Май ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасининг умумий медиан нархи 550 долларни ташкил этди. Бу Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлилидан келиб чиқади.
Апрель ойига нисбатан ушбу кўрсаткич ўзгаришсиз қолган бўлса-да, 2025 йилнинг май ойидагига қараганда 10% га юқори бўлди.
Ижара ҳақидаги эълонлар сони 18,1 мингтагача камайди. Бу бозорда 22,8 мингта эълон мавжуд бўлган апрель ойидаги кўрсаткичдан қарийб 21 фоизга кам. Январь−март ойларида эса ўртача кўрсаткич 22,6 мингтани ташкил этган эди.
Энг кўп таклифлар Мирзо Улуғбек туманида жамланган бўлиб, бу умумий сондан 16,9 фоизини ташкил этди. Кейинги ўринлардан Миробод (12,9%) ва Юнусобод (12,6%) туманлари жой олди. Барча таклифларнинг 42,4 фоизи айнан мана шу учта туман ҳиссасига тўғри келди.
Энг юқори ижара нархлари Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида шаклланмоқда. Институт маълумотларига кўра, ҳудудий омил ижара нархига сезиларли даражада таъсир кўрсатади, айниқса уч ва тўрт хонали хонадонлар сегментида қиммат ва ҳамёнбоп туманлар ўртасидаги фарқ икки баробардан ошади.
Катталаштириш учун босинг.
Бир хонали хонадонлар энг қиммат Миробод туманида 600 доллар (йил давомида +33%), Яккасаройда 550 доллар (+22%) ва Шайхонтоҳур туманида 500 доллардан (+32%) ижарага берилган. Энг паст медиан нархлар Олмазор, Сергели ва Учтепа туманларида 350 доллардан қайд этилди. Олмазор туманида йиллик ўсиш кузатилмади, Сергелида ижара нархи 17 фоизга, Учтепада эса 6 фоизга ошди.
Икки хонали хонадонлар энг қиммат Миробод туманида 700 доллар (+3%) ва Шайхонтоҳурда 700 доллар (+8%), шунингдек, Яккасаройда 650 доллардан (+8%) ижарага берилди. Энг ҳамёнбоп таклифлар — 400 доллардан бўлиб, Сергели ва Учтепа туманларида кузатилди. Бу нархлар йил давомида ўзгаришсиз қолган.
Уч хонали хонадонлар энг қиммат Миробод ва Шайхонтоҳур туманларида 1000 доллардан (йиллик нархлар ўзгаришисиз), шунингдек, Яккасаройда 900 доллардан (+6%) ижарага берилди. Сергели ва Учтепа туманларида медиан нархи 450 долларни ташкил этди. Сергелида ўсиш 5 фоизни ташкил қилди, Учтепада эса ўзгаришлар бўлмади.
Тўрт ва ундан ортиқ хонали хонадонлар сегментида энг юқори нархлар Миробод туманида 1150 доллар (йил давомида -12%) ва Яккасаройда 1100 доллар (-8%) бўлиб қайд этилди. Ҳамёнбоп туманларда эса медиан нархлар 500−600 долларни ташкил этди. Нархлар энг кўп Олмазор туманида 23 фоизга, Мирзо Улуғбекда 17 фоизга ва Юнусобод туманида 14% фоизга пасайган.
Бозорнинг асосий сегментини ҳамон икки хонали хонадонлар ташкил этмоқда. Май ойида барча эълонларнинг 59,6 фоизи айнан уларнинг ҳиссасига тўғри келди. Уч хонали хонадонларнинг улуши 26 фоизни, бир хоналиларники 10,9 фоизни, тўрт ва ундан ортиқ хонали квартираларники эса 3,5% фоизни ташкил этди.
Умуман олганда, хоналар сони бўйича динамика турлича йўналишда бўлди. Бир хонали хонадонлар ижарасининг медиан нархи 400 долларни (йил давомида +14,3%) ташкил этган бўлса, икки хоналиларники 500 доллар, уч хоналиларники эса 700 доллар бўлди (ҳар икки сегментда ҳам йиллик ўзгаришлар кузатилмади). Тўрт ва ундан ортиқ хонали квартиралар эса 20 фоизга арзонлашиб, 800 долларгача тушди.
Институт томонидан қайд этилишича, май ойида Тошкентда умумий медиан ижара нархи барқарор бўлиб қолган, бироқ туманлар ва сегментлар ўртасидаги фарқлар сақланиб қолмоқда.
Асосий таклиф икки хонали хонадонлар атрофида жамланган бўлиб, бир хонали уй-жой сегментида йиллик нархларнинг юқори ўсиши сақланиб қолмоқда, катта ҳажмдаги хонадонларда эса пасайиш кузатилмоқда.
