Ўзбекистон ва Швеция миграция соҳасида илк ҳукуматлараро битимни имзолади. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Швеция Қироллиги Ҳукумати ўртасида «Миграция ва мобиллик тўғрисида»ги битим ҳамда миграция ва мобиллик бўйича уч йиллик пилот дастурни амалга ошириш юзасидан қўшма декларация имзоланган.
Миграция агентлигига кўра, мазкур ҳужжатлар ўзбекистонликлар учун Швецияда қонуний ишлаш, ўқиш ва яшаш имкониятларини тартибга солувчи давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Томонлар тиббиёт, техника, хизмат кўрсатиш ва парвариш соҳаларидаги малакали мутахассисларни Швеция меҳнат бозори талаблари асосида тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўяди. Шунингдек, ўзбекистонлик номзодларни швед иш берувчилари билан тўғридан-тўғри боғлаш механизмлари яратилади.
Битим доирасида талабалар, докторантлар ва ёш тадқиқотчилар учун академик алмашинув имкониятларини кенгайтириш, таълим ва тажриба алмашинувини ривожлантириш ҳам назарда тутилган.
Ҳужжатларга мувофиқ, меҳнат миграцияси иштирокчилари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча кафолатлар жорий этилади. Шунингдек, виза тартиб-таомилларини соддалаштириш ва дипломатик паспорт эгалари учун 30 кунлик визасиз режимни жорий этиш режалаштирилган.
Томонлар ноқонуний миграция, одам савдоси ва ҳужжатларни қалбакилаштиришга қарши кураш бўйича қўшма механизмларни ҳам кучайтиришга келишиб олган.
Миграция агентлиги қайд этишича, имзоланган ҳукуматлараро битим икки мамлакат ўртасида меҳнат миграцияси ва мобиллик соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий пойдеворини яратади. Ҳужжат малакали кадрлар мобиллиги, уларни швед иш берувчилари билан тўғридан-тўғри боғлаш, меҳнат миграцияси жараёнларини хавфсиз ва шаффоф ташкил этишга қаратилган.
Миграция ва мобиллик бўйича уч йиллик пилот дастур Халқаро миграция ташкилоти иштирокида амалга оширилади. Унинг доирасида Швеция меҳнат бозори эҳтиёжлари ўрганилади, швед тили ва касбий тайёргарлик дастурлари йўлга қўйилади.
Швеция халқаро тараққиёт ҳамкорлиги ва ташқи савдо вазирлиги давлат котиби Диана Янсенинг таъкидлашича, имзоланган келишувлар қонуний, хавфсиз ва тартибли меҳнат миграциясини ривожлантиришга хизмат қилади.
«Бу фуқаролар учун янги имкониятлар яратади ва қонуний миграция каналларини кенгайтиради. Швеция Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Миграция агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик самарали давом этмоқда. Биз миграция масалаларида аниқ натижаларга эришиш ва ушбу келишувлардан максимал фойда олишни мақсад қилганмиз», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар Швеция томонида ҳам ҳамкорликни янада кенгайтиришга қизиқиш уйғотмоқда.
«Бу масаланинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳам Швеция, ҳам Ўзбекистон ҳукуматлари учун муҳим аҳамиятга эга», — деди Диана Янсе.
Ўзбекистон ва Швеция ўртасида 2025 йил июнида миграция ва меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик ҳақида қўшма декларация имзоланган эди. Бу ҳамкорлик нолегал миграцияга чек қўйиш, ахборот алмашиш ва консуллик қўллаб-қувватлаш механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланган эди.


