Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида миллий терма жамоани қўллаб-қувватлаш учун АҚШ ва Мексикага боришни режалаштираётган фуқароларга тавсиялар берди.
Турнир 2026 йил 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этади.
ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиев сафар олдидан мезбон мамлакатларга кириш қоидалари, виза ва миграция талаблари билан диққат билан танишишга, барча зарур ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш ҳамда уларнинг амал қилиш муддатини текширишга даъват этди.
Саёҳат вақтида паспорт ва бошқа муҳим ҳужжатларнинг асл нусхалари, шунингдек, уларнинг электрон ва қоғоз нусхаларини сақлаш тавсия этилади. Фуқаролардан маҳаллий қонунчиликка, ҳуқуқ-тартибот идоралари талабларига ва жамоат жойларида умум эътироф этилган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиш сўралади.
Бундан ташқари, ишқибозларга ҳаракатланиш йўналишларини олдиндан режалаштириш, транспорт ва расмий ахборот хизматларидан фойдаланиш, одамлар гавжум жойларда шахсий хавфсизлик чораларига амал қилиш ҳамда рухсат этилмаган оммавий тадбирларда қатнашмаслик тавсия қилинади.
Фавқулодда вазиятларда, ҳужжатлар йўқолганида ёки бошқа масалаларда фуқаролар маҳаллий фавқулодда ёрдам хизматларига, шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишлари зарур.
«Барча мухлисларимизни миллий терма жамоамизни муносиб қўллаб-қувватлашга, мезбон мамлакатлар қонун-қоидаларига, жамоат тартибига, маҳаллий анъаналар ва маданиятга ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирамиз», — деди Омонулла Файзиев.
Ташқи ишлар вазирлиги ҳар қандай қонунбузарлик шахсий жавобгарликка олиб келишини эслатиб ўтди. Айрим шахсларнинг номақбул хулқ-атвори Ўзбекистон жамоатчилиги ва умуман мамлакат ҳақидаги тасаввурга салбий таъсир кўрсатиши мумкин, дея таъкидлади идора.
«Жаҳон чемпионати каби йирик халқаро спорт мусобақалари даврида Ўзбекистон ва унинг фуқароларига бўлган эътибор янада ортади. Шу боис ҳар бир ватандошимиз хорижда нафақат мухлис, балки Ўзбекистоннинг муносиб вакили сифатида ҳам намоён бўлишини унутмаслиги лозим. Уларнинг маданиятли, масъулиятли ва қонунларга ҳурмат руҳидаги хатти-ҳаракати мамлакатимиз ҳақидаги ижобий тасаввурларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади», — деди ТИВ матбуот котиби.
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини диққат марказида сақлашини ҳамда зарур бўлганда консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.
Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этади. Жамоа Португалия, Колумбия ва Конго Демократик Республикаси билан «К» гуруҳидан жой олган. Ўзбекистон турнирдаги илк ўйинини 18 июнь куни соат 7:00 да «Mexico City Stadium» стадионида Колумбияга қарши ўтказади. Шундан сўнг жамоа 23 июнь куни Ҳюстонда Португалия билан, 27 июнь куни эса Атлантада Конго Демократик Республикаси билан ўйнайди.
Аввалроқ АҚШда ўзбекистонликлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликлар кўпайгани фонида Нью Йоркдаги Бош консулхона мурожаат билан чиққанди. Идора фуқароларни маҳаллий қонун ва маданиятни ҳурмат қилишга чақирган. Ҳар қандай қонунбузарлик бутун ўзбек жамоатчилиги ҳақидаги тасаввурга салбий таъсир қилиши мумкинлиги таъкидланган.