Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни урбанизация ва шаҳарсозлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш юзасидан тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Тақдимотда, хусусан, шаҳарсозлик соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш масаласи кўриб чиқилди. Ноқонуний ва рухсатсиз қурилишлар, қурилиш муддатларининг сунъий равишда узайтирилиши, ер участкаларидан самарасиз фойдаланиш каби муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилди.
Амалдаги жарималар таъсирчан эмаслиги кўрсатиб ўтилди. 2025 йилда 1952 та ноқонуний қурилиш аниқланган. Шу муносабат билан ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкцияларни кучайтириш таклиф қилинди.
Бош режа ва мастер-режалар
Тақдимотда қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатда шаҳар аҳолиси улуши 50 фоиздан ошди ва келгуси йилларда мазкур кўрсаткич яна ўсиши кутилмоқда. Аҳоли сони ва қурилиш суръатлари ортиб бораётгани шаҳарсозлик режаларини замонавий талаблар асосида ишлаб чиқиш, яшил ҳудудларни сақлаш, тарихий-маданий меросни муҳофаза қилиш, муҳандислик ва транспорт инфратузилмасини уйғун ривожлантиришни тобора долзарб қилиб қўймоқда.
Бугунги кунда республикадаги 8604 та аҳоли пунктидан 2506 таси ёки 29 фоизи бош режалар билан қамраб олинган. 2026 йилда яна 154 та, 2027 йилда эса 144 та аҳоли пункти учун бош режалар ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Мавжуд бош режаларнинг 1044 таси электрон шаклга ўтказилган.
Шу билан бирга, алоҳида ҳудудларни ривожлантириш бўйича 2024−2025 йилларда 275 та мастер-режа ишлаб чиқилган бўлса-да, уларнинг ягона ҳисоби юритилмаган, бош режалар билан ўзаро боғланмаган. Бу эса ҳудудларни комплекс ривожлантириш, инфратузилма, транспорт, муҳандислик тармоқлари ва ижтимоий объектларни уйғун режалаштиришда қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Шу муносабат билан бош режа ва мастер-режалар билан ишлашнинг янги тизими таклиф этилди. Унга кўра, биринчи босқичда бош режалар бўйича маълумотлар тўлиқ жамланади ва актуаллаштирилади, иккинчи босқичда рақамлаштириш ишлари амалга оширилади, учинчи босқичда мониторинг тизими йўлга қўйилади, тўртинчи босқичда эса комплекс ахборот-таҳлил тизими шакллантирилади.
Бу жараёнда шаҳарсозлик ҳужжатларининг ягона электрон реестри юритилади. Рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлар юридик кучга эга бўлмаслиги белгиланади.
Урбанизация марказига шаҳарсозлик геоахборот тизимини юритиш, комплекс қурилиш жараёнларида топогеодезия ишларини мувофиқлаштириш ва ҳудудий архитектура-режалаштириш кенгашларининг фаолиятини услубий таъминлаш каби қўшимча вазифалар юкланади.
Урбанистика учун кадрлар
Тақдимотда, шунингдек, урбанистика, геодезия, кадастр, лойиҳалаш, агломерацияларни бошқариш ва геоахборот тизимлари билан ишлай оладиган ўрта ва олий бўғин мутахассисларига эҳтиёж ортиб бораётгани қайд этилди.
Шу мақсадда Тошкент геодезия ва картография техникумини Урбанистика, геодезия ва кадастр техникуми сифатида қайта ташкил этиш таклиф қилинди. Унда ўрта бўғин учун ўлчовчи мутахассислар, кадастр ва геодезия, компьютер графикаси дизайн операторлари ҳамда компьютер кадастр дастурлари йўналишларида кадрлар тайёрланади.
Олий таълим тизимида Тошкент архитектура-қурилиш университетида «Замонавий урбанистика ва агломерацияларни бошқариш» факультетини очиш режалаштирилган.
Барча ҳудудларда урбанистика, лойиҳалаштириш ва архитектура йўналишларини бир жойда жамлайдиган креатив парклар ташкил этиш ҳам таклиф қилинди. Уларда лабораториялар, конструкторлик устахоналари, дастурий таъминот, лойиҳалаш хизматлари, онбординг, нетворкинг ва коворкинг майдонлари ташкил этилади.
Креатив парк резидентларига жисмоний шахслар даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар бериш кўзда тутилмоқда.
Қурилишни рақамлаштириш
Тақдимотда қурилиш жараёнларини рақамлаштириш алоҳида муҳокама қилинди. Битта қурилиш объекти бўйича маълумотлар ҳозирда бир нечта ахборот тизимларида алоҳида юритилмоқда. UzKad, E-auksion, E-qaror, «Шаффоф қурилиш», «Менинг уйим» каби тизимлардаги маълумотлар ўзаро боғланмагани сабабли ер участкаси, лойиҳа ҳужжатлари, экспертиза, қурилишга рухсатнома ва объектни фойдаланишга топширишгача бўлган жараёнлар тарқоқ ҳолда шаклланмоқда.
Шу муносабат билан қурилиш жараёнларига ягона идентификатор, ҳудуднинг рақамли паспорти, лойиҳанинг рақамли паспорти ва объектнинг рақамли паспортини жорий этиш таклиф қилинди. Бу объектнинг бутун ҳаёт циклини ягона рақамли контурда қамраб олиш имконини беради.
Аввалроқ президент шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат эски уй-жой фондини янгилаш, реновация ҳудудларини белгилаш, аҳолининг розилигини олиш, компенсация тўлаш ва кўчиришни тартибга солади. 1991 йилгача қурилган 17 мингта уй ўрнига замонавий кўп қаватли уйлар барпо этилиши мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистонда уй-жой олувчиларнинг маблағларини ҳимоялаш ва қурилиш жараёнларини шаффофлаштиришга қаратилган улушли қурилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, президентга тақдим этилди. Биргина ўтган йилнинг ўзида қарийб 3000 нафар фуқарога 668 млрд сўмлик зарар етгани билдирилди.
