Ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилган коррупциявий жиноятлар фош этилди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Самарқанд шаҳри ИИБ профилактика инспектори танишлари орқали собиқ ички ишлар ходимининг тизимга қайта ишга тикланишида ёрдам бермоқчи бўлган.

Эвазига 7 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Наманган вилояти Чуст тумани ИИБ профилактика инспектори фуқарога нисбатан келиб тушган аризани кўрмасдан қолдирганини рўкач қилиб, ундан 2 минг доллар талаб қилган ва февраль ойида 700 доллар олган.

Инспектор фуқародан қолган 1300 долларни ҳамда келгусида унга ўзбек-қирғиз давлат чегараси орқали чорва молларини ноқонуний олиб ўтишида ёрдам бериш эвазига 2000 доллар, жами 3300 доллар сўраган. Ўтказилган тезкор тадбирда у мазкур пул маблағини олган вақтида ушланган.

Ҳозирда профилактика инспекторига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) ва 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.