Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компанияси Тошкент-Андижон ва Тошкент-Термиз йўналишлари учун саккизта замонавий юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоезд етказиб беришни режалаштирмоқда. Бу масала Кореяда «Ўзбекистон темир йўллари» ва Hyundai Rotem компанияси раҳбарияти ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги.
10 июнь куни Корея Республикасида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бош муҳандиси Шарофиддин Қодиров, Транспорт вазирлиги бўлим бошлиғи Анвар Душаев ҳамда Hyundai Rotem компанияси президенти Ли Ён Бэ иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда томонлар темир йўл соҳасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.
Хусусан, «Ўзбекистон темир йўллари» учун ишлаб чиқарилаётган «Жалолиддин Мангуберди» номли юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездни етказиб бериш лойиҳасининг амалга оширилиш жараёни кўриб чиқилди. Томонлар лойиҳани белгиланган муддатларда бажариш масаласи юзасидан ахборот алмашди.
Шунингдек, Тошкент-Андижон ва Тошкент-Термиз йўналишларида юқори тезликдаги поездлар ҳаракатини ташкил этиш режалари муҳокама қилинди. Бу мақсадда саккизта замонавий юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездни етказиб бериш лойиҳаси бўйича техник шартларни якуний келишиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олган.
Эслатиб ўтамиз, Hyundai Rotem компанияси Ўзбекистонга «Жалолиддин Мангуберди» номли иккита юқори тезликдаги электропоездни етказиб берган. Gazeta ёзганидек, у муддатидан олдин — 17 ой ичида қуриб битказилган ва ўтган йилнинг декабрь ойида «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясига топширилган. Ҳозирда улар Тошкент — Хива — Тошкент йўналишида мунтазам қатновга чиқарилган.
Аввалроқ транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Тошкент — Андижон ва Тошкент — Термиз темирйўл линияларини модернизация қилиш, шунингдек, мазкур йўналишларда 8 та юқори тезликдаги Hyundai Rotem электропоездини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, Тошкент — Андижон ва Тошкент — Термиз йўналишлари учун тоғли ҳудудлар ва довонлар орқали ҳаракатлана оладиган махсус поезд таркибларини харид қилиш режалаштирилган. Шунингдек, қўшимча равишда яна 4 та «Жалолиддин Мангуберди» поездини сотиб олиш кўзда тутилмоқда.
Hyundai Rotem компанияси 2024 йил июнь ойида Корея Республикасининг ўша пайтдаги президенти Юн Сок Ёльнинг Тошкентга ташрифи доирасида «Ўзбекистон темир йўллари» билан 6 та электропоездни (жами 42 та вагон) етказиб бериш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзолаган. Лойиҳанинг умумий қиймати 220,03 млн евро деб баҳоланмоқда. Корея Эксимбанки 185,18 млн евро эквивалентидаги қарз маблағини корея вонида 40 йил муддатга, шу жумладан 10 йиллик имтиёзли давр билан ажратиши белгиланган. Қолган бешта таркиб 2027 йил якунига қадар келиши керак. Иккинчи таркиб аллақачон қуриб битказилган ва тез орада Ўзбекистонга жўнатилади.