Фирибгарликда айбланиб халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Молдовадан экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Интерполнинг Ўзбекистон ва Молдовадаги миллий марказий бюролари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланиб қидирувда бўлган шахс Кишинёв шаҳридан Ўзбекистонга олиб келинган.


Мазкур шахсга нисбатан халқаро қидирув Ўзбекистон Интерпол Миллий марказий бюроси ташаббуси билан Интерпол каналлари орқали эълон қилинган. Қидирувдаги шахснинг жойлашган манзилини аниқлаш ва уни қўлга олиш мақсадида Ўзбекистон ва Молдова Интерпол бюролари ўртасида доимий ахборот алмашинуви ҳамда мувофиқлаштирилган ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Тезкор-қидирув тадбирлари давомида қидирувдаги шахснинг турган жойи аниқланиб, Молдова ҳудудида қўлга олинган.
Зарур экстрадиция жараёнлари якунланганидан кейин у жиноий жавобгарликка тортиш учун Ўзбекистоннинг ваколатли органларига топширилган.
Аввалроқ Туркияда Ўзбекистон томонидан қидирилаётган икки аёл қўлга олиниб, ватанга қайтарилган эди. Улардан бири 6 йилдан буён қидирувда бўлиб, фуқароларни АҚШ ва Европага ишга юбориш учун йирик миқдордаги маблағларини ўзлаштирганликда айбланмоқда. Иккинчиси эса одам савдоси жинояти бўйича гумонланмоқда.


