Шавкат Мирзиёев онкологик ва гематологик тиббий ёрдам ҳамда паллиатив хизматни такомиллаштиришга оид таклифлар билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
2030 йилгача аҳолини паллиатив ва ҳоспис ёрдами билан қамраб олиш даражасини камида 80 фоизга етказиш режалаштирилган.
Бунинг учун 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда тиббий ва ижтимоий хизматларни интеграция қилиш асосида паллиатив ва ҳоспис ёрдамини кўрсатишнинг ягона тизими жорий этилади. Паллиатив ёрдамга муҳтож шахсларни аниқлаш, йўналтириш, ҳисобга олиш ва уларга хизмат кўрсатиш жараёнлари электрон ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Шунингдек, беморларга уй шароитида тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатувчи кўчма паллиатив ёрдам бригадалари фаолияти йўлга қўйилади. Стационар паллиатив ёрдам эса давлат ва нодавлат тиббиёт муассасалари, шунингдек, ҳоспислар томонидан кўрсатилади.
Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳоспис муассасалари босқичма-босқич ташкил этилади. Тошкент шаҳарлараро паллиатив ва ҳоспис ёрдамини методик жиҳатдан бошқарувчи ҳамда ҳудудларда бундай хизматларни ташкил этишга кўмаклашувчи масъул муассаса сифатида белгиланади.
Таъкидлаш жоизки, Тошкентдаги ҳоспис ҳали фаолият бошлагани йўқ. Аввалроқ у биринчи чорак охирида ишга туширилиши кутилган эди. Gazeta манбасига кўра, унинг тахминий очилиш санаси 9 июль этиб белгиланган.
Дастлабки паллиатив ёрдам кўчма бригадалари Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ташкил этилади. Улар онкологик касалликлар туфайли паллиатив ва ҳоспис ёрдамига муҳтож беморларга уй шароитида тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатади.
Самарқанд вилоятида оғир ва даволаб бўлмайдиган касалликларга чалинган болалар учун ҳоспис шаклидаги паллиатив ёрдам маркази ташкил этилади.
Ҳозир мамлакатда фаолият юритаётган ягона болалар ҳосписи — Taskin бўлиб, у Тошкент шаҳрида хизмат кўрсатмоқда.
Паллиатив ва ҳоспис ёрдамига муҳтож сифатида электрон ахборот тизимида рўйхатга олинган беморларга тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси қарори асосида қўшимча тиббий текширувлар ва кўрикларсиз ногиронлик белгиланади.
Уй шароитида парваришга муҳтож беморлар учун ваучер тизими орқали функционал тўшаклар ва махсус матраслар ажратиб берилади.
Шунингдек, маҳалла даражасида паллиатив ёрдам кўрсатиш ҳамда уйда парвариш ва қараб туриш хизматларини йўлга қўйиш имкониятлари яратилади. Беморлар оила аъзолари учун эса «Оилавий қўллаб-қувватлаш» хизмати жорий этилиши кўзда тутилган.