҳам маслаҳатлашган ҳолда бу тизимни жорий қилишга умид қиламиз», — деди вазир ўринбосари.

Аввалроқ бюджет ижроси бўйича маърузасида бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2025 йилда соғлиқни сақлаш соҳаси учун бюджетдан 43,3 трлн сўм ажратилганини маълум қилган эди.

Унинг сўзларига кўра, 15 та туманда пилот тарзда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг янги тизими жорий этилган. Мазкур муассасаларни жорий таъмирлаш, рақамлаштириш, жиҳозлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 368 млрд сўм йўналтирилган.

Қўчқоров, шунингдек, Давлат тиббий суғурта жамғармаси хусусий тиббиёт муассасаларининг ривожланишига ҳам ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Жамғарма орқали шартнома асосида хизмат кўрсатувчи хусусий клиникалар сони 2024 йилдаги 49 тадан 2025 йилда 86 тага етган.

2025 йил май ойида Шавкат Мирзиёев тиббий суғурта тизимини жорий этиш йилдан йилга сурилиб келаётганини танқид қилганди. Ўша пайтда «Электрон рецепт», «Электрон поликлиника» ва «Электрон шифохона» тизимлари ишга туширилмаганди. Соғлиқни сақлаш вазирининг икки нафар ўринбосари лавозимидан озод этилган, яна бири эса огоҳлантирилганди.

Жорий йил май ойида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири этиб бунга қадар Президент администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти шуъба мудири бўлиб ишлаган Элдор Адилов тайинланди. Асилбек Худаяров эса бошқа ишга ўтгани муносабати билан вазир лавозимидан озод қилинган, аммо унинг янги лавозими ҳозирча маълум қилинмаган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *