АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) берган маълумотга кўра, 9 июнь куни АҚШ Қуролли кучлари Теҳрон томонидан Ҳурмуз бўғозида патруллик қилаётган АҚШнинг Apache вертолёти уриб туширилганига жавобан Эронга зарбалар берди.
Зарбалар Ҳурмуз бўғози яқинидаги Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ердаги бошқарув пунктлари ва радиолокация станцияларига қаратилди. CENTCOM буни «Эроннинг асоссиз агрессиясига мутаносиб жавоб» деб атади.
Бунга жавобан Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) АҚШнинг Иорданиядаги «Ал-Азрақ» авиабазасига, шунингдек, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Баҳрайнга жойлаштирилган Бешинчи флотига ҳужум қилди. Иордания расмийлари Эрон ракеталарини уриб туширганини маълум қилди.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи АҚШнинг бирор-бир ҳужуми «жавобсиз» қолмаслигини айтди. «Агар хавфсизликда бўлишни истасангиз, минтақамизни тарк этинг», — дея баёнот берди у.
АҚШ расмий шахслари АҚШ ҳарбий базаларига қилинган ҳужумлар тўғрисидаги хабарларга изоҳ бермади.
АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон Ҳурмуз бўғози ҳудудида Apache жанговар вертолётини уриб туширганини маълум қилди.
«Бизнинг ажойиб армиямиз ҳозиргина менга маълум қилдики, ўтган кеча эронликлар Ҳурмуз бўғозида патруллик қилаётган жуда юқори технологияли Apache вертолётларимиздан бирини уриб туширишибди, — деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида. — У ерда икки нафар учувчи бор эди, иккаласи ҳам соғ-омон. Шундай бўлса-да, Қўшма Штатлар ушбу ҳужумга жавоб қайтариши керак».
7 июнь куни Эрон Исроил армиясининг Байрутдаги «Ҳизбуллоҳ» позицияларига берган авиазарбаларидан сўнг Исроил шимолига бир неча тўлқинли ракета зарбалари йўллаганди. Исроил бунга жавобан Эрон ҳарбий ва нефть-кимё объектларига ҳужум қилди. Бу апрель ойидаги ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейин мамлакатлар ўртасидаги илк ўзаро зарбалар алмашинуви бўлди. Кейинроқ ҳар икки давлат ўзаро зарбаларни тўхтатганликларини эълон қилди.
АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга қарши уруш бошлаган эди. Теҳрон дарҳол жаҳон нефтининг 15−20 фоизи ўтадиган Ҳурмуз бўғозини тўсиб қўйди. Кейинроқ Вашингтон Эрон портларини блокада қилиш бошланганини эълон қилди. 8 апрель куни АҚШ ва Эрон вақтинчалик сулҳ тузди, Исроил ҳам уни қўллаб-қувватлади.