Мусулмон кишидан намоз қандай талаб қилинса, аёлларга имконият яратиш ҳам шундай буюрилган амал ҳисобланади. Аёлларнинг фикри ва маслаҳати ислом тарихида муҳим ўрин тутган. Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг охирги айтган сўзларидан бири аёлларга яхшилик қилиш ҳақида эди. Бирор аёлнинг иши бутун жамиятга фойда келтирадиган бўлса, уни бундан тўсиш тўғри бўлмайди. Мазкур фикрлар 24−26 март кунлари БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси томонидан Тошкентда ташкил этилган семинарда янгради.
«Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ислом дини қадриятларининг ўрни» мавзусидаги семинарда Мисрнинг Ал-Азҳар университети профессорлари, Ўзбекистондаги имом ва отинойилар, маҳалла вакиллари ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси олимлари иштирок этди. Gazeta мазкур семинарнинг асосий тафсилотларини тақдим этади.
Бу қандай семинар?
БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) аёллар ҳуқуқлари, репродуктив саломатлик, демографик ривожланиш, аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш масалалари бўйича бутун дунё бўйлаб хабардорликни ошириб келади.
Жамғарманинг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасзаденинг қайд этишича, мамлакатда гендер тенглик борасида сезиларли ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамай, зарарли стереотип ва камситувчи қарашлар ҳанузгача йўқолмаган.
Нигина Абасзаде. Фото: UNFPA
Ушбу муаммоларнинг асосий омилларини бартараф этиш мақсадида UNFPA мамлакатдаги диний институтлар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйган. Нигина Абасзаденинг таъкидлашича, диний ташкилотлар жамият ичида ишонч ва ҳурматга эга бўлгани боис одамлар орасидаги зарарли ижтимоий меъёрларни ўзгартиришда муҳим ўрин тутади.
UNFPA бу йўналишда 2020 йилда Халқаро исломшунослик академияси билан биргаликда ўқув қўлланма ишлаб чиққан. 2024 йилда эса Мисрдаги Ал-Азҳар университети билан ҳамкорликда мазкур масалаларга бағишланган семинар ўтказилган. Ал-Азҳар исломшунослик соҳасида жаҳон миқёсида нуфузли муассаса ҳисобланиб, унинг ҳузурида Аҳолишунослик ва тадқиқотлар бўйича халқаро ислом маркази ҳам фаолият юритади.

«Аввалги ҳамкорлик натижалари ижобий бўлгани, ҳукумат томонидан билдирилган қизиқиш, шунингдек, UNFPA ва Олий Мажлиси Сенати ўртасидаги ҳамкорликка мувофиқ Ал-Азҳар профессорлари иштирокида иккинчи семинарни ташкил этдик», — дейди Абасзаде хоним.
Қуръон ва суннатда аёллар ҳуқуқлари
Ал-Азҳар исломий тадқиқот комплекси аъзоси, профессор Маҳмуд Османнинг таъкидлашича, исломда аёлларга имконият бериш — уларга ҳаётнинг барча соҳаларида фаол иштирок этиши учун шароит яратиш дегани. Таълим, сиёсат, иқтисодиёт, маданият — аёллар барча соҳаларда эркаклар билан баравар иштирок этишлари мумкин.
«Айрим мухолифатчилар нимага аёлга имконият яратиб бериш керак, дейди. Бу да баъзан фарз (қилиш шарт), баъзан мустаҳаб (қилиш тавсия этиладиган) даражасига кўтарилади. Лекин ҳеч қачон ҳаром ёки макруҳ бўлмайди. Мусулмон кишидан намоз қандай талаб қилинса, аёлларга имконият яратиш ҳам шундай буюрилган амал ҳисобланади», — дейди профессор.
Ал-Азҳар вакиллари. Маҳмуд Осман — чапдан иккинчида.
Профессор ўртага савол ташлайди: Хўш, бу борада Қуръон оятлари, пайғамбар суннатлари борми ёки ўз-ўзимиздан уларга имконият яратиб беришимиз керакми?
Унинг зикр қилишича, Нисо сураси 32-оятда «Аллоҳ бирингизни бирингиздан ортиқ қилиб қўйган нарсадан умидвор бўлманг. Эркакларга ўз меҳнатларидан насиба бор, аёлларга ҳам ўз меҳнатларидан насиба бор…», дейилган. Профессорга кўра, тафсир олимлари бу [оят]ни аёлларга иқтисодий жиҳатдан катта имконият яратиб беришнинг асоси деб ҳисоблайди.
Қолаверса, Нисо сурасининг 7-оятида аёлларга ҳам мерос олиш ҳуқуқи фарз қилинган: «Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада эркакларнинг насибаси бор. Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг насибаси бор. У оз бўлсин, кўп бўлсин — фарз қилинган насибадир». Профессорнинг қайд этишича, бундан аёлларнинг мерос масаласи Қуръони каримда ҳозирги қонунлардан ҳам олдин зикр қилинганини кўришимиз мумкин.
Ҳужурот сураси 13-оятда Аллоҳ таоло «Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик…», — дейди. Профессорнинг таъкидлашича, ушбу оятда ҳам эркак, ҳам аёл номини зикр қилиш орқали ислом динининг аёлга бўлган ҳурмати яна бир бор ўз ифодасини топади.


Тавба сураси 71-оятида эса «Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар…», дейилган. Маҳмуд Османнинг фикрича, бу бугунги замонавий ҳолатимизга яқин оят ҳисобланиб, жамиятдаги умумий масалаларда аёлнинг ҳам иштирок этишини кўрсатади.
«Бир аёл пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурларига эри масаласида мурожаат қилиб, ўз дардини айтганда Аллоҳ таоло аёлнинг гапларини эшитган ва унга ечим бериш учун Мужодала сурасини туширган. Бу воқеа Аллоҳ таоло аёлнинг ҳам овозини эшитиши ва унинг ҳаққи ҳимоя қилинишини кўрсатади, — дейди профессор.
Маҳмуд Осман исломда аёлларнинг ижтимоий имкониятлари борасида сўзлар экан, пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир» ҳадисини зикр қилади. «Ҳаммамиз пайғамбаримизнинг ушбу ҳадисларини ёдлаганмиз. Унда илм олишда эркаг-у аёлнинг тенглиги айтилган. Шундай экан аёлларга бу борада тенг имкониятлар яратилиши керак», — дея қайд этади у.
Профессорнинг таъкидлашича, аёлларга мол-мулкка эгалик қилиш, молиявий имкониятларини ўзи эркин тасарруф этиш, бировнинг рухсатисиз молиявий ҳаракатларни бажариш, шартномалар қилиш, ҳар қандай фиқҳий муомалаларни ҳам ўзи амалга ошириш ҳуқуқлари берилган.
«Бунга пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг аёллари Хадича розияллоҳу анҳо савдогарлик билан шуғулланганлари яққол далилдир. Ҳаттоки Расулуллоҳнинг баъзи аёллари улар билан бирга жангларда ҳам иштирок этган. Ёки Ҳудайбия сулҳини эсланг, катта муаммо пайдо бўлаётган эди. Бу вазиятда саҳобаларнинг айрича фикри бўлса-да, пайғамбаримиз аёллари Умму Саламанинг фикрларини олиб, ўшанга амал қилганлар. Бу воқеа аёлларнинг фикри ва маслаҳати ислом тарихида муҳим ўрин тутганини кўрсатади», — дейди профессор.


Маҳмуд Османнинг таъкидлашича, ҳанафийлик мазҳабида (Ўзбекистондаги мусулмонларнинг аксарияти шу мазҳабда — таҳр.) «Аёлнинг дияси эркакнинг дияси кабидир», дейилган. Дия — бу жароҳат ёки ўлим учун тўланадиган молиявий компенсация. Профессорга кўра, бу ҳанафийликда аёлнинг ҳаёти эркакнинг ҳаёти билан бир хил қадрланишига яққол далилдир.
Профессор, шунингдек, аёлларнинг никоҳдан олдин маҳр олиш ҳуқуқини ҳам эслатади. «Али розияллоҳу анҳу пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳога уйланаётганларида, пайғамбаримиз маҳр беришни буюрганлар. Али розияллоҳу анҳу „менда ҳеч нарса йўқ“, деганларида, пайғамбаримиз „ҳеч бўлмаса совутингни бергин“, деганлар. Ҳолбуки, Фотима онамиз у совутдан фойдаланмасдилар. Бу воқеа маҳр аёлнинг ажралмас ҳуқуқи эканини кўрсатади», — дейди профессор.
Олимнинг таъкидлашича, пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом вафотларидан олдин қилган насиҳатларида аёллар масаласида яхшиликни васият қилганлар. «У зотнинг охирги айтган сўзларидан бири: „Aёллар масаласида, яхшилик қилинглар“, эди», — дея барчани ушбу насиҳатга амал қилишга чақиради профессор Маҳмуд Осман.
«Аёлларни жамиятга фойдаси тегадиган ишлардан тўсиш тўғри эмас»
Ал-Азҳар исломий тадқиқот комплекси кенгаши аъзоси, профессор Абдаллаҳ Элнагарнинг таъкидлашича, аёлларни яшаётган жамиятига ҳисса қўшишдан тўсиш, ишлашига йўл бермаслик — уларнинг ҳаққига зулмдир. Унга кўра, лар бу масалани «умумий ҳақ» ва «хос ҳақ» мисолида таҳлил қилишган. Хос ҳақ уйнинг ичидаги масала бўлиб, бунга эр-хотин муносабати, болалар тарбиясига оид ишлар киради. Лекин аёлнинг уйидан ташқарида бирор касбдаги фаолияти кўпчиликнинг ҳаққи билан боғлиқ масала бўлиб, умумий ҳаққа ўтиб кетади.
«Агар хос ҳақ ва умумий ҳақ тўқнаш келса, қайси бири олдинга ўтади дейилганда, лар „кўпчиликнинг, яъни омманинг ҳаққи бирламчи“, дейишади. Пайғамбаримиз ҳам „омманинг ҳаққи олдинга ўтади“, деганлар. [Биламизки, умумий ҳақ Аллоҳнинг ҳаққига ўтиб кетади]. Шундай экан, агар бирор аёлнинг иши бутун жамиятга фойда келтирадиган бўлса, буни амалга оширишни ўзи ҳам хоҳласа-ю, унга фақат болалар-у эрингга қараб ўтир дейиш тўғри бўлмайди», — дейди Абдуллаҳ Элнагар.
Профессор Абдуллаҳ Элнагар — ўнгдан иккинчида.
Ал-Азҳар вакиллари аёлларнинг жамиятдаги иштироки борасида тарихдан бир қанча намуналар ҳам келтиради. Масалан, Марокашдаги ал-Қаровийин университетига ҳижрий 859 йилда Фотима ал-Фиҳрий деган аёл ўз молидан асос солган. Мисрда доктор Айша Абдураҳмон бинти Шотиб таниқли адабиётшунос олима бўлган, саудиялик Ғада ал-Мутайрий деган аёлни эса нанотехнология ва биотиббиёт йўналишида дунё тан олган.
Қолаверса, Ал-Азҳар исломий тадқиқот комплекси кенгашидаги 100 дан ортиқ ҳайъат аъзоларининг 40 нафари аёллар ҳисобланади. Ал-Азҳардаги 1000 нафар воизнинг 200 дан ортиғини эса воиза аёллар ташкил этади.
Профессор Маҳмуд Осман «Узоққа бормаймиз, мана шу залнинг ўзида ҳам бир қанча олималар, фаол аёллар ўтиришибди. Бунинг учун аёллар ҳуқуқига эътибор қаратаётган Ўзбекистон президентига раҳмат айтаман», — дейди.
Маҳмуд Османнинг таъкидлашича, ҳанафийлик мазҳаби имоми Абу Ҳанифа аёлларга раҳбарлик даражасида имконият бериш масаласини маъқуллаган тарихдаги ягона имом бўлган. Ҳанафийликда аёлларга ҳатто қозилик қилишга ҳам рухсат берилган.
Семинар модератори, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори Нигора Юсупова «Аслида жуда оғир, мураккаб, ҳар томонлама фикр-хулоса қилиб ечим бериладиган жараён. Демак, исломдаги энг юқори лавозимлардан бири қозилик ҳам аёлларга мумкин дейиляпти. Бу эса уларнинг давлатдаги раҳбарлик даражаларида ҳам фаолият олиб бориши мумкинлигига ишорадир», — дея қўшимча қилади.
Профессор Нигора Юсупова.
Профессор Абдуллаҳ Элнагарнинг фикрича, мазкур масаладаги энг катта далил бунинг ҳаётда содир бўлишидир. «Ҳозирги замонимизда аёллар давлат раҳбари, бош вазир, баъзан мудофаа вазири бўляпти. Университетларда ректор, факультет декани, шифохоналарда бош врачлар бўлишяпти. Улар орасидан қонуншунослиг-у бошқа соҳалардаги олимлар чиқяпти», — дея таъкидлайди Абдуллаҳ Элнагар.
Ал-Азҳар университети собиқ президенти, профессор Ибраҳим Элҳодҳод аксар жамиятларда аёллар фақат аёл бўлгани учун юқори лавозимларга лойиқ кўрилмаслигини қоралайди.
«Раҳбарлик лавозимларига ким муносиб бўлса, ўша тайинланиши керак. Аёлнинг лаёқати юқори бўла туриб, ундан даражаси пастроқ эркак фақат эркак бўлгани учун маълум мартабага қўйилиши адолатсизлик. Бу масала нафақат шахсий, балки ижтимоий ҳуқуқ ҳисобланади. Уни таъминлашда барча иштирок этиши керак», — дейди олим.
Профессор Маҳмуд Осман бунга ислом тарихидан далил келтиради. «Шифо бинти Абдуллоҳ ал-Адавийя деган аёлга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу идора, бозорлардаги нарх-наво, олди-сотдини назорат қилишни тайинлаганлар. Бу ҳозир тахминан таъминот вазири лавозимига тўғри келади», — дейди у.
«Уй ишларида фаол иштирок этиш эркакнинг қадрини туширмайди, аксинча оширади»
Профессор Маҳмуд Османнинг таъкидлашича, аксар жамиятларда аёлларга имконият яратиш эркаклар билан тўқнашув, тортишувга олиб келади, бу аёлларга душманлик, оила ҳаққини камайтириш, оилаларнинг бузилиб кетишига олиб келади, деган қарашлар бор. Олим буларнинг барини инкор этади.
«Аёлларга имконият бериш эркаклар билан тортишувга эмас — мукаммаллик, ўртадаги гармонияга олиб келади. Улар бир-бирини ўзаро тўлдиради. Ўрганишларимизга кўра, имконият берилган аёл оилани сақлаб қолишда кўпроқ кучга эга бўлади», — дейди профессор.
Маҳмуд Османнинг қайд этишича, ишлайдиган, бирор жойда раҳбарлик қиладиган аёлларга нисбатан «оиласини эплолмайди, болаларига ғамхўрлик қилолмайди» деган қараш ҳам бор. Унинг фикрича, агар бирор ишлаётган аёл оила ичида камчиликка йўл қўйса, бу айнан унга хос хусусият ҳисобланади. Бу барча ишлаётган аёллар ҳам шундай бўлади деган хулосани бермаслиги керак.
«Уламолар оила ва иш ўртасида мувозанатни маслаҳат беради. Аммо битта аёлнинг қилган иши бутун аёлларни имкониятдан тўсишга сабаб бўлмаслиги керак. Бир ўйлаб кўрайлик, қайсидир жамоада кўпчиликни бошқараётган аёл битта оилани эплай олмаслиги мумкинми? Агар университетнинг ректори сифатида ўнлаб факультетларни бошқараётган бўлса-ю, эри, икки ўғли ёки икки қизига қарай олмайдими? Бу ақлга ҳам тўғри келмайдиган фараз гап», — деди профессор.
Профессор Маҳмуд Осман — чапда.
Семинар иштирокчиси психолог Венера Эрматова маҳаллаларда зўравонлик ва ажрим масаласига оид иш тажрибаси билан бўлишди. У аёлларга «уйни эпласанггина ишла» деган шарт қўйилиши, аксарият эркаклар оиладаги вазифалар, масалан, болани боғчаю мактабдан олиб келишни ўзига эп кўрмай «мен даюс эмасман, нимага аёлнинг ишини қилишим керак?», дейишларига кўп гувоҳ бўлган.
Яна бир тажрибасида 15 ёшли ўғил бола «Мен опам дарс қилаётганда ўзим овқат иситиб, ўзим идишимни юваман», деганда тенгдошлари уни аёлларнинг ишини қилаётганда айблаб, устидан кулганини айтиб берган.
«Бугунги кунда аёллар оилага ҳам, ишга ҳам тенгдек улгуришга ҳаракат қиляпти. Аммо аёлга имкон яратиш дегани, бу ўша уйдаги эрнинг ҳам оилавий-маиший масалаларда иштирок этиши эмасми? Бу ғуруридан воз кечиш, даюсликни англатмаса керак. Шунақа ҳолатларда одамларга қандай тушунтириш олиб борайлик?», — дея маърузачиларга савол йўллади психолог.
Профессор Маҳмуд Осман бу ерда эркакларнинг нотўғри маданияти шаклланиб қолгани, уйдаги ҳамма ишга аёл масъул бўлиши керак деган фикр ҳам нотўғри эканини таъкидлади.
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам оилалари хизматида бўлганлар. олимлари уларнинг хамир қорганлари, эчки соғганлари, овқат тайёрлашда қатнашганларини айтишади. Пайғамбар алайҳиссалом аёллар ҳақида гап кетганда „Уларни фақат олийжаноб инсон ҳурмат қилади, уларни фақат пасткаш инсон хорлайди“, деганлар. Пайғамбаримизга эргашган инсон оиласида меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва масъулиятни бўлишишга ҳаракат қилади. Нисо сураси, 19-оятда ҳам „Улар билан яхшилик ила муомала қилингиз“, деб марҳамат қилинган», — деди Маҳмуд Осман.
Профессор бу борада ўзининг тажрибасини ҳам айтиб кетади. «Аёлимга 20 ёшида уйланганман. У уй хизматини қила олмасди. Ўзим ошхонада овқат пиширар, идиш-товоқ ювардим. Биринчи фарзандимиз икки ёшга киргунича ҳам болага асосан мен қараганман. Аёлим бунга қодир бўлган, мендан ёрдам сўрамасди, лекин ўзим кўмаклашардим. Бу ишларни пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга иқтидо қилиб, унинг суннати деб, савоб ниятида амалга оширардим», — деди Маҳмуд Осман.
Профессор семинарда иштирок этаётган диний етакчиларга мурожаат қилиб, бу масалада одамлар орасида тўғри маданиятни шакллантиришга ундади. «Уй ишлари билан шуғулланиш, пишириш-у, уй тозалашда иштирок этиш, болаларини мактабга олиб бориб, олиб келиш эркакнинг қадрини туширмайди, аксинча кўтаради», — деди у.

Ал-Азҳар вакилларининг таъкидлашича, ана шу муаммоларга ечим сифатида Мисрда никоҳга тайёрлов курслари йўлга қўйилган. «Никоҳланувчиларга оилавий ҳаётдаги ҳуқуқ ва масъулиятлар, ўзаро ҳурмат, репродуктив саломатлик ҳамда соғлом оилавий муносабатлар ҳақида тушунчалар берилади. Шунингдек, курсларда оилада ўзаро қўллаб-қувватлаш ва турмуш ўртоқларнинг бир-бирига ёрдам беришига оид мавзулар ҳам қамраб олинган», — дейди улар.
Қолаверса, эркак ва аёллар ўртасидаги ҳамкорликни сериаллар, драматик кўрсатувлар орқали одамларга етказиб, бу маданиятни шакллантириш мумкин. Масалан, Мисрда шу йўналишда «Менинг аёлим директор» деган фильм суратга олинган.
Профессор Маҳмуд Осман «Аёлларга имконият бериш мусулмонларга четдан сингдириляпти, бу Ғарбга эргашиш ҳисобланади» дейдиганлар ҳам борлигини инкор этмайди. «Лекин [юқоридаги далиллардан кўриниб турибдики], аёлнинг имкониятлари исломда бундан 14 аср олдин ҳал қилинган эди. Бизнинг динимизда бу масала БМТ ёки бошқа фондлар пайдо бўлишидан ҳам олдин бор эди. Шундай экан, ихтилофларга не ҳожат?», — дейди профессор.
У семинарнинг мазкур сессиясини якунлар экан, иштирокчи имом ва отинойиларга мурожаат қилиб, oдамларга маъруза қилаётганда аёлларга имконият яратиш шаръан ва ақлан зарур эканини юқорида келтирилган далиллар асосида тушунтиришга чақирди.
Семинарнинг эрта турмуш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонлик мавзуларига бағишланган сессиясини алоҳида материалларда тақдим этамиз.




