• Ср. Июл 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда интернет орқали наркотик моддалар айланмасига қарши чоралар кучайтирилади


Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Тақдимотда идоралараро ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган «Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида ахборот берилди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда нарковазият жиддий ўзгариб, анъанавий гиёҳвандлик воситаларининг ўрнини синтетик наркотиклар эгалламоқда. Уларни тарқатиш усуллари ҳам ўзгариб, асосан, интернет орқали контактсиз шаклда амалга оширилмоқда. Шунингдек, мамлакат ичкарисида яширин лабораториялар пайдо бўлаётгани ушбу соҳада ҳуқуқий ва ташкилий механизмларни тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Янги қонун лойиҳасида давлат сиёсатининг 7 та асосий йўналиши белгиланмоқда. Улар орасида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда «гиёҳвандликка қарши иммунитет»ни шакллантириш, интернет орқали содир этилаётган наркожиноятларга барҳам бериш, гиёҳвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация тизимини такомиллаштириш каби чоралар мавжуд.

Лойиҳада наркотиклар айланмаси, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишда бевосита иштирок этувчи 14 та давлат органининг вазифа ва ваколатлари аниқ белгиланиши назарда тутилган. Қонуний муомаладаги моддалар устидан давлат назорати кучайтирилиб, уларни олиб киришдан тортиб, реализация қилишгача бўлган жараёнлар узлуксиз электрон назорат қилинади.

Прекурсорлар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар муомаласини қатъий тартибга солишни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Бу борада электрон назорат тизимини жорий этиш, ноқонуний ҳолатларга қарши идоралараро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Президент гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшлар орасида мазкур иллатнинг тарқалишига қатъий чек қўйиш, шунингдек, йўлларда инсон ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича таклифларни маъқуллади. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *