Сергели автомобил бозори ҳудудида автомобиллар ҳаракати схемаси ўзгаради. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар бермоқда.
Сергели автомобил бозори сиғими жами 5 400 та автомобилга мўлжалланган. Шундан 3 500 та жой автомобиллар савдоси учун, қолган қисми эса автотураргоҳ сифатида фойдаланиш учун ажратилган. Шунингдек, бозор ҳудудида автомобил эҳтиёт қисмлари ва бошқа тегишли маҳсулотлар савдосига ихтисослашган 1 800 дан ортиқ савдо объектлари мавжуд.
Бундан ташқари, бозорнинг Янги Сергели кўчасига туташ кириш-чиқиш жойларидан 1 500 дан ортиқ автомобил фойдаланади.
Бозорнинг бундай кўлами унинг атрофидаги транспорт ҳолатига бевосита таъсир қилади.
Марказнинг таъкидлашича, айнан шу ҳолат йиллар давомида Янги Сергели кўчасида жиддий юклама юзага келтириб келган.
Автомобиллар бозорга кириш учун асосий йўлда тезликни пасайтирган, бозордан чиқаётган транспорт эса қисқа масофада умумий оқимга қўшилган. Натижада кечикишлар ва тирбандликлар юзага келган.
Мазкур муаммони ҳал қилиш мақсадида ЙҲТЕМ Сергели автомобил бозори ҳудудида ҳаракатни ташкил этишнинг янги схемасини амалга оширмоқда. Бозор ҳудуди бўйлаб қўшимча локал йўл барпо этилмоқда. Ушбу йўл бозор билан боғлиқ транспорт оқимини Янги Сергели кўчасидаги асосий оқимдан ажратишга хизмат қилади.
Эндиликда Янги Сергели кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган автомобил асосий оқимни банд қилмасдан, олдиндан янги локал йўлга бурилиши ва шу йўл орқали бозор ҳудудига қулай кириши мумкин бўлади. Худди шунингдек, бозордан чиқаётган транспорт ҳам аввал локал йўлга чиқади, сўнгра Янги Сергели кўчасидаги умумий оқимга тартибли равишда қўшилади.
Бундай ечим асосий кўчада кескин тормоз бериш ва бурилиш ҳаракатларини камайтириши, туманнинг муҳим кўчасидаги юкламани пасайтириши ҳамда бозор атрофидаги ҳаракатни янада тартибли қилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, янги йўл бўйлаб пиёдалар ва велосипедчилар учун алоҳида инфратузилма ҳам шакллантирилмоқда.
Бозор ичидаги автотураргоҳларни тартибга солишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ички автотураргоҳларни тартибга солиш мақсадида бозор ҳудудида 2 000 дан ортиқ автомобил жойига мўлжалланган йўл чизиқлари чизилди. Бу ички ҳудуддан янада оқилона фойдаланиш, тартибсиз тўхтаб туриш ҳолатларини камайтириш ҳамда бозор ичидаги ҳаракатни аниқроқ ва хавфсизроқ ташкил этиш имконини беради.
«Янги ечим бозор транспорт оқимини Янги Сергели кўчасидаги асосий ҳаракатдан ажратиш, туманнинг муҳим кўчаларидан биридаги юкламани камайтириш, кириш-чиқиш жойларидаги конфликт нуқталарини қисқартириш ҳамда бозор атрофидаги ҳаракатни янада тушунарли, хавфсиз ва олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган даражага олиб чиқишга хизмат қилади», — дейилади хабарда.