• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Улушдор ҳар қандай ҳолатда ҳам ютқазмайди». Президентга улушли уй-жой қурилиши тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни улушли қурилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Йиғилишда Улуш киритиш асосида кўп квартирали уй-жойлар қурилиши соҳасидаги вазият таҳлил қилинди. Кейинги йилларда бундай уйлар қурилиши ҳажми 2,5 баробарга ортиб, ўтган йили 11 миллион квадрат метрдан ошгани қайд этилди.

Шу билан бирга, ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар сони ҳам кўпайган. Биргина ўтган йилнинг ўзида қарийб 3000 нафар фуқарога 668 миллиард сўмлик зарар етказилган.

Ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида улушли қурилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат қурувчилар ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиши, уй-жой сотиб олувчиларнинг маблағларини ҳимоя қилиши ҳамда қурилиш жараёнларини янада шаффофлаштириши лозим.

Адлия вазири Акбар Тошқулов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида ҳозирги вақтда девелоперлар, қурувчилар ва фуқаролар ўртасидаги кўплаб муносабатлар тартибга солинмай қолаётганини таъкидлади.

«Қурилиш муддатларининг кечиктирилиши, объектларнинг ўз вақтида топширилмаслиги, шунингдек, айрим инсофсиз қурувчилар томонидан бир объектни бир нечта фуқарога сотиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Бунинг оқибатида фуқаролар ўз маблағларини йўқотмоқда», — деди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси дастлаб қурувчилар, соҳа мутахассислари, шу жумладан, хорижлик экспертлар иштирокида муҳокама қилиниб, сўнгра президентга тақдим этилган.

Муҳим механизмлардан бири эскроу-ҳисобварақлар тизими бўлади. Бу тизимда харидорларнинг маблағлари ваколатли банкдаги махсус ҳисобварақларда сақланади ва қурувчига фақат белгиланган шартларга мувофиқ қурилиш ишлари бажарилганидан кейингина ўтказиб берилади.

«Фуқаролар томонидан тўланган пуллар қатъиян фақат қурилиш учун сарфланади ва бунинг устидан назоратни банк амалга оширади. Агар қурилиш давомида муаммолар юзага келса, улар банкнинг масъулият доирасига ўтади ва шундай механизм яратиладики, унда фуқаро ҳар қандай ҳолатда ҳам ютқазмайди», — деди Акбар Тошқулов.

Эскроу тизими тўртта қоидага асосланади:

  • ушбу ҳисобварақлардаги маблағлар кредиторларнинг ундирувига қаратилиши мумкин эмас;
  • инвесторлар ва қурувчилар фақат ваколатли банклар орқали ишлайди;
  • пуллар қурувчига топшириш-қабул қилиш далолатномаси имзоланганидан кейин ўтказиб берилади;
  • шартнома бекор қилинганда, улушдорнинг маблағлари тўлиқ ҳажмда қайтарилиши шарт.

Бундан ташқари, янги механизмга кўра, қурувчиларнинг ягона реестрини шакллантириш ва декларация орқали ҳар бир объектнинг қонунийлигини ҳисобга олиш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Янги тизимда «Uy-joy» ягона ахборот платформасидан ҳам фойдаланилади. Унда қурилиш жараёнлари очиқ электрон шаклда юритилади. Платформа девелоперлар рейтинги, рухсат берувчи ҳужжатлар, лойиҳа ва қурилишнинг бориши, эскроу-ҳисобварақлар ҳамда шартномалар тўғрисидаги маълумотларни бирлаштиради.

Эскроу тизими ҳақида

Президент 2024 йил сентябрь ойида уй-жой сотиб олишда аҳоли маблағлари ҳимоясини кафолатловчи тизимни ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берганди.

Президент фармонига мувофиқ, 2025 йил 1 июлдан 2025 йил 31 декабргача улушдорлар маблағларини жалб қилишни ҳам эскроу-ҳисобварақлар орқали, ҳам тўғридан тўғри жалб этишга асосланган амалдаги улушдорлик механизми бўйича амалга ошириш режалаштирилганди.

2026 йил 1 январдан бошлаб эскроу-ҳисобварақлар тизими қурилишни молиялаштиришнинг ягона усулига айланиши керак эди, аммо қонун йўқлиги сабабли у мажбурий тартибда жорий этилмай қолди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов уй-жой қурилишида улуш асосидаги эскроу тизими улушдорларнинг тўлиқ ҳимоясини таъминлашини: бирор-бир инсон алданиб қолмаслигини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, эскроу тизими мажбурий тарзда ишга туширилишга тайёр.

Эслатиб ўтамиз, эскроу-ҳисобварақларни жорий этиш Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида Россиянинг «ДОМ.РФ» давлат компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *