Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиев Gazeta сўровига асосан футбол бўйича мамлакат терма жамоаси футболчилари ва мураббийлар штаби Нью Йоркда Нидерландияга қарши ўртоқлик учрашуви олдидан кучайтирилган тешкирувдан ўтказилгани билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди.

«Футболчиларимиз билан содир бўлган воқеа юзасидан мамлакатимизнинг Нью Йоркдаги Бош консулхонаси орқали АҚШнинг тегишли идоралари билан алоқа ўрнатилди ва вазият бўйича расмий тушунтириш берилиши сўралди», — деди у.

«Ҳар қандай хавфсизлик чоралари давлатларнинг ички қоидаларига мувофиқ қўлланишини тушунган ҳолда, бу каби жараёнлар спорт тадбирлари руҳига, хусусан, ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатларга путур етказмаслиги муҳим деб ҳисоблаймиз», — дея таъкидлади ТИВ вакили.

Кейинроқ терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро бу стандарт хавфсизлик тартиб-қоидаси бўлганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, содир бўлган воқеада «ҳеч қандай скандал йўқ» ва «ҳеч қандай нолойиқ ёки ҳурматсиз муносабат бўлмаган».

Gazeta ёзганидек, 8 июнь кунги ўйин олдидан хавфсизлик хизмати вакиллари Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини қўл металлодетекторлари ёрдамида текширувдан ўтказган. Шунингдек, улардан сумка ва анжомларини автобус ёнидаги ерга қўйиш сўралган. Яқин атрофда хавфсизлик соҳаси вакиллари ва ўз ити билан кинолог ҳам бор эди.

Жамоа устози Фабио Каннаваро бундай текширувдан ҳайратда эканини билдирган. Ўзбекистон футбол ассоциацияси Gazeta`га текширув хавфсизлик масалалари билан боғлиқ бўлганини, бошқа жамоалар ҳам ундан ўтганини маълум қилди, бироқ делегация бу қадар қаттиқ тартиб-қоидани кутмаганини тан олди.

Бошқа мамлакатлар жамоалари, хусусан, Сенегал ва Бельгия ҳам шунга ўхшаш текширувга дуч келган, аммо у аэропортда ўтказилган.