Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонуни имзолади. Ҳужжат 2025 йил 9 сентябрида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 2026 йил 7 апрелида Сенат томонидан маъқулланган эди.
Қонун илк бор шаҳарсозлик реновацияси лойиҳаларини амалга оширишнинг ягона қоидаларини белгилайди. Унда ҳудудларни аниқлаш, жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш, мулкдорлар билан келишиш, компенсация тўлаш, кўчириш, инвесторларни жалб қилиш ҳамда лойиҳалар ижросини назорат қилиш тартиблари қамраб олинган.
Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради. Бундан ҳукумат ва бошқа ваколатли органлар икки ой ичида тегишли қонуности ҳужжатлари ҳамда тартибларни тасдиқлаши лозим бўлган айрим нормалар мустасно.
Шаҳарсозлик реновацияси нима?
Қонунда шаҳарсозлик реновацияси деганда аҳоли пунктлари ҳудудларини меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи тушунилади.
Реновация мақсади — эскирган, яшаш ва фойдаланиш учун яроқсиз деб топилган, авария ҳолатига келиб қолган уй-жой фондини инсон яшаши ва фойдаланиши учун яроқли ҳолатга келтириш, ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир қиладиган ҳолатларни бартараф этиш, уй-жой фондидан фойдаланиш қулайлигини ва самарадорлигини ошириш ҳамда ундаги шароитларни яхшилаш, замонавий талабларга жавоб берадиган муҳандислик коммуникацияларини ва ижтимоий инфратузилмани яратиш, энергия самарадорлиги кўрсаткичларини яхшилаш.
Шаҳарсозлик реновацияси реновация лойиҳасига асосан амалга ошириладиган қуйидаги турлардан иборат:
- мавжуд объектни асосий конструкциясини ўзгартирмасдан реконструкция қилиш;
- мавжуд объектни бузиш ва бўшаган ер участкасида бузилган объект тоифасидаги янги объектни қуриш;
- яшил ҳудудларни ва бошқа ҳудудий зоналарни ташкил этиш.
Қонунда реновация жараёнлари мулкдорларнинг ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши алоҳида таъкидланган. Хусусан, реновация ихтиёрийлик, очиқлик, шаффофлик, тенглик, хусусий мулк дахлсизлиги тамойиллари асосида ўтказилиши, атроф-муҳитга зарар етказилишига йўл қўймаслик, шунингдек, ижтимоий ва иқтисодий самарадорлик ҳамда энергия самарадорлигини таъминлаш талабларига мувофиқ бўлиши белгиланган.
Қайси ҳудудлар реновацияга тушиши мумкин?
Реновация аҳоли пунктларининг бош режалари ва комплекс дастурлари асосида амалга оширилади. Реновация ҳудуди шаҳарсозлик ҳужжатлари, объектларнинг ҳолати, муҳандислик ва ижтимоий инфратузилма, транспортдан фойдаланиш имкониятлари, экологик омиллар ҳамда лойиҳанинг аҳоли ҳаётига таъсирини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши керак.
Ҳудудда эскирган, яшаш ёки фойдаланиш учун яроқсиз, авария ҳолатидаги турар ва нотурар жой объектлари мавжуд бўлганда, шунингдек, мазкур ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир кўрсатаётган ҳолатлар аниқланганда реновация ташаббуси билан чиқиш мумкин.
Шу билан бирга, қонун реновация лойиҳалари учун чекловларни ҳам белгилайди. Хусусан, алоҳида тарихий, маданий, ижтимоий ёки иқтисодий аҳамиятга эга объектлар ва ҳудудлар, шунингдек, маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳамда бошқа нормаларга мувофиқ сақланиши лозим бўлган жойлар реновация ҳудудига киритилиши мумкин эмас.
Ҳужжатда қайд этилишича, реновацияни режалаштиришда яшил ҳудудлар (реновация ҳудудининг камида 25 фоизи), ҳудуднинг экологик барқарорлиги, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжлари, транспорт ва муҳандислик тармоқларига тушадиган юклама ҳисобга олиниши лозим. Агар мавжуд инфратузилмага юклама меъёрдан ошса, коммуникация тармоқлари ҳам янгиланиши керак. Шунингдек, мактаблар, болалар боғчалари, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий объектлардан фойдаланиш имконияти таъминланиши шарт.
Реновация ташаббуси билан кимлар чиқиши мумкин?
Шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш бўйича таклиф қуйидаги субъектлар ташаббусига кўра киритилиши мумкин:
- давлат ташаббусига кўра;
- ҳуқуқ эгалари — турар жойлар, нотурар жойлар ёки бошқа кўчмас мулк объектлари мулкдорлари ташаббусига кўра;
- учинчи шахслар, жумладан инвесторлар ташаббусига кўра.
Агар ташаббускор давлат бўлса, таклифни туман ёки шаҳар ҳокимликлари, давлат органлари ёки уларга бўйсунувчи ташкилотлар киритиши мумкин. Агар ташаббус мулкдорлардан чиқса, улар реновация бўйича таклиф ва лойиҳа концепциясини тайёрлаши керак. Учинчи шахслар ҳам реновация лойиҳасини таклиф қилиши мумкин, бироқ унинг кейинги амалга оширилиши белгиланган тартиб-таомиллардан ўтишига боғлиқ бўлади.
Дастлабки босқичда реновация лойиҳасининг концепцияси ишлаб чиқилади. Унда ҳудуднинг тахминий чегаралари, янгиланиши режалаштирилган объектлар, қурилишнинг эҳтимолий параметрлари, молиялаштириш манбалари, аҳоли, инфратузилма ва атроф-муҳитга таъсирнинг дастлабки баҳоси акс эттирилиши лозим.
Шундан сўнг лойиҳа ҳуқуқ эгалари иштирокида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши керак.
Реновация дастури нималарни ўз ичига олади?
Фото: Шухрат Латипов / Gazeta
Жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиб, зарур розиликлар олинганидан кейин реновация дастури ишлаб чиқилади. У қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
- реновация ҳудудининг харитаси;
- реконструкция қилиниши, бузилиши ёки янгидан қурилиши режалаштирилган турар ва нотурар жой объектлари рўйхати;
- муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма ҳақидаги маълумотлар;
- келажакда қуриладиган янги уй-жойлардан квартира оладиган ҳуқуқ эгалари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек уларни вақтинча уйларга жойлаштириш ва ижара тўловларини қоплаш тартиби;
- эҳтимолий инвестор ва молиялаштириш манбалари тўғрисидаги маълумотлар;
- молиялаштириш манбалари етарли бўлмаган тақдирда, учинчи шахслар маблағларини фойдани тенг улушларда тақсимлаш шартлари асосида жалб қилиш бўйича инвестиция дастури;
- лойиҳани амалга ошириш муддатлари ва босқичлари.
Дастур лойиҳа даражасига қараб бир ой муддатда маҳаллий кенгашлар, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенеси, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан тасдиқланади. Шундан сўнг улар реновация дастурига киритиш учун республика ва ҳудудий реновация кенгашларига тақдим этилади.
Давлат ёки ҳуқуқ эгалари ташаббуси билан бошланган реновация лойиҳаси реновация дастурига киритилганидан кейин эҳтимолий инвесторлар ва қурилиш ташкилотларини аниқлаш мақсадида энг яхши таклифни танлаб олиш бўйича танлов орқали амалга оширилади. Бунда танлов ҳудудни алоҳида лотларга бўлган ҳолда ҳам ўтказилиши мумкин.
Жамоатчилик муҳокамаси қандай ўтказилади?
Қонунга кўра, реновация лойиҳалари бўйича ҳуқуқ эгалари иштирокида очиқ жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш мажбурий ҳисобланади. Муҳокама реновация концепцияси ишлаб чиқилганидан кейин икки ой ичида лойиҳа ташаббускорлари томонидан ташкил этилиши керак. Шунингдек, лойиҳанинг ўзи камида 15 кун давомида муҳокама учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталига жойлаштирилиши лозим.
Муҳокама ўтказилишидан камида етти кун олдин ҳуқуқ эгаларига йиғилиш вақти ва жойи кўрсатилган ёзма хабарномалар юборилиши шарт. Шу билан бирга, бу ҳақдаги маълумотлар «Шаҳарсозлик реновацияси» электрон платформаси, тегишли туман ёки шаҳар ҳокимлиги сайти, оммавий ахборот воситалари ҳамда давлат органларининг расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинади.
Муҳокама лойиҳа ташаббускорлари томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият вакиллари иштирокида ўтказилади. Жараён тўлиқ аудио ва видео ёзувга олиниши керак. Учрашув давомида ҳокимлик ҳуқуқ эгаларига тегишли турар ёки нотурар жой объекти ҳамда унга туташ ҳудудда реновация ўтказишнинг мақсадлари, шартлари ва истиқболларини тушунтириши, шунингдек, уларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиши лозим.
Муҳокама якунлари бўйича баённома тузилади. Унда йиғилиш ўтказилган вақт ва жой, иштирокчилар таркиби, кун тартиби ҳамда билдирилган фикрлар акс эттирилади. Баённомага иштирокчилар рўйхати, шунингдек муҳокаманинг аудио ва видео ёзувлари илова қилинади. Ҳужжат лойиҳа ташаббускори ва муҳокамада қатнашган барча ҳуқуқ эгалари ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади. Баённоманинг асли ҳокимликка тақдим этилади.
Реновация лойиҳаси концепцияси ҳар бир объект бўйича ҳуқуқ эгаларининг камида тўртдан беш қисми (80 фоизи)нинг нотариал тасдиқланган розилиги мавжуд бўлган тақдирдагина шаҳарсозлик реновацияси дастурига киритилиши мумкин.
Фақат фуқаролар ҳаёти ва хавфсизлиги учун хавфли ёки авария ҳолатида деб топилган кўп квартирали уйлар бундан мустасно. Бундай уйлар ҳуқуқ эгаларининг 80 фоиз розилигисиз ҳам реновация дастурига киритиш учун таклиф қилиниши мумкин.
Аҳоли розилиги: қандай меъёр белгиланган?
Фото: Шухрат Латипов / Gazeta
Қонундаги энг муҳим масалалардан бири мулкдорларнинг розилиги ҳисобланади.
Ҳудудни реновация дастурига киритиш учун реновация режалаштирилган ҳудудда жойлашган объектлар ҳуқуқ эгаларининг камида тўртдан беш қисми, яъни 80 фоизининг ёзма ва нотариал тасдиқланган розилиги талаб этилади.
Агар реновация ҳудудига кўп квартирали уй киритилса, худди шу тартиб қўлланади — бунда ҳам камида 80 фоиз хонадон мулкдорларининг розилиги олиниши лозим. Шу билан бирга, қонун аҳоли ва бошқа ҳуқуқ эгалари иштирокида очиқ жамоатчилик муҳокамасини ўтказишни назарда тутади.
Бироқ 80 фоиз розиликнинг мавжудлиги объектнинг автоматик тарзда бузилишини англатмайди. Реновация дастури тасдиқланганидан кейин ҳар бир мулкдор билан компенсация ёки лойиҳада иштирок этиш шартлари бўйича алоҳида шартнома тузилиши керак. Муайян мулкдорнинг ҳуқуқлари ҳал этилмасдан туриб, унинг мулки маъмурий қарор асосида олиб қўйилиши ёки бузилиши мумкин эмас.
Ўзбекистонда турар жойларни реновация қилиш лойиҳаларини мулкдорларнинг тахминан 80 фоизи розилиги асосида амалга ошириш режалаштирилмоқда. Илк таклифларда эса барча, яъни 100 фоиз аҳоли розилиги талаб қилиниши кўзда тутилган эди. «Ҳа, мулк ҳуқуқи деган тушунча бор. Лекин бир инсон сабабли қолган барча одамлар зарар кўрмаслиги керак», — деган эди Урбанизация қўмитаси раҳбари.
Компенсациялар: уй-жой, пул ёки бошқа объект
Қонунда реновация доирасида ҳуқуқ эгаларига қандай турдаги компенсациялар тақдим этилиши белгиланган. Улар қаторига компенсация пул шаклида тўланганда турар ва нотурар жой объектларининг бозор қиймати, ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати, шунингдек, унда жойлашган кўп йиллик дарахтларнинг қиймати киради.
Бундан ташқари, ҳуқуқ эгаларига кўчиш харажатлари ҳамда бошқа турар ёки нотурар жойни вақтинча ижарага олиш билан боғлиқ сарф-харажатлар қоплаб берилиши керак. Компенсация таркибига ер участкаси ва ундаги объектлардан фойдаланиш натижасида олиниши мумкин бўлган бой берилган икки йиллик фойда, шунингдек, келишувда назарда тутилган бошқа харажатлар ва зарарлар ҳам киритилади.
Компенсация миқдори ҳуқуқ эгаси ва Дирекция ўртасидаги келишув асосида белгиланади. Агар томонлар келишувга эриша олмаса, уни суд белгилайди. Шунингдек, реновация билан боғлиқ ноқулайликлар учун ҳуқуқ эгасига компенсация суммасининг қўшимча 12 фоизи тўлаб берилади.
Агар шахсда уй-жойга оид ҳужжатлар бўлмаса, аммо у мазкур мулкка 15 йил давомида ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келган ҳамда солиқ тўлаб келган бўлса ҳам, объект қиймати қоплаб берилади. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари эса аввал қонунийлаштирилиши лозим.
Компенсация қуйидаги шаклларга эга бўлган кетма-кетликда бўлиши мумкин:
- шаҳарсозлик реновацияси амалга ошириладиган ҳудудда янги қуриладиган турар ва нотурар жой тоифасидаги объектни мулк қилиб бериш;
- бошқа жойдан турар ва нотурар жой тоифасидаги объектни мулк қилиб бериш;
- пул маблағлари;
- келишув битимида назарда тутилган бошқа шакллар.
Агар мулкдорга янги уй-жой берилса, унинг майдони аввалги уй-жой майдонидан кам бўлмаслиги керак. Янги уй-жой яшаш учун тўлиқ тайёр ҳолатда топширилиши лозим ва биринчи навбатда пастки қаватлардан таклиф қилиниши шарт.
Агар компенсация бошқа ҳудуддаги объект билан таъминланса, у, қоида тариқасида, бузилаётган объект жойлашган туман ёки шаҳар ҳудудида бўлиши керак. Бироқ ҳуқуқ эгасининг танловига кўра, турар ёки нотурар жой Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудидан ҳам берилиши мумкин.
Пул компенсацияси миллий валютада банк орқали ва келишувда белгиланган муддатларда тўланади.
Келишув имзолангандан кейин кўчмас мулк белгиланган тартибда Дирекция балансига ўтказилади. Келишувда компенсациянинг тури, миқдори ва тақдим этиш муддатлари, шунингдек, компенсация тўлиқ тўланган ёки объект топширилганидан кейин кўчмас мулкни бўшатиш муддати кўрсатилади. Бу муддат компенсация тўлиқ олинган кундан бошлаб ҳисобланади ва олти ойдан ошмаслиги керак.
Вақтинчалик уй-жой ва ижара харажатлари
Фото: Шухрат Латипов / Gazeta
Агар мулкдор янги объект топширилишидан олдин мавжуд уй-жойини бўшатиши керак бўлса, лойиҳа дирекцияси уни вақтинчалик турар жой билан таъминлаши ёки ижара харажатларини қоплаб бериши шарт.
Вақтинчалик уй-жой яшаш учун яроқли бўлиши лозим. Агар у бошқа туман ҳудудида жойлашган бўлса ёки оиланинг эҳтиёжларига жавоб бермаса, мулкдор уни қабул қилмаслик ва мустақил равишда уй-жой ижарага олиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолда ижара харажатлари келишувда белгиланган тартибда қоплаб берилади.
Бундан ташқари, қонун кўчиш билан боғлиқ харажатлар ва кўчирилиш натижасида юзага келган бошқа зарарларни ҳам қоплашни назарда тутади. Кўчиш харажатлари миқдори томонлар ўртасидаги келишув асосида, келишувга эришилмаган тақдирда эса суд томонидан белгиланади.
Агар қурилиш ишлари ва янги объектни топшириш жараёни 24 ойдан ортиқ муддатга чўзилиб кетса, дирекция ҳар бир кечиктирилган кун учун компенсация суммасининг 0,05 фоизи миқдорида пеня тўлаши керак бўлади.
Рози бўлмаган мулкдорлар билан нима бўлади?
Қонун ихтиёрийлик ва хусусий мулк дахлсизлиги тамойилларига асосланади.
Ҳужжатга кўра, ҳуқуқ эгаси билан келишувга эришилмаган тақдирда унга босим ўтказиш тақиқланади. Уни шартномани имзолашга мажбурлаш мақсадида мулкидан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини чеклаш мумкин эмас.
Хусусан, турар, нотурар, ишлаб чиқариш ва бошқа биноларни сув, канализация, электр энергияси, алоқа, иситиш ва газ тармоқларидан узиб қўйиш тақиқланади. Шунингдек, мулкка кириш йўлларини тўсиб қўйиш ёки ҳуқуқ эгасининг ўз мулкидан одатдагидек фойдаланишига тўсқинлик қилувчи шароитлар яратишга йўл қўйилмайди.
Агар мулкдорларнинг бир қисми реновацияга рози бўлмаса, компенсация ва сотиб олиш билан боғлиқ масалалар суд тартибида ҳал қилиниши мумкин.
Қонунда ҳуқуқ эгаси билан келишувга эришилмаган, меросхўрлар аниқланмаган, мулк ҳуқуқлари расмийлаштирилмаган ёки бошқа ҳуқуқий тўсиқлар мавжуд бўлган ҳолларда судга мурожаат қилиш имконияти назарда тутилган.
Мулкий низоларни кўриб чиқиш жараёнида суд мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги ва унинг кафолатларини таъминлаши шарт.
Суд қарори чиқмагунча объект ўзбошимчалик билан бузилиши мумкин эмас.
Аҳоли ва бизнес ўртасидаги можароларнинг олдини олиш мақсадида реновациянинг дастлабки босқичида давлат инвестиция компаниялари иштирок этади. Улар аввал рози бўлган мулкдорлар улушини 80 фоизга етказиши, қолганлари билан боғлиқ низоларни ҳал қилиши ва шундан кейингина тайёр участкаларни аукционга чиқариши керак бўлади.
«80 фоизга келишув бўлгандан кейин, ўша инвест компаниянинг ҳуқуқи бор. Қолган 20 фоизга айтадики, „Эй, барака топгур,“ дейди, „мен 80 фоизи билан келишдим. Квадрат метр ўртача нархи шунча бўлди. Менда энди судга киритиш ваколатим бор. Кел, келишайлик“, дейди. Яъни, мана, 80 фоизнинг ҳуқуқи бор-да, 80 фоизнинг ҳам ҳуқуқини ўйлайлик. Майли, бизнинг мулк ҳуқуқи деган тушунчамиз бор, лекин битта мен деб ҳамма одам буерда жабр чекмаслиги керак-ку», — деган эди Урбанизация вауй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев аввалроқ.
Шерзод Кудбиев. Фото: Урбанизация вауй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси
Мулкдорларнинг лойиҳада иштирок этиши
Ҳуқуқ эгаси реновация доирасида фақат компенсация олиш билан чекланиб қолмай, лойиҳада иштирокчи сифатида ҳам қатнашиши мумкин.
Қонун мулкдорнинг ўз улушини — масалан, мулки ёки мулкий ҳуқуқларини — лойиҳага қўшган ҳолда иштирок этиш имкониятини назарда тутади. Бундай ҳолатда у тузилган келишувга мувофиқ лойиҳанинг фойдаси ва зарарларини тақсимлашда иштирок этиши мумкин.
Улушдор сифатида қатнашган шахс компенсация сифатида қурилаётган объектдаги улушнинг бир қисмини олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Давлат ва реновация жамғармаларининг роли
Реновация жараёнларини бошқариш учун давлат органлари ва махсус жамғармалар тизими ташкил этилади.
Республика даражасида мувофиқлаштириш ишларини Республика реновация кенгаши амалга оширади. Вазирлар Маҳкамаси эса лойиҳаларни амалга ошириш, маблағларни тақсимлаш, жамғармалар фаолияти, инвесторларни танлаш ва назорат қилиш билан боғлиқ тартибларни тасдиқлайди.
Маҳаллий кенгашлар ва ҳокимликлар реновация ҳудудларини белгилаш, жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш, дастурларни тасдиқлаш, аҳоли билан ишлашни мувофиқлаштириш ҳамда лойиҳалар ижросини назорат қилишда иштирок этади.
Қонунда Реновацияни қўллаб-қувватлаш республика жамғармаси ва ҳудудий жамғармаларни ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Уларнинг маблағлари лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ҳудудларни тайёрлаш, компенсациялар тўлаш, объектларни реконструкция қилиш ёки қуриш, шунингдек, хусусий инвесторлар учун жозибадор бўлмаган ҳудудлардаги авария ҳолатидаги ва эскирган уй-жойларни янгилашга йўналтирилиши мумкин.
Жамғармалар маблағлари давлат бюджети, захира жамғармалари, халқаро молия институтлари ва донорлар маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.
Лойиҳа дирекцияси
Ҳар бир реновация лойиҳаси учун алоҳида дирекция ташкил этилиши мумкин. У лойиҳани амалга ошириш бўйича оператор вазифасини бажаради ҳамда мулкдорлар, инвесторлар, давлат органлари ва пудратчилар билан ҳамкорлик қилади.
Дирекция мулкни баҳолашни ташкил этади, ҳуқуқ эгалари билан келишувлар тузади, компенсациялар тўланишини, аҳолининг вақтинча жойлаштирилишини, ҳудудни тайёрлаш ишларини таъминлайди, шунингдек, муддатлар ва мажбуриятлар бажарилиши устидан назорат олиб боради.
Айнан дирекция мулкдорлар билан нотариал тасдиқланган келишувлар тузади. Ушбу келишувларда компенсация шакли, миқдори ва муддатлари, мулкни топшириш тартиби, томонларнинг жавобгарлиги ҳамда бошқа шартлар кўрсатилиши лозим.
Қонунчиликни мослаштириш
Қонун Ер кодекси, Уй-жой кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳам ўзгартишлар киритади.
Хусусан, Уй-жой кодексига уй-жойи реновация лойиҳаларига тушган фуқароларга компенсация бериш тартибига оид нормалар киритилмоқда.
Ўтиш даври қоидаларига кўра, қонун кучга кирганидан кейин ҳукумат, вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини янги қонун талабларига мувофиқлаштириши керак.
Қонун кучга кирганидан сўнг икки ой ичида Вазирлар Маҳкамаси бир қатор низомларни тасдиқлаши лозим. Улар қаторида республика ва ҳудудий жамғармалар фаолияти тартиби, инвесторлар ва қурилиш ташкилотларини танлаш тартиби, объектларни баҳолаш қоидалари, компенсация тўлаш механизмлари ҳамда бошқа тартиблар бор.
Шунингдек, қонунда ушбу муддат ичида аввал инвесторларга ажратилган, аммо самарасиз фойдаланилаётган ёки қурилиш ишлари бошланмаган реновация ҳудудлари ҳуқуқ эгалари билан келишилиши шартлиги белгиланган.
Агар ҳуқуқ эгаларининг камида 80 фоизидан розилик олинмаса, ажратилган ер участкалари, шунингдек, турар ва нотурар жой объектлари тегишли туман ёки шаҳар ҳокимликлари тасарруфига қайтарилади.
Март ойи бошида сентябрда депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган реновация тўғрисидаги қонун қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги маълум бўлди. 5 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов журналист саволига жавоб берар экан, урбанизация қўмитаси раиси Шерзод Кудбиевга паст овозда Сенат қонун лойиҳасини қайтарган бўлиши мумкинлигини айтди, чунки «аҳолининг 100% розилигини олишнинг иложи йўқ». Бу суҳбат парчаси микрофонга тушиб қолган.
Ҳужжат уй-жой мулкдорларининг 100% розилигини назарда тутган эди. Қурилиш соҳаси вакиллари таъкидлашича, музокаралар кўп ҳолларда компенсация бўйича юқори талаблар сабаб тўхтаб қолади, айрим мулкдорларнинг рад жавоби эса лойиҳаларни тўсиб қўяди.
Шу муносабат билан, кўпчилик (масалан, 70−80%) розилигига эришилгандан кейин қолган мулкдорларни суд орқали мажбурий сотиш ёки уларнинг мулкини амалга оширилган битимлар асосида шаклланган ўртача бозор нархида сотиб олиш каби ёндашувлар кўриб чиқилди.
