Тарихдаги энг қиммат мундиал бўлиши кутилаётган футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати бошланишига ҳам оз вақт қолди. Gazeta ўтган вақт мобайнида мусобақа гуруҳлари ва ундаги иштирокчи терма жамоалар ҳақида маълумот берганди.
Шунингдек, футболчиларнинг майдонга кийиб тушадиган либосларини ким ва қандай дизайнлаштиргани ҳақида материал эълон қилинган. Эндиги навбат бу йирик турнирни ўтказиши кутилаётган стадионларга.
Учта мамлакатда бўлиб ўтадиган мундиал доирасида стадионлар турлича тақсимланган. Канадада 2 та, Мексикада 3 та, АҚШда 11 та стадион учрашувларни қабул қилиши режалаштирилган. Мазкур материалда бу 16 та арена ва унда қайси ўйинлар ўтказилишига тўхталамиз.
Материалда ишлатилган ва манбаси кўрсатилмаган барча суратлар FIFA расмий сайтидан олинди.
Дастлаб ушбу 16 та стадион номлари ва уларнинг айнан қаерда жойлашганини кўриб чиқсак:
- «Метлайф Стэдиум» (MetLife Stadium, Ист-Ратерфорд, АҚШ);
- «Соу-Фай Стэдиум» (SoFi Stadium, Инглвуд, АҚШ);
- «Эй-ти-энд-ти Стэдиум» (AT&T Stadium, Арлингтон, АҚШ);
- «Ливайс Стэдиум» (Levi’s Stadium, Санта-Клара, АҚШ);
- «Ҳард Рок Стэдиум» (Hard Rock Stadium, Майами-Гарденс, АҚШ);
- «Мерседес-Бенц Стэдиум» (Mercedes-Benz Stadium, Атланта, АҚШ);
- «Люмен Филд» (Lumen Field, Сиэтл, АҚШ);
- «Эн-ар-жи Стэдиум» (NRG Stadium, Хьюстон, АҚШ);
- «Жилетт Стэдиум» (Gillette Stadium, Фоксборо, АҚШ);
- «Линкольн Файненшел Филд» (Lincoln Financial Field, Филадельфия, АҚШ);
- «Эрроуҳед Стэдиум» (Arrowhead Stadium, Канзас-Сити, АҚШ);
- «Эстадио Ацтека» (Estadio Azteca, Мехико, Мексика);
- «Акрон Стэдиум» (Estadio Akron, вадалахара, Мексика);
- «Эстадио ББВА» (Estadio BBVA, Монтеррей, Мексика);
- «БМО Филд» (BMO Field, Торонто, Канада);
- «Би-си Плэйс» (BC Place, Ванкувер, Канада).
АҚШдаги ареналар
«Метлайф Стэдиум» (New York New Jersey Stadium)
Мазкур стадион АҚШнинг Нью-Жерси штати Ист-Ратерфорд шаҳрида жойлашган. Унинг қурилиши 2007 йил 5 сентябрда бошланган бўлиб, 2010 йил 10 апрелда фойдаланишга топширилган. Стадион Миллий футбол лигаси (NFL)нинг «Нью-Йорк Жайантс» ва «Нью-Йорк Жетс» клублари учун уй аренаси ҳисобланади.
Иншоот қурилишига 1,6 млрд доллар сарфланган бўлиб, дунёдаги энг қиммат спорт ареналаридан биридир. Стадион 82,5 минг нафар томошабинни қабул қилиш имкониятига эга. 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг финал учрашувини айнан шу стадион қабул қилади.

Мазкур стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 14 июнь, якшанба. Бразилия — Марокаш (C гуруҳи)
- 17 июнь, чоршанба. Франция — Сенегал (I гуруҳи)
- 23 июнь, сешанба. Норвегия — Сенегал (I гуруҳи)
- 26 июнь, жума. Эквадор — Германия (E гуруҳи)
- 28 июнь, якшанба. Панама — Англия (L гуруҳи)
- 1 июль, чоршанба. 1/16 финал
- 6 июль, душанба. 1/8 финал
- 20 июль, душанба. Финал
«Соу-Фай Стэдиум» (Los Angeles Stadium)

АҚШнинг Калифорния штати Инглвуд шаҳрида жойлашган стадион қурилиши 2016 йил 17 ноябрда бошланган ва 2020 йил 8 сентябрда фойдаланишга топширилган. Иншоот қурилиши учун 5−6 млрд доллар сарфланган бўлиб, у ҳам дунёдаги энг қиммат спорт ареналаридан бири ҳисобланади.
«Соу-Фай Стэдиум» NFL’нинг «Лос-Анжелес Рэмс» ва «Лос-Анжелес Чаржерс» клублари учун уй аренаси саналади. Стадион 70 240 нафар томошабинни сиғдира олади.

Мазкур стадионда ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 13 июнь, шанба. АҚШ — Парагвай (D гуруҳи)
- 16 июнь, сешанба. Эрон — Янги Зеландия (G гуруҳи)
- 19 июнь, жума. Швейцария — Босния ва Герцеговина (B гуруҳи)
- 22 июнь, душанба. Бельгия — Эрон (G гуруҳи)
- 26 июнь, жума. Туркия — АҚШ (D гуруҳи)
- 29 июнь, душанба. 1/16 финал
- 3 июль, жума. 1/16 финал
- 11 июль, шанба. ¼ финал
«Эй-ти-энд-ти Стэдиум» (Dallas Stadium)

АҚШнинг Техас штати Арлингтон шаҳрида жойлашган арена қурилиши 2005 йилда бошланган ва 2009 йил 27 майда фойдаланишга топширилган. Иншоот қурилиши учун 1,3 млрд доллар сарфланган.
Стадион сиғими 80 минг томошабинни ташкил этади, аммо қўшимча жойлар ҳисобидан бу кўрсаткични 105 минг нафаргача ошириш мумкин. «Эй-ти-энд-ти Стэдиум» NFL’нинг машҳур «Даллас Ковбойс» клуби учун уй аренаси саналади.
Стадион Жаҳон чемпионатининг ярим финал учрашувларидан бирига мезбонлик қилади.

Мазкур стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 15 июнь, душанба. Нидерландия — Япония (F гуруҳи)
- 18 июнь, пайшанба. Англия — Хорватия (L гуруҳи)
- 22 июнь, душанба. Аргентина — Австрия (J гуруҳи)
- 26 июнь, жума. Япония — Швеция (F гуруҳи)
- 28 июнь, якшанба. Иордания — Аргентина (J гуруҳи)
- 30 июнь, сешанба. 1/16 финал
- 3 июль, жума. 1/16 финал
- 7 июль, сешанба. 1/8 финал
- 15 июль, чоршанба. ½ финал
«Ливайс Стэдиум» (San Francisco Bay Area Stadium)

Мазкур стадион АҚШнинг Калифорния штати Санта-Клара шаҳрида жойлашган бўлиб, NFL’нинг «Сан-Франциско Форти Найнерс» клуби учун уй аренаси саналади.
Стадион қурилиши 2012 йилда бошланган ва 2014 йил 17 июлда фойдаланишга топширилган. Иншоот учун 1,3 млрд доллар сарфланган бўлиб, унинг сиғими турли тадбирларга қараб 68,5 мингдан 75 минг нафаргача томошабинни ташкил этади.

Мазкур стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 14 июнь, якшанба. Қатар — Швейцария (B гуруҳи)
- 17 июнь, чоршанба. Австрия — Иордания (J гуруҳи)
- 20 июнь, шанба. Туркия — Парагвай (D гуруҳи)
- 23 июнь, сешанба. Иордания — Жазоир (J гуруҳи)
- 26 июнь, жума. Парагвай — Австралия (D гуруҳи)
- 2 июль, пайшанба. 1/16 финал
«Ҳард Рок Стэдиум» (Miami Stadium)

Мазкур стадион АҚШнинг Флорида штати Майами-Гарденс шаҳрида жойлашган. У 1985 йилда қурилган бўлиб, 1987 йил 16 августда расман фойдаланишга топширилган. Стадион NFL’нинг «Майами Долфинс» клуби учун уй аренаси ҳисобланади.
Шунингдек, у футбол, бейсбол, теннис ва бошқа спорт турлари бўйича йирик мусобақаларга мезбонлик қилиб келади. Арена футбол учрашувларида 65 326 нафар томошабинни қабул қила олади. Стадион ўз номини Hard Rock International компанияси билан тузилган ҳомийлик келишуви асосида олган.

Мазкур стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 16 июнь, сешанба. Саудия Арабистони — Уругвай (H гуруҳи)
- 22 июнь, якшанба. Уругвай — Кабо-Верде (H гуруҳи)
- 25 июнь, пайшанба. Шотландия — Бразилия (C гуруҳи)
- 28 июнь, якшанба. Колумбия — Португалия (K гуруҳи)
- 4 июль, шанба. 1/16 финал
- 12 июль, якшанба. ¼ финал
- 19 июль, якшанба. Учинчи ўрин учун баҳс
«Мерседес-Бенц Стэдиум» (Atlanta Stadium)

Мазкур стадион АҚШнинг Жоржия штати Атланта шаҳрида жойлашган. Унинг қурилиши 2014 йилда бошланган бўлиб, 2017 йил 26 августда расман фойдаланишга топширилган. Иншоот қурилиши учун қарийб 1,6 млрд доллар сарфланган. Стадион футбол учрашувларида 71 минг томошабинни қабул қила олади.
«Мерседес-Бенц Стэдиум» NFL’нинг «Атланта Фэлконс» ҳамда MLS’нинг «Атланта Юнайтед» клублари учун уй аренаси саналади. Ўз номини Mercedes-Benz компанияси билан тузилган узоқ муддатли ҳомийлик келишуви асосида олган.
Бу арена Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 3-турдан ўрин олган баҳси — Конго ДРга қарши ўйинга мезбонлик қилади. Шу билан бирга, ярим финал учрашувларидан бири ҳам айни ушбу стадионда ўтказилади.

Бу стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 15 июнь, душанба. Испания — Кабо-Верде (H гуруҳи)
- 18 июнь, пайшанба. Чехия — ЖАР (A гуруҳи)
- 21 июнь, якшанба. Испания — Саудия Арабистони (H гуруҳи)
- 25 июнь, пайшанба. Марокаш — Гаити (C гуруҳи)
- 28 июнь, якшанба. Конго — Ўзбекистон (K гуруҳи)
- 1 июль, чоршанба. 1/16 финал
- 7 июль, сешанба. 1/8 финал
- 16 июль, пайшанба. Ярим финал
«Люмен Филд» (Seattle Stadium)

АҚШнинг Вашингтон штати Сиэтл шаҳрида жойлашган стадион қурилиши 2000 йилда якунланган бўлиб, арена 2002 йил 28 июлда расман очилган. Арена NFL’нинг «Сиэтл Сихокс» ҳамда MLS’нинг «Сиэтл Саундерс» клублари учун уй майдони саналади. Футбол учрашувларида у қарийб 69 минг нафар томошабинни қабул қила олади.

Мазкур стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 16 июнь, душанба. Бельгия — Миср (G гуруҳи)
- 20 июнь, шанба. АҚШ — Австралия (B гуруҳи)
- 25 июнь, пайшанба. Босния ва Герцеговина — Қатар (B гуруҳи)
- 27 июнь, шанба. Миср — Эрон (G гуруҳи)
- 2 июль, пайшанба. 1/16 финал
- 7 июль, сешанба. 1/8 финал
«Эн-ар-жи Стэдиум» (Houston Stadium)

Мазкур стадион АҚШнинг Техас штати Хьюстон шаҳрида жойлашган. Унинг қурилиши 2000 йилда бошланган бўлиб, арена 2002 йил 24 августда расман очилган. Иншоот NFL’нинг «Ҳьюстон Тексанс» клуби учун уй майдони ҳисобланади.
Стадион 72 мингдан ортиқ томошабинни қабул қила олади ҳамда АҚШдаги илк замонавий очилиб-ёпиладиган томга эга ареналардан бири саналади. Мазкур арена икки марта Супербоул финалига мезбонлик қилган. Шунингдек, бу ерда Америка кубоги-2016, CONCACAF Gold Cup ва кўплаб йирик халқаро спорт мусобақалари ўтказилган.
Ўзбекистоннинг Криштиану Роналду етакчилигидаги Португалияга қарши баҳси айни мазкур стадионда бўлиб ўтади.

Бу стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 14 июнь, якшанба. Германия — Кюрасао (E гуруҳи)
- 17 июнь, чоршанба. Португалия — Конго (K гуруҳи)
- 20 июнь, шанба. Нидерландия — Швеция (F гуруҳи)
- 23 июнь, сешанба. Португалия — Ўзбекистон (K гуруҳи)
- 27 июнь, шанба. Кабо-Верде — Саудия Арабистони (H гуруҳи)
- 29 июнь, душанба. 1/16 финал
- 4 июль, шанба. 1/8 финал
«Жилетт Стэдиум»

АҚШнинг Массачусетс штати Фоксборо шаҳрида жойлашган стадион 2002 йилда қуриб битказилган бўлиб, ўша йилнинг 11 май куни расман очилган.
Стадион NFL’нинг «Нью-Ингленд Пэтриотс» ҳамда MLS’нинг «Нью-Ингленд Революшн» клублари учун уй аренаси ҳисобланади. Унинг сиғими қарийб 65 минг томошабинни ташкил этади. Арена АҚШнинг энг машҳур спорт иншоотларидан бири бўлиб, бу ерда кўплаб йирик концертлар ҳам ўтказилган.

Мазкур стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 13 июнь, шанба. Гаити — Шотландия (C гуруҳи)
- 16 июнь, сешанба. Ироқ — Норвегия (I гуруҳи)
- 19 июнь, жума. Шотландия — Марокаш (C гуруҳи)
- 23 июнь, сешанба. Англия — Гана (L гуруҳи)
- 26 июнь, жума. Норвегия — Франция (I гуруҳи)
- 29 июнь, душанба. 1/16 финал
- 9 июль, пайшанба. ¼ финал
«Линкольн Файненшел Филд» (Philadelphia Stadium)

Мазкур стадион АҚШнинг Пенсильвания штати Филадельфия шаҳрида жойлашган. Унинг қурилиши 2001 йилда бошланган бўлиб, 2003 йил 3 августда расман очилган.
Стадион NFL’нинг «Филадельфия Иглз» клуби учун уй аренаси ҳисобланади. Унинг сиғими қарийб 68 минг томошабинни ташкил этади. Арена ўз номини Lincoln Financial Group компанияси билан тузилган ҳомийлик келишуви асосида олган.

Мазкур стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 15 июнь, душанба. Кот-д’Ивуар — Эквадор (E гуруҳи)
- 20 июнь, шанба. Бразилия — Гаити (C гуруҳи)
- 23 июнь, сешанба. Франция — Ироқ (I гуруҳи)
- 26 июнь, жума. Кюрасао — Кот-д’Ивуар (E гуруҳи)
- 28 июнь, якшанба. Хорватия — Гана (L гуруҳи)
- 5 июль, якшанба. 1/8 финал
«Эрроуҳед Стэдиум» (Kansas City Stadium)

Мазкур стадион АҚШнинг Миссури штати Канзас-Сити шаҳрида жойлашган. Унинг қурилиши 1968 йилда бошланган бўлиб, арена 1972 йил 12 августда расман очилган.
Стадион NFL’нинг «Канзас-Сити Чифс» клуби учун уй майдони ҳисобланади. Унинг сиғими 76 мингдан ортиқ томошабинни ташкил этади. «Эрроуҳед Стэдиум» NFL мухлислари орасида бетакрор муҳити билан машҳур. Стадион бир неча бор реконструкция қилинган бўлиб, бугунги кунда АҚШдаги замонавий ареналардан бири саналади.

Мазкур стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 17 июнь, чоршанба. Аргентина — Жазоир (J гуруҳи)
- 21 июнь, якшанба. Эквадор — Кюрасао (E гуруҳи)
- 26 июнь, жума. Тунис — Нидерландия (F гуруҳи)
- 28 июнь, якшанба. Жазоир — Австрия (J гуруҳи)
- 4 июль, шанба. 1/16 финал
- 12 июль, якшанба. ¼ финал
Мексика
«Эстадио Ацтека» (Mexico City Stadium)

Мазкур стадион Мексика пойтахти Мехико шаҳрида жойлашган бўлиб, дунё футболидаги энг машҳур ареналардан бири ҳисобланади. У 1966 йил 29 майда очилган ва 80 мингдан ортиқ томошабинни қабул қила олади. «Ацтека» Мексика миллий терма жамоаси учун асосий стадионлардан бири саналади.
Эътиборли жиҳати, «Ацтека» Жаҳон чемпионати финалига икки марта мезбонлик қилган ягона стадион саналади. Бу ерда 1970 йилги мундиал финалида Бразилия Италияни, 1986 йилги финалда эса Аргентина Германияни мағлуб этган. Шунингдек, айнан шу стадионда Диего Марадонанинг машҳур «Худонинг қўли» голи киритилган.
«Эстадио Ацтека» 18 июнь куни Ўзбекистоннинг Колумбия билан ўйинига мезбонлик қилиши кутилмоқда.

Мазкур стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 12 июнь, жума. Мексика — ЖАР (A гуруҳи)
- 18 июнь, пайшанба. Ўзбекистон — Колумбия (K гуруҳи)
- 25 июнь, пайшанба. Мексика — Чехия (A гуруҳи)
- 1 июль, чоршанба. 1/16 финал
- 7 июль, сешанба. 1/8 финал
«Акрон Стэдиум» (Guadalajara Stadium)

Мазкур стадион Мексиканинг Гвадалахара шаҳрида жойлашган бўлиб, мамлакатдаги энг замонавий футбол ареналаридан бири ҳисобланади. У 2010 йил 30 июлда очилган ва қарийб 49 минг томошабинни қабул қила олади.
Стадион Мексиканинг машҳур «Гвадалахара» клуби учун уй аренаси ҳисобланади. Арена ўзининг замонавий архитектураси ва экологик ечимлари билан ажралиб туради.

Мазкур стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 12 июнь, жума. Корея — Чехия (A гуруҳи)
- 19 июнь, жума. Мексика — Корея (A гуруҳи)
- 24 июнь, чоршанба. Колумбия — Конго (K гуруҳи)
- 27 июнь, шанба. Уругвай — Испания (H гуруҳи)
«Эстадио ББВА» (Monterrey Stadium)

Мазкур стадион Мексиканинг Монтеррей шаҳрида жойлашган. У 2015 йилда очилган ва қарийб 53 минг томошабинни қабул қила олади. Стадион Мексиканинг машҳур «Монтеррей» клуби учун уй аренаси ҳисобланади. Арена Сьерра-Мадре тоғлари манзараси билан ажралиб туради.

Мазкур стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 15 июнь, душанба. Швеция — Тунис (F гуруҳи)
- 21 июнь, якшанба. Тунис — Япония (F гуруҳи)
- 25 июнь, пайшанба. ЖАР — Корея (A гуруҳи)
- 30 июнь, сешанба. 1/16 финал
Канада
«БМО Филд» (Toronto Stadium)

Мазкур стадион Торонто шаҳрида жойлашган бўлиб, мамлакатнинг энг машҳур футбол ареналаридан бири ҳисобланади. У 2007 йилда очилган ва кейинги йилларда бир неча босқичда реконструкция қилинган. Стадион MLS’нинг «Торонто» клуби учун уй майдони саналади. Шунингдек, у Канада миллий жамоасининг муҳим учрашувларига ҳам мунтазам мезбонлик қилиб келади.

Арена ўз номини Bank of Montreal (BMO) билан тузилган ҳомийлик келишуви асосида олган. Бу ерда футболдан ташқари регби ва бошқа йирик спорт мусобақалари ҳам ўтказилади.

Мазкур стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 13 июнь, шанба. Канада — Босния ва Герцеговина (B гуруҳи)
- 18 июнь, пайшанба. Гана — Панама (L гуруҳи)
- 21 июнь, якшанба. Германия — Кот-д’Ивуар (E гуруҳи)
- 24 июнь, чоршанба. Панама — Хорватия (L гуруҳи)
- 27 июнь, шанба. Сенегал — Ироқ (I гуруҳи)
- 3 июль, жума. 1/16 финал
«Би-си Плэйс» (BC Place Vancouver)

Мазкур стадион Канаданинг Ванкувер шаҳрида жойлашган бўлиб, мамлакатдаги энг машҳур спорт иншоотларидан бири ҳисобланади. У 1983 йилда очилган ва кейинчалик кенг кўламли реконструкция қилинган. Стадион Канада футбол лигасининг (CFL) «Бритиш Коламбия Лайонс» ҳамда MLS’нинг «Ванкувер Уайткэпс» клублари учун уй аренаси саналади, сиғими — 54 500 киши.

Унинг сиғими тадбир турига қараб 50 мингдан ортиқ томошабинни ташкил этади. «Би-Си Плэйс» 2010 йилги Қишки Олимпия ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимларига мезбонлик қилган.

Мазкур стадионда бўлиб ўтадиган учрашувлар рўйхати:
- 14 июнь, якшанба. Австралия — Туркия (D гуруҳи)
- 19 июнь, жума. Канада — Қатар (B гуруҳи)
- 22 июнь, душанба. Янги Зеландия — Миср (G гуруҳи)
- 25 июнь, пайшанба. Швейцария — Канада (B гуруҳи)
- 27 июнь, шанба. Янги Зеландия — Бельгия (G гуруҳи)
- 3 июль, жума. 1/16 финал
- 8 июль, чоршанба. 1/8 финал.
