2027 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудларида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти иштирокида ишлаб чиқилган Саратонга қарши курашиш миллий дастури босқичма-босқич жорий этилади. Бу ҳақда Президентга онкологик ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти пайтида маълум қилинди.
Мамлакатда аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон турлари бўйича мақсадли тиббий текширувлар қамровини 60 фоизга етказиш, шунингдек, онкологик касалликларга чалинган беморларнинг беш йиллик яшаб қолиш кўрсаткичини 35 фоиздан камида 45 фоизга ошириш мақсад қилинган.
Шунингдек, бирламчи тиббий-санитария бўғини ходимларининг онкологик ҳушёрлиги оширилади. Улар саратон касалликларининг илк белгиларига эрта ташхис қўйиш ва беморларни ўз вақтида ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига йўналтириш бўйича қайта тайёрловдан ўтказилади.
Шунингдек, халқаро тавсиялар асосида клиник қўлланмалар қабул қилиниб, онкология соҳасида ташхис қўйиш ва беморни даволашда турли йўналиш мутахассислари иштирок этадиган мультидисциплинар ёндашув жорий этилади.
Энг кўп учрайдиган онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилади.
Нур терапияси хизмати ҳам модернизация қилиниши режалаштирилган. Хусусан, эскирган кобальт қурилмалари босқичма-босқич замонавий чизиқли тезлатгичларга алмаштирилади, юқори дозали брахитерапия имкониятлари эса кенгайтирилади.
Тақдимотда гематологик ва онкогематологик касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш чоралари ҳам муҳокама қилинди.
2026−2030 йилларда бундай касалликларни эрта босқичда аниқлаш улушини ҳозирги 30−40 фоиздан 60 фоизга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, ташхис қўйилганидан кейин трансплантация ўтказишгача бўлган муддатни 6 ойдан 3 ойгача қисқартириш чоралари кўрилади.
Шунингдек, гематологик касалликларга чалинган беморларни ихтисослаштирилган тиббий ёрдам билан 100 фоиз қамраб олиш, шунингдек, ҳудудларда гемопоэтик ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиётини босқичма-босқич йўлга қўйиш режалаштирилган.
Тақдимотда давлат тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Хусусан, камида 15 йиллик меҳнат стажига эга ходимларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичида ўқиши учун йиллик контракт тўловининг бир қисмини қоплаб бериш, шунингдек, ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олишда бошланғич бадалнинг маълум қисмини компенсация қилиш таклиф этилди.