10 июнь куни Остонада Марказий Осиё ва АҚШ вакиллари иштирокида С5+1 муҳим минераллар бўйича диалогнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон номидан тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов иштирок этди. АҚШ делегациясига АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор бошчилик қилди.
«Муҳим минераллар кундалик эҳтиёжларимиз ва технологияларимиз учун зарур — улар инфратузилма, саноат ва миллий мудофаа фаолиятини таъминлайди. Президент Трамп Марказий Осиёнинг муҳим ролини тушуниб турибди. С5 бўйича ишончли ҳамкорлар билан яқин шерикликда биз ушбу ресурслардан барқарор фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, барқарор, шаффоф ва бозорга йўналтирилган таъминот занжирларини яратиш устида ишлаяпмиз», — деб ёзди Гор X ижтимоий тармоғида.
Ўз чиқиши давомида Гор Марказий Осиё «Қўшма Штатлардан ўзи лойиқ бўлган эътиборни ололмаган»ини ва Дональд Трамп маъмурияти Марказий Осиёни ишончли ҳамкор ҳамда стратегик аҳамияти тобора ортиб бораётган минтақа сифатида кўраётганини таъкидлади, деб ёзади The Astana Times.
«Биз учун Марказий Осиё жуда муҳим. Биз жараёнларга жалб этилишни, шериклик муносабатларини мустаҳкамлашни ва ҳам Қўшма Штатлар, ҳам ушбу минтақа мамлакатлари учун фойдали бўладиган имкониятларни аниқлашни хоҳлаймиз», — деди АҚШ президентининг махсус вакили (бу ердаги ва кейинги иқтибослар The Astana Times`дан).
Гор муҳим минераллар таъминоти занжири Трамп маъмуриятининг асосий устувор йўналишларидан бири эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Халқаро молиявий ривожланиш корпорацияси (DFC) бутун Марказий Осиё бўйлаб муҳим минерал ресурслар, телекоммуникация ва инфратузилма лойиҳаларига инвестиция киритиш имкониятларини ўрганмоқда.
«DFC минтақанинг муҳим минерал ресурсларини саноат ривожланишининг янги даври асосига айлантириш учун салоҳиятни кўрмоқда. У шунингдек, телекоммуникация, инфратузилма ва боғлиқлик соҳаларида, жумладан, Транскаспий йўлаги бўйлаб имкониятларни эътироф этади, бу йўлак, бизнинг фикримизча, XXI асрнинг ҳал қилувчи савдо йўналишларидан бирига айланиши мумкин», — деди Гор.
- 2026 йил февралида АҚШ ва Ўзбекистон муҳим минералларни етказиб бериш соҳасида ўзаро англашув меморандумини имзолаганди. Ҳужжат Вашингтонда 54 давлат вакиллари иштирокида ўтган вазирлар учрашуви доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШ давлат котибининг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау томонидан имзоланган.