Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси машинада унутиб қолдирилиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова хабар қилди.

Қайд этилишича, ҳолат тумандаги Зафар маҳалласида фаолият юритган якка тартибдаги тадбиркор О.А.га тегишли оилавий боғчада юз берган. Муассаса ходимларининг совуққонлиги ва эътиборсизлиги сабабли 3 ёшли бола транспорт воситаси ичида қолдириб кетилган ва ҳалок бўлган.

Таъкидланишича, мазкур боғча раҳбарияти ва масъул ходимлари болаларни автотранспортда ташиш қоидаларига риоя этиш бўйича мунтазам равишда огоҳлантириб келинган.

«Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади вазирлик баёнотида. Фожиадан сўнг тадбиркор О.А. билан тузилган битим ҳужжатлари бекор қилинган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида 5 июнь куни гумонланувчи шахс (автотранспорт ҳайдовчиси) процессуал тартибда ушланган.

Вазирлик вафот этган боланинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, вазиятга дахлдор барча масъулларга қатъий чора кўрилишини маълум қилди.

Шунингдек, ММТВ ота-оналарга мурожаат қилиб, амалдаги тартибга биноан болаларнинг таълим ташкилотларига хавфсиз келиб-кетишини таъминлаш уларнинг асосий вазифаларидан бири эканини эслатиб ўтди ва фарзандларининг хавфсизлигига эътиборли бўлишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг июнь ойида ҳам Қашқадарёда 2 ёшли қиз боғча директорининг машинаси ичида қолиб вафот этганди. Косон туманидаги хусусий боғча директори бир гуруҳ болаларни Spark автомобилида боғчага олиб борган. Бироқ улардан бири — 2 ёшли қизча соатлаб эшиклари ёпиқ машина ичида қолиб кетган. Суд томонидан боғча раҳбари 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган.