Андижон вилояти Марҳамат туманида тиббиёт бирлашмасининг тўрт нафар техник ходими бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда туман ҳокимлиги матбуот хизмати.
Ҳодиса 10 июнь куни соат 11:00 атрофида туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий поликлиника ҳудудида содир бўлган.
Вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, бирлашма қоровуллари Л.Қ ва Қ.М, ҳайдовчи И.Н ва электр муҳандиси М.М. оқова ва чиқинди сувлар тўпланадиган бункерни тозалаш ва таъмирлаш мақсадида унинг ичига тушган.
Улар бункер ичида заҳарланиб, суюқ ахлат ичига тушиб кетган ва воқеа жойида вафот этган. Тезкор қутқарув ҳаракатлари давомида фуқароларнинг мурдалари бункер ичидан чиқарилиб, ўлими сабаблари шунингдек, бошқа ҳолатларни аниқлаш мақсадида суд-тиббий ва бошқа зарур экспертизалар тайинланган.
«Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур ҳолат техника хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмагани натижасида содир бўлган», — дейилади ҳокимлик хабарда.
Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Тергов назоратга олинган бўлиб, якунига кўра айбдор шахсларнинг айблилик масаласи ҳал этилиши билан бир қаторда, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади Андижон вилояти прокуратураси баёнотида.