«Толибон» етакчиси Ҳибатуллоҳ Охундзода гуруҳ аъзолари ва давлат хизматчиларига смартфонлардан фойдаланишни тақиқловчи оғзаки буйруқ берди. Бу ҳақда KabulNow ва Afghanistan International нашрлари хабар бермоқда.
Буйруқ Охундзоданинг мамлакатнинг саккизта ҳудудидаги ҳарбий судлар раҳбарлари, полиция бошлиқлари ва «Толибон» разведка хизмати раҳбарлари билан учрашуви чоғида берилган.
Мазкур фармойиш «Толибон»нинг фармонлар ижросини назорат қилиш ва кузатиш департаменти томонидан мамлакатнинг саккизта ҳудудидаги ҳарбий судларга юборилган. Буйруқни бузган шахслар жиноятчи деб ҳисобланади ва ҳарбий судларга топширилади.
Шунингдек, назорат остидаги ҳар бир шахснинг исми, лавозими, хизмат жойи, мобил оператори ва телефон рақами киритиладиган махсус назорат рўйхати тузилган.
Буйруқ эълон қилинганидан кейин «Толибон» аъзолари ўз смартфонларини синдириб ташлаётгани акс этган видеолар тарқалди. Хабар берилишича, Пактика вилоятининг Бармал тумани полиция бошлиғи ва унинг 14 нафар қўл остидаги ходими ҳам ўз смартфонларини йўқ қилган.
https://twitter.com/nexta_tv/status/2064380752121233542?s=20
Буйруқ қандай асосга кўра берилгани ва телефонлар учун муқобил ўлароқ нимадан фойдаланилиши очиқланмаган. Айнан Охундзода 2025 йил сентябрь ойи охирида интернет ва телефон алоқасини ўчиришни буюрганди ва бу билан Афғонистонни ташқи дунёдан узиб қўйган. Уч кундан кейин интернет яна ишлай бошлаган, бироқ бунинг сабабига ҳеч қандай изоҳ берилмаган. Аммо ички манбаларнинг айтишича, парда ортида юз берган воқеалар мисли кўрилмаган даражада жиддий бўлган. Охундзоданинг буйруғига қарши чиқиб, интернетни қайта ёққан.
Таъкидлаш керакки, «Толибон»нинг олий раҳбари Охундзода интернетга мутлақо ишонмайди. У интернетдаги маълумотларни динга зид деб ҳисоблайди. У бу фикрида шунчалик қаттиқ турадики, ҳар куни эрталаб янгиликлар ва ижтимоий тармоқлардаги хабарларни унга ёрдамчиси ўқиб беради, деб ёзади BBC. «Қобул гуруҳи» бўлса, замонавий давлат интернетсиз яшай олмаслигига ишонади.
Смартфонлар ишлатишга қўйилган тақиқдан бирмунча вақт олдин, Afghanistan International нашрининг ёзишича, «Толибон» Халқ таълими вазирлигининг Исломий таълим департаменти томонидан чиқарилган алоҳида ҳужжат билан, ўқувчиларга мактаб ёки диний мадрасаларга смартфон олиб келиш тақиқланган.
Толиблар Афғонистонда ҳокимиятга 2021 йилнинг августида қайтганди — ғарб коалицияси ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши билан улар мамлакат ҳудудини назорат остига олган. «Толибон» илгари ҳам — 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонни бошқарган бўлиб, улар аксарият давлатлар томонидан тан олинмаган Афғонистон Ислом Амирлиги деб номланган тузумни эълон қилганди. Бу тузум 2001 йилда Ғарб давлатлари кўмагида ағдарилган.
2020 йилнинг февралида АҚШ ва «Толибон» Доҳада Афғонистонда тинчлик жараёнини бошлаши керак бўлган келишувни имзолаганди. Ушбу келишувга кўра, Ғарб ўз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетиши, толиблар эса «Ал-Қоида» билан ҳамкорликни тўхтатиши ва Афғонистоннинг расмий ҳукумати билан музокараларни бошлаши керак эди. Бироқ музокаралар жараёни барибир бошланмаган: 2021 йилда толиблар мамлакатни назорат остига олаётган пайтда президент Ашраф Ғани БААга қочиб кетган.
Gazeta бунгача «Толибон» Афғонистонда шахмат ўйнашни, аёлларга жамоат жойларига юзи очиқ ҳолда чиқишни, машинада мусиқа қўйишни, вазирларга хорижлик дипломатлар билан учрашишни, университетларда аёллар ёзган китобларни ўқитишни тақиқлангани ҳақида ёзган.
- 2022 йилнинг декабрь ойида Афғонистон Олий таълим вазирлиги талаба қизларнинг олий ўқув юртларида қатнашишини тўхтатиб қўйишни буюрган. 2023 йил июль ойида «Толибон» раҳбарияти мамлакатдаги барча аёллар гўзаллик салонларини ёпишга кўрсатма берган.
- БМТнинг глобал таълим бўйича махсус вакили Гордон Браун Халқаро жиноий судни Афғонистондаги аёллар ва қизларни камситгани учун «Толибон»ни жиноий жавобгарликка тортишга чақирганди.
